Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 49 / Божхона

Божхона омборлари нима учун керак?

 

Маълумки, мамлакатимизга импорт тарзида олиб кирилаётган товарларга тегишли рухсат этувчи ҳужжатлар, сертификатлар олингунга қадар, шунингдек, божхона тўловлари тўлангунга қадар товарлар вақтинча сақлов учун божхона омборларига жойлаштирилади. 

 

Божхона омбори – бу махсус жиҳозланган ва белгиланган жой бўлиб, биноларнинг ҳудудини ва (ёки) очиқ майдончаларни ўз ичига олган ҳамда товарларни божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган бўлади. Қоидага кўра, божхона омборлари очиқ ёки ёпиқ турда бўлиши мумкин.

Хусусан, очиқ турдаги божхона омборидан ҳар қандай шахслар фойдаланиши мумкин. Ёпиқ турдаги божхона омборида эса лицензиатнинг товарлари сақланади, шунингдек, лицензиатнинг таркибий тузилмалари товарларини ҳам жойлаштириш мумкин.

 

Божхона омборларини кимлар ташкил этиши мумкин?

Таъкидлаш жоизки, божхона омборлари ташқи иқтисодий фаолият жараёнидаги муҳим воситалардан бири ҳисобланади. Улар Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган юридик шахслар томонидан ташкил этилади. Божхона омбори фаолияти билан шуғулланиш учун тадбиркорлик субъекти божхона органларидан лицензия олиши лозим. Бу лицензия «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун, Божхона кодекси ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида берилади.

Ўз навбатида ташкил этилаётган божхона омбори белгиланган лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ бўлиши талаб этилади.

 

Божхона омбори бўйича лицензия даъвогарларига қонунчилик билан қандай енгилликлар яратилган

Ушбу йўналишни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 апрелдаги «Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан лицензия даъвогарларига бир қатор енгилликлар яратилди. Хусусан, авваллари тадбиркорлар ушбу хизматлардан фойдаланиш учун ортиқча вақт ва харажат сарфлаган ҳолда бевосита божхона органига келган ҳолда мурожаат қилишган бўлса, эндиликда ўзларига яқин бўлган Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тегишли сўровномаларни тўлдирган ҳолда мурожаат қилишлари мумкин бўлди. Бунда сўровнома тўлдириш жараёнида тадбиркорнинг мажбурий тўловлар, шунингдек ижро ҳужжатларидан қарздорлиги автоматик равишда текширилади.

Илгари лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия даъвогарининг сўровномаси келиб тушган кундан бошлаб 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинган бўлса, эндиликда 20 кун ичида қабул қилинади.

Лицензия шартномасини тузиш жараёнида ортиқча бюрократик ҳолатларни бартараф этиш мақсадида лицензия шартномаси – оммавий оферта шаклида Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилади.

Бундан ташқари, тадбиркорлар томонидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишнинг ҳар бир босқичи Давлат хизматлари агентлиги томонидан назорат қилиб борилади.

Мазкур давлат хизматларининг Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилиши тадбиркорлик субъектларига тезкор ва сифатли давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлайди.

Шунингдек, божхона омбори фаолиятини амалга ошириш учун лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилиши белгиланди.

Муқаддам тегишли ҳужжатлар қоғоз нусхада тақдим этилар ва лицензия 5 йил муддатга берилар эди. Шу билан бирга, лицензия олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар сони ҳам сезиларли равишда қисқартирилди.

Мисол учун, давлат ёнғин хавфсизлиги ва санитария назорати идоралари хулосаси, божхона омборларида сақланиши лозим бўлган товарлар рўйхати, божхона омборининг тури (очиқ ёки ёпиқ) ҳақидаги маълумотлар ва бошқалар эндиликда талаб қилинмайди.

Шунингдек, божхона омборлари иншоотларининг божхона режимларидан келиб чиқиб зоналарга ажратилиши, иншоотларнинг иккита қулф билан қулфланиши каби талаблар ҳам бекор қилинди.

 

Божхона омбори фаолияти бўйича кутилаётган янгиликлар

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 18 декабрь куни 531-сон қарор қабул қилиниб, қуйидаги асосий тартиботлар жорий этилиши белгиланди:

● товарлар билан юк операцияларини амалга ошириш тартиби белгиланди;

● юк операцияларида божхона омбори эгаси ва унинг ваколатли шахсининг ҳуқуқ, мажбурият ва жавобгарлиги белгиланди;

● транспорт воситаларининг омборга етиб келганлигини божхона ахборот тизимида белги қўйиш орқали тасдиқлаш жорий этилди;

● товарларга нисбатан тушириш, юклаш ва қайта юклаш операцияларини божхона органи ходимининг бевосита иштирокисиз (мустасно ҳолатлардан ташқари) амалга оширишга рухсат берилди;

● режимга олинмаган божхона назорати остидаги товарларнинг тўлиқ сақланишини таъминлаш жавобгарлиги белгиланди;

● божхона омбори учун белгиланган талабларга янги қўшимчалар киритилди, хусусан, омборларда давлат рақами белгисини ва темир йўл транспорти воситасининг рақамини аниқлаш тизими билан жиҳозланган назорат-ўтказиш пунктлари бўлиши белгиланди;

● товарларни тушириш, юклаш ва қайта юклаш операциялари бўйича янги турдаги электрон далолатнома расмийлаштирилиши жорий этилди;

● божхона омборига жойлаштирилиши мумкин бўлмаган товарларни божхона омбори ҳисобланмайдиган жойларда сақлаш учун бажариладиган шартлар белгиланди;

● товарларнинг реал ҳаракати «Юк операциялари» модули ёрдамида электрон бошқарилади.

 

Божхона омборлари сони ва уларда сақланаётган товарлар ҳажми

Бугунги кунда Тошкент шаҳар божхона бошқармасида жами 116 та (шундан 16 таси ёпиқ, 100 таси очиқ) божхона омборлари мавжуд бўлиб, товарларни ортиш-тушириш, сақлаш учун барча шароитлар яратилган ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида божхона омборлари томонидан жами 4 629,4 минг тн (2020 йилни мос даврида ушбу кўрсаткич 3 887,8 минг тн) божхона назорати остидаги товарларни эркин муомалага чиқарилгунга қадар омборда сақлаш хизматлари кўрсатилган.

 

Бахтиёр МУРАТОВ,

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.

Прочитано: 500 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика