Norma.uz
СБХ / 2023 йил / № 10 / Бухгалтерга тавсиялар

Фойда солиғи ҳисоб-китобида бошқа даромадларни қандай акс эттириш керак

 

Бошқа даромадлар

Ҳисоб-китобга 1-илованинг 020-210-сатрларида акс эттирилмаган даромадларни 221–228-сатрларида акс эттиринг. 220-сатр автоматик тарзда 221–228-сатрлар йиғиндиси сифатида тўлади.

Бу даромадларга (СК 297-м.):

● РЕПО операциялари бўйича;

● қимматли қоғозлар ва (ёки) муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операциялар;

● роялти;

● илгари чегириб ташланган харажатлар ёки зарарларнинг ўрнини қоплаш тарзидаги;

● қарздор томонидан эътироф этилган, шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, шунингдек зарарларнинг ўрнини қоплаш суммалари;

● шакллантирилиш харажатлари таркибига қабул қилинган, қайта тикланган захиралар суммалари;

● иштирокчи ўз улушининг қийматини олишдан воз кечган тақдирда, устав фонди камайиши муносабати билан олган;

● товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб ҚҚС бўйича солиқ базасига тузатиш киритишдан олинган даромад – 2022 йилдан бошлаб (СК 248-м. 4-қ.);

● алоҳида ҳисоби мавжуд бўлмаган ва (ёки) улардан мақсадли фойдаланилмаган мақсадли маблағлар тарзидаги, бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари меъёрлари қўлланиладиган бюджет маблағларидан ташқари;

Даромадларнинг бошқа турлари ҳам бўлиши мумкин.

 

Ҳисоб-китобга 1-илованинг 221–228-сатрларида қуйидаги операциялар бўйича даромадларни акс эттирманг:

● бошқа корхона устав фондидаги улушини олиб чиқиб кетишидан;

● корхонанинг мол-мулк комплекси сифатида сотилишидан;

● мол-мулкни ишончли бошқарувдан;

● биргаликдаги фаолият иштирокидан;

● хизмат кўрсатувчи хўжаликлардан;

● муомалада бўлмаган қимматли қоғозлар ва муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операциялардан.

 

Улар Фойда солиғи ҳисоб-китобига 7-иловани тўлдиргандан кейин автоматик тарзда 1-илованинг ­200-сатрида акс этади.

Ушбу операциялар бўйича даромадларни аниқлашнинг ўзига хос хусусияти шундаки, даромад ушбу операциялар бўйича кўрилган зарарлар миқдорига камайиши мумкин (СК 336-м.).

 

РЕПО операциялари бўйича даромад

РЕПО операцияларида сиз қимматли қоғозларни сотасиз ва шу билан бирга уларни олдиндан келишилган нархда қайта сотиб олиш тўғрисида шартнома тузасиз. Ёки аксинча, қимматли қоғозларни сотиб оласиз ва шу билан бирга уларни олдиндан келишилган нархда қайтариб сотиш тўғрисида шартнома тузасиз. Бунда шартномада белгиланган сотиш (сотиб олиш) нархи уларнинг бозор нархларидан фарқ қилиши мумкин (СК 52-м.).

Яъни, РЕПО операцияси икки қисмдан иборат бўлади.

Сиз учун бу аввал сотиб олиш (операциянинг биринчи қисми), кейин сотиш (операциянинг иккинчи қисми) бўлиши мумкин. Ёки аксинча, аввал сотиш (операциянинг биринчи қисми) кейин сотиб олиш (операциянинг иккинчи қисми).

Солиқ солиш мақсадларида ушбу қимматли қоғозларнинг бозор қийматидан қатъи назар РЕПОнинг ҳам биринчи, ҳам иккинчи қисми бўйича реализация қилишнинг ҳақиқатдаги нархини қўлланг (СК 324-м. 14-қ.).

РЕПОнинг иккинчи қисми бўйича иштирокчилар мажбуриятларини бажариш санасига РЕПО операцияси бўйича даромадларни (харажатларни) тан олинг (СК 324-м. 8-қ.).

Агар сотиб олиш нархи сотиш нархидан паст бўлса, фарқни фоизли даромад сифатида тан олинг (СК 324-м. 5–6-қ.). Уни Ҳисоб-китобга 1-илованинг 221–228-сатрларидан бирида акс эттириб, жами даромад таркибига киритинг.

Бу фоизлар тарзидаги даромад бўлгани учун сиз уни Ҳисоб-китобга 1-илованинг 120-сатрида акс эттиришингиз мумкин. Асосийси, даромад фақат бир марта жами даромад таркибига киритилсин.

 

МИСОЛ. РЕПО шартномаси бўйича даромадни аниқлаш

Ҳисобот даврида РЕПО битими амалга оширилди, унга кўра корхона 80 минг сўмдан 1 000 та акция сотиб олди ва уни 100 минг сўмдан сотди.

Ҳисобот даврида корхона даромад суммасини қуйидагича тан олиши керак:

1 000 х (100 – 80) = 20 000 минг сўм.

 

Қимматли қоғозлар бўйича операциялардан даромад

Қимматли қоғозларни сотишдан тушадиган даромадни СК 327–329-моддаларидан келиб чиқиб аниқланг:

● сотиш нархи;

● харидор томонидан сизга тўланган фоизли даромаднинг йиғилган суммаси;

● қимматли қоғозлар эмитенти томонидан сизга тўланадиган фоизли даромадлар.

 

Илгари солиқ солишда ҳисобга олинган фоизли даромад суммасини даромадга қўшманг.

 

Қимматли қоғозларни сотишдан харажатларни қуйидагилардан келиб чиқиб аниқланг:

● сотиб олиш нархларидан;

● сотиш харажатларидан;

● қимматли қоғозлар сотувчисига тўланган, йиғилган фоизлар суммасидан. Шу билан бирга, илгари солиқ солишда ҳисобга олинган суммани харажатга қўшманг.

Қимматли қоғозларни сотишдан молиявий натижани (МН) формула бўйича аниқланг:

МН = Т – БҚққ + Ққб – Х сотиш,

бу ерда:

Т – қимматли қоғозларни сотишдан тушум;

БҚ – сотилган қимматли қоғозлар баланс қиймати;

Қ – қимматли қоғозлар қайта баҳолаш қолдиғи;

Х – қимматли қоғозларни сотиш бўйича харажатлар.

 

МИСОЛ. Акцияларни сотиш бўйича даромадни аниқлаш

Корхона акцияларини 30 000 минг сўмга сотди.

Акцияларнинг баланс қиймати – 25 000 минг сўм.

Акцияларни сотишдан даромад: 30 000 – 25 000 = 5 000 минг сўм.

Қимматли қоғозларни сотиш бўйича айланмаларга ҚҚС солинмайди (СК 244-м. 1-қ. 3-б.).

Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни


Сумма
минг сўм


Счётлар корреспонденцияси


Тасдиқловчи ҳужжатлар


дебет


кредит


Акцияларни сотишдан даромад акс эттирилди


30 000


4010


9220


Акцияларнинг олди-сотди шартномаси, депо ҳисобварағи кўчирмаси, ҳисобварақ-фактура


Акция баланс қиймати ҳисобдан чиқарилди


25000


9220


0610


Бухгалтерия ҳисоби


Акцияларни сотишдан натижа акс эттирилди


5 000


9220


9320


Бухгалтерия ҳисоби


 

 

Сотишдан олинган даромадни (5 000 минг сўм) Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 221–228-сатрларидан бирида акс эттиринг.

 

Жами даромадга қуйидагиларни қўшманг:

● акцияларни жойлаштириш нархининг уларнинг номинал қийматидан ортиқча суммасини (эмиссиявий даромад) (СК 304-м. 2-қ.);

● давлат заёмлари ва бошқа давлат қимматли қоғозларидан олинган даромадлар;

● Ўзбекистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари томонидан чиқарилган халқаро облигациялар бўйича даромадларни (СК 304-м. 19-қ.);

● фонд биржасида эмиссиявий қимматли қоғозларни сотишдан даромадларни (22.07.2008 йилдаги ­ЎРҚ-163-сон Қонун 16-м.).

 

Роялти кўринишидаги даромадлар

Интеллектуал активларни фойдаланишга топшириш орқали сиз роялти шаклида даромад оласиз. Бу қуйидагилардан фойдаланиш учун тўловлар (СК 44-м.):

● санъат, адабиёт, илм-фан асарлари учун муаллифлик ҳуқуқи;

● патентлар, товар белгилари, савдо маркалари ёки ҳуқуқнинг бошқа шунга ўхшаш турлари;

● саноат, тижорат ёки илмий тажрибага тааллуқли ахборотлар (ноу-хау).

Роялти кўринишидаги даромадларни ҳисоблаш усули билан 9510-«Роялти кўринишидаги даромадлар» счётида ҳисобга олинг. Ҳисоб-китобга 1-илованинг 221–228-сатрларидан бирида акс эттиринг.

 

Агар интеллектуал активларни фойдаланишга бериш ҳуқуқини тақдим этиш бўйича операциялар сизнинг асосий фаолиятингиз бўлса, улар бўйича даромадларни – хизматларни сотишдан олинган даромад сифатида Ҳисоб-китобга 1-илованинг 021–026-сатрларидан бирида акс эттиринг.

 

МИСОЛ. Роялти кўринишидаги даромадларни аниқлаш

Лицензиялаш шартномасига биноан корхона ихтиро учун патентдан фойдаланиш ҳуқуқини (мутлақ бўлмаган ҳуқуқ) 2 йил муддатга беради.

Шартномада назарда тутилганидек, лицензиат ҳар чоракда бир марта патентдан фойдаланиш учун 13 440 минг сўм миқдорида олдиндан тўлов тўлайди. Патентдан фойдаланиш ҳуқуқини бериш бўйича ҚҚСни ҳисоблаймиз: 13 440 4 / 112 х 12 = 1 440 минг сўм.

Чорак учун роялти кўринишидаги даромад суммаси: 13 440 – 1 440 = 12 000 минг сўмни ташкил этади. Уни Ҳисоб-китобга 1-илованинг 221-сатрида акс эттирамиз.

Ойлик даромад: 12 000 / 3 = 4 000 минг сўм.

ҚҚС: 1 440 / 3 = 480 минг сўм.

Номоддий активларнинг инкор этиб бўлмас ҳуқуқ асосида вақтинчалик фойдаланишга берилган тақдирда, у балансдан ҳисобдан чиқарилмайди. Актив бўйича эскиришни ҳисоблаш корхона томонидан амалга оширилади.

Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни


Сумма,
минг сўм


Счётлар корреспонденцияси


Тасдиқловчи ҳужжатлар


дебет


кредит


Роялти кўринишидаги бўнак тўлови қабул қилинди


13 440


5110


6310


Шартнома, банк кўчирмаси, ҳисобварақ-фактура


Ойлик роялти кўринишидаги даромад ҳисобланди


4 000


4850


9510


Шартнома, бухгалтерия ҳисоб-маълумотномаси


ҚҚС ҳисобланди


480


4850


6410


Ҳисобварақ-фактура


Бўнак ҳисобга олинди


4 860


6310


4850


Бухгалтерия ҳисоб-маълумотномаси


 

 

Илгари чегириб ташланган харажатлар ёки зарарлар ўрнини қоплаш

Олдинги даврларда жами даромаддан чегириб ташланган харажатлар ва (ёки) зарарларнинг ўрнини қоплашларни жами даромадга қўшинг (СК 297-м. 3-қ. 14-б.).

Уларга қуйидагиларни киритинг:

● илгари харажатларга киритилган, умидсиз деб тан олинган, жорий солиқ даврида қопланган, шу жумладан ҳуқуқларини ўтказиш орқали қопланган талаблар суммасини;

● харажатларни қоплаш учун Давлат бюджети маблағларидан олинган суммалар;

● суғурта ташкилоти ёки зарар етказган шахс томонидан тўланган зарарнинг компенсация суммаси. Суғурта шартномалари бўйича суғурта товони – бундан мустасно (СК 304-м. 10-б.);

● илгари чегирмалар жумласига киритилган бошқа компенсациялар (СК 301-м.).

 

Юқорида келтирилган даромадларни улар илгари чегирмалар жумласига киритилган харажатлар бўлганлиги учун ўша солиқ даврида тан олинг.

 

Ушбу даромадларни 9390-«Бошқа операцион даромадлар» счётининг кредитида бошқа даромадлар таркибида акс эттиринг.

 

МИСОЛ. Ҳисобдан чиқарилган мажбуриятни қоплашда даромадни аниқлаш

Корхона даъво қилиш муддати ўтган 2 300 минг сўм дебиторлик қарзини ҳисобдан чиқарди.

Бухгалтерия ҳисоб-китобида ҳисобдан чиқарилган қарздорлик СКнинг 313-моддасига асосан корхона харажати сифатида тан олиниб, фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланган.

Кейинги ҳисобот даврида, ҳисобдан чиқарилган қарздорлик кимники бўлса, ўша томонидан тўлиқ сумма корхонага тўлаб берилган. Келиб тушган маблағ (2 300 минг сўм) суммасини Ҳисоб-китобга 1-илованинг 221–228-сатрларидан бирида акс эттирамиз, шунингдек уни жами даромадга қўшамиз, чунки ҳисобдан чиқарилган дебиторлик қарзи суммаси илгари чегириб ташланган.

Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни


Сумма,
минг сўм


Счётлар корреспонденцияси


Тасдиқловчи ҳужжатлар


дебет


кредит


Даъво муддати ўтганлиги сабабли дебиторлик қарзи ҳисобдан чиқарилди


2 300


9430


4010


Ҳисоб-китоблар бўйича инвентаризация далолатномаси, раҳбар буйруғи


Ҳисобдан чиқарилган дебиторлик қарзини ҳисобга олиш


2 300


007




Ҳисобдан чиқарилган дебиторлик қарзи қарздор томонидан қоплаб берилди


2 300


5110


9390


Банк кўчирмаси


Дебиторлик қарзи ҳисобдан чиқарилди


2 300



007


 


 

 

Қарздор корхонадан ундирилган жарима ва пенялар

Қуйидаги молиявий жарималар суммаларини даромадга киритинг (СК 297-м. 3-қ. 17-б.):

● ундирилган ёки қарздор томонидан тан олинган;

● суднинг кучга кирган ҳужжати асосида қарздор томонидан тўланиши лозим бўлган.

Тан олинганлар – бу ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси билан тасдиқланган молиявий санкциялар. Солиштириш далолатномаси пулнинг келиб тушган ёки тушмаганлигидан қатъи назар, даромадга олиш учун асос бўлади.

Бухгалтерияда уларни 9330-«Ундирилган жарима, пеня ва устамалар» счётининг кредитида акс эттиринг.

 

МИСОЛ. Жарима суммасини даромад сифатида тан олиш

Етказиб берувчи етказиб бериш шартларини бузган. Бунинг учун шартномада БҲМнинг 100 баробари миқдорида жарима кўзда тутилган. Етказиб берувчи солиштириш далолатномасини имзолаган, унга кўра у корхонага жарима тўлаб беришга рози. Жарима бўйича тўлаш мажбуриятини қарздор тан олганлиги сабабли, жарима суммаси 30 000 минг сўмни (100 х 300 000) ҳисобот даврида жами даромадга қўшамиз ва уни Ҳисоб-китобга 1-илованинг ­221–228-сатрларидан бирида акс эттирамиз.

Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни


Сумма,
минг сўм


Счётлар корреспонденцияси


Тасдиқловчи ҳужжатлар


дебет


кредит


Тан олинган жарима суммаси акс эттирилди


30 000


4860


9330


Солиштириш далолатномаси


Олинган пул маблағлари акс эттирилди


30 000


5110


4860


Банк кўчирмаси


 

 

Захираларни тиклаш

Қонунчиликка мувофиқ захира фондларини қуйидагилар яратишлари мумкин:

● банклар;

● суғурта ташкилотлари.

Захиралар белгиланган нормалар доирасида шакллантирилади (СК 315-м. 2-қ.).

Солиқ кодексида товарларни кафолат билан сотиш ҳолатида кафолатли таъмирлаш ва кафолатли хизмат кўрсатиш юзасидан келгуси харажатлар учун захира ташкил этиш кўзда тутилган (СК 316-м.).

 

Кафолат билан товарлар (хизматлар) сотиш санасига захирага ажратилган сумма харажатлар таркибига киритилади.

 

Солиқ солиш мақсадларида захиранинг чегаравий суммасини аниқланг (СК 316-м. 3-қ.):

Захира = Х / Т1 х Т2,

бу ерда:

Х – олдинги 3 йил давомида кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш бўйича ҳақиқий харажатлар;

Т1 – олдинги 3 йил давомида товарларни кафолат билан сотишдан тушган тушум;

Т2 – ҳисобот (солиқ) даврида товарларни кафолат билан сотишдан тушган тушум.

 

Солиқ даври тугагандан кейин яратилган захира миқдорига тузатиш киритинг. Бунинг учун, ўтган даврда кафолат билан сотилган товарларни сотишдан тушадиган тушум ҳажмида кафолатли таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш бўйича ҳақиқий харажатлар улушини ҳисобга олинг.

Агар янги яратилган захира миқдори ўтган солиқ даврида яратилган захира қолдиғи суммасидан кам бўлса, улар орасидаги фарқни жорий солиқ даврида даромадлар таркибига киритинг ва Ҳисоб-китобга 1-илованинг 221–228-сатрларидан бирида акс эттиринг.

 

МИСОЛ. Захирани тиклашдан олинадиган даромадни аниқлаш

Сўнгги уч йил давомида кафолатли хизмат кўрсатиш харажатлари суммасидан келиб чиқиб, корхона 30 000 минг сўм миқдорида захирани шакллантирди. Йил охирида фойдаланилмаган захира қолдиғи 10 000 минг сўмни ташкил этди. Кафолатли хизмат кўрсатиш муддати билан товарларни сотиш ҳажми пасайиши сабабли, келгуси йил учун захира миқдори суммаси 7 000 минг сўм қилиб белгиланди.

Захира қолдиғини (10 000 минг сўм) янги белгиланган 7 000 минг сўм миқдоридаги захира суммасигача тузатамиз.

Фарқи – 3 000 минг сўмни (10 000 – 7 000) – жами даромадга киритамиз ва Ҳисоб-китобга 1-илованинг 221–228-сатрларидан бирида акс эттирамиз.

 

Иштирокчининг ўз улушини олишдан бош тортиши

Корхона жамият иштирокчилари улушларининг номинал қиймати пасайтирилиши орқали ўзининг устав фондини камайтириш ҳуқуқига эга ва баъзи ҳолларда шунга мажбур (6.12.2001 йилдаги ЎРҚ-310–II-сон Қонун 19-м.; 26.04.1996 йилдаги ЎРҚ-223-1-сон Қонун 19-м.).

Устав фондининг пасайиши улушида киритилган ҳиссалар суммаси жамият аъзоларига қайтарилади.

Иштирокчи ўз улуши қийматидан корхона фойдасига воз кечган тақдирда унинг улуши қийматини даромад сифатида тан олинг.

 

МИСОЛ. Иштирокчи ўз улушини олишдан бош тортганда даромадни тан олиш

Корхона устав фонди – 100 000 минг сўм. Таъсисчилар устав фондини 70 000 минг сўмгача камайтиришга қарор қабул қилдилар.

20 фоиз улушга эга таъсисчилардан бири ўз улушидан корхона фойдасига воз кечди ва уни олишдан бош тортди. Устав фондининг камайиш суммасидаги таъсисчининг улуши: (100 000 – 70 000) х 20% = 6 000 минг сўм.

6 000 минг сўмни корхона даромади сифатида тан оламиз ва Ҳисоб-китобга 1-илованинг 221–228-сатрларидан бирида акс эттирамиз.

Иштирокчиларнинг таркибидан чиқиб кетиш жараёнида иштирокчи ўз улушини олишдан бош тортган ҳолатда ва улушидан жамият фойдасига воз кечган ҳолатда ҳам корхонада даромад пайдо бўлиши мумкин (6.12.2001 йилдаги ЎРҚ-310–II-сон Қонун 22-м.).

 

Мақсадли маблағларнинг белгиланмаган мақсадлар учун ишлатилиши

Даромад сифатида қуйидагиларни ҳисобга олманг (СК 304-м. 9-б.):

● грантлар;

● инсонпарварлик ёрдамлари;

● бошқа мақсадли тушумлар.

Шу билан бирга, олинган маблағлар мақсадли маблағларнинг манбаи бўлган шахс томонидан белгиланган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган мақсадларда фойдаланилиши лозим (СК 48-м.).

Мақсадли маблағларга бўшаган маблағларни аниқ мақсадлар учун йўналтириш шарти билан берилган солиқлар бўйича имтиёзлар ҳам киради. Масалан, моддий техника базасини мустаҳкамлаш ва ишчиларни рағбатлантириш.

Лойиҳаларни амалга ошириш учун олинган грантлар бўйича смета тасдиқланади, грант олувчи харажатларни ушбу смета доирасида амалга ошириши керак.

Агар олинган маблағлар ёки мақсадли имтиёз қўлланилиши натижасида бўшаган маблағлардан белгиланган мақсадлар учун фойдаланмасангиз, унда уни жами даромад таркибига киритинг (СК 297-м. 3-қ. 26-б.).

Мақсадли ва мақсадсиз тушумлар бўйича алоҳида ҳисоб мавжуд бўлмаган ҳолатларда ҳам мақсадли маблағларни даромадга киритинг.

 

Агар сиз солиқ солинадиган даромадлар билан бирга мақсадли тушумларга эга бўлсангиз, ҳисоб сиёсатида алоҳида ҳисоб юритиш тартибини белгилаб олинг. Мақсадли тушумлар ва харажатларни, улар билан боғлиқ амалларни бухгалтерияда акс эттириш учун, алоҳида счётлардан ёки субконтодан фойдаланинг. Шу тарзда сиз жами даромад ва солиқ солинадиган фойдани нотўғри аниқлаш хавфини максимал даражада қисқартирасиз.

 

МИСОЛ. Олинган грантдан мақсади бўйича фойдаланилмаган тақдирда даромадни тан олиш

Корхона 500 000 минг сўм миқдорида грант олди.

Грант сметасида 100 000 минг сўмлик компьютер техникаси сотиб олиш кўзда тутилган.

Корхона фақат 40 000 минг сўмга компьютер техникасини сотиб олди, 60 000 минг сўмини эса маъмурий эҳтиёж учун енгил автомобиль сотиб олиш учун сарфлади. Шундай бўлса-да, сметага тузатиш киритилмади.

Бундай ҳолатда, корхона 60 000 минг сўмни даромад деб тан олиши керак ва Ҳисоб-китобга ­1-илованинг 221–228-сатрларидан бирида акс эттириши лозим.

 

МИСОЛ. Алоҳида бухгалтерия ҳисоби бўлмаган тақдирда даромадларни тан олиш

Ҳисобот даврида нотижорат ташкилоти 200 000 минг сўм маблағ олди, шу жумладан 50 000 минг сўм устав фаолиятини амалга ошириш учун бадал сифатида ва 150 000 минг сўм хизматларни сотишдан даромад сифатида.

Ташкилот алоҳида ҳисоб юритмайди, шунинг учун олинган 200 000 минг сўм маблағнинг барчасини жами даромад таркибига киритиши лозим.

Ҳисоб-китобга 1-иловада қуйидагиларни акс эттирамиз:

● 021–026-сатрларидан бирида – хизматларни сотишдан даромад 150 000 минг сўм;

● 221–228-сатрларидан бирида – таъсисчилардан бадаллар 50 000 минг сўм.

Алоҳида бухгалтерия ҳисоби мавжуд бўлганда 50 000 минг сўмни жами даромад таркибига киритилмайди ва фойда солиғини ҳисоблашда ҳисоботда акс эттирилмайди.

 

Фавқулодда даромадлар

Фавқулодда даромадлар:

● кутилмаган, ғайриоддий хусусиятга эга;

● одатдаги фаолиятингиз доирасидан ташқаридаги воқеалар ва операциялар натижасида юзага келади;

● жуда камдан-кам бўлади;

● корхонанинг оддий фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқ;

● корхона раҳбариятининг қарорларига боғлиқ эмас.

Фавқулодда даромадларни Ҳисоб-китобга 1-илованинг 221–228-сатрларидан бирида акс эттиринг.

Бундай даромадларни 9710-«Фавқулоддаги даромадлар» счётининг кредитида ҳисобга олинг.

 

Иродахон АББОСХОНОВА,

МВ департаменти директори,

Наталья МЕМЕТОВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 224 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика