Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 49 / Божхона

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси – муҳим тадбир

 

Маълумки, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг қонунчиликка риоя этиши божхона тўловларининг тўғри ҳисобланиши гарови ҳисобланади. Тошкент шаҳар божхона бошқармасида ДБҚ Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан «Божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси: божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларнинг қонунчиликка риоя этиши божхона тўловларининг тўғри ҳисобланиши гарови» мавзусида ўтказилган учрашувда шулар ҳақида сўз борди.

 

Учрашувда ДБҚ бошқармаси бошлиғи А.Ахлимирзаев, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Жалилов ҳамда соҳавий бўлим ва 20 нафардан ортиқ божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар иштирок этди.

Сир эмаски, божхона органларининг асосий вазифаларидан бири бу – давлатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш ҳамда божхона ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва уларга чек қўйиш ҳисобланади. Учрашувда сўнгги йилларда мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни янада такомиллаштириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқаришнинг комплекс тизимини ташкил этиш мақсадида тадбиркорлик субъектларига бир қатор қулай шарт-шароитлар яратиб берилганлиги таъкидланди.

Бироқ, баъзида айрим қўштирноқ ичидаги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона тўловларини тўлашдан қочиш мақсадида божхона ҳужжатларидан алдов йўли билан фойдаланиб, сохталаштирилган ҳужжатлар асосида республикамизга товарларни ноқонуний йўллар билан олиб киришга уринган ҳоллар кузатилади. «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонун ва Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2833-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида божхона органлари томонидан кенг қамровли тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилган бўлса-да, ушбу йўналишда ҳамон қонунбузарликлар содир этилмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг 10 ойи давомида республикада жами 8 947 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган бўлиб, шундан 5 267 таси (58,9 фоизи) бевосита ТИФ соҳасида содир этилган, 2 759 таси (52,4 фоизи) декларантлар томонидан содир этилган. Бу рақамлар Тошкент шаҳар божхона бошқармаси мисолида таҳлил қилинса, 2 759 тадан 1 168 та ҳолатда декларантларга нисбатан иш юритилган. Булардан 357 ҳолатда божхона тўловларига таъсир қилган ҳолати ҳамда 811 та ҳолатда БЮДдаги хатоликлардир.

Ана шу хато ва камчиликларнинг олдини олиш мақсадида ҳозирда ДБҚнинг Божхона институти Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультетида ТИФ иштирокчилари учун божхона иши бўйича қуйидаги йўналишларда пуллик ўқув курси жорий қилинган:

● божхона юк декларацияларини тўлдириш тартиби;

● товарларнинг ТИФ ТН кодларини аниқлаш;

● божхона тўловларини ҳисоблаш ва божхона қийматини аниқлаш;

● норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиш ҳамда уларни амалиётга татбиқ эта билиш;

● божхона тўловларини ҳисоблаш каби йўналишлар бўйича малакали устозлар томонидан дарс машғулотлари амалга оширилади.

Шунингдек, жорий йилнинг 4 октябрида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-720-сон Қонун билан ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими ёрдамида қайд этиладиган 4 та моддадаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати судлардан божхона органларига ўтказилди.

Аҳамиятлиси шундаки, ушбу Қонун билан божхона органларининг божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга оширадиган бош инспекторлари, катта инспекторлари ва инспекторларига жарима тариқасидаги маъмурий жазо чорасини қўллаш ҳуқуқи берилди. Мазкур 4 та моддадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар баённома тузмасдан, соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилади.

Бу белгиланган тартиблар 2022 йилнинг 5 январь санасидан амалиётга жорий этилиши назарда тутилган.

 

Отабек ОДИЛОВ,

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғининг Матбуот котиби. 

Прочитано: 261 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика