Шаҳарсозлик ва лойиҳалаштириш ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича хизматлар қиймати объектнинг смета қийматидан фоизда аниқланади (Низомга 6-илова, 17.09.2021 йилдаги 579-сон ВМҚ билан тасдиқланган).
Бунда смета қиймати ҚҚС билан олинадими ёки ҚҚСсиз?
– Энг аввало, смета қиймати нима эканлигини аниқлаштириб оламиз.
Амалдаги қонунчиликда бу тушунчага таъриф берилмаган. Умумқабул қилинган амалиётдан келиб чиқиб, смета – бу қуйидагиларни аниқлайдиган ҳужжатдир:
● ишлар ҳажми, таркиби (объектни қуриш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш ва ҳ.к.);
● шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ уларни бажариш учун харажатлар.
Ишларнинг смета қийматида пудратчининг бошқа харажатлари таркибида ишларни бажаришдан олишни режалаштираётган фойдаси ҳам ҳисобга олинади.
Объектнинг смета қийматида ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси кўпинча буюртмачи учун харажат ҳисобланмайди, у ҚҚС тўловчиси ҳисобланмайдиган ҳоллар бундан мустасно. Солиқ объект қийматидан алоҳида ҳисобга олинади (4-сон БҲМС 15-б., АВ рўйхат рақами 3259, 30.06.2020 й.; 5-сон БҲМС 11-б., АВ рўйхат рақами 1299, 20.01.2004 й.; 21-сон БҲМСга 2-илова 189-191-б., АВ рўйхат рақами 1181, 23.10.2002 й.).
Шунингдек, солиқ тўловчиси бўлган пудратчи ҳам бажарилган ишлар ҳажмини (даромадни) бухгалтерия ҳисоби, молиявий ва солиқ ҳисоботида ҚҚСсиз акс эттиради (СК 297-м.; Низомнинг «В» бўлими, 1.1-б., 5.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚ билан тасдиқланган).
Юқорида баён этилганлар асосида шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар қиймати мазкур лойиҳа бўйича бажариладиган ишларнинг смета қийматидан ҚҚСсиз, тегишли ставкани қўллаган ҳолда ҳисобланади, деб хулоса қилиш мумкин. Яъни, 6-иловада кўрсатилган смета қиймати – бу ҚҚСсиз смета бўйича соф қиймат.
МИСОЛ. Экспертизадан ўтказиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар қийматини ҳисоблаш
Буюртмачи янги объектни қуриш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун тақдим этади.
Смета қиймати 15% ҚҚС билан – 13 800 000 минг сўм.
Мазкур турдаги ишларни экспертизадан ўтказиш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг қиймати – смета қийматидан 0,1%.
Смета қиймати суммасини ҚҚСсиз аниқлаймиз:
13 800 000 минг сўм / 115 х 100 = 12 000 000 минг сўм.
Экспертизадан ўтказиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар қийматини ҳисоблаймиз:
12 000 000 минг сўм х 0,1% = 12 000 минг сўм.
Шу тариқа, эксперт ташкилоти хизматларининг қиймати 12 000 000 минг сўмни ташкил этади.
Баҳодир БОЙҚОБИЛОВ,
МВнинг Билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи.