Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 49 / Солиқ солиш

Ҳисобга қабул қилинган ҚҚСни ҳисоблаймиз

 

Корхонанинг асосий фаолият туриимпорт қилинган дори воситалари билан улгуржи савдо қилиш (ҚҚС бўйича имтиёз мавжуд). Шу билан бирга фармацевтика заводини қуряпти. Шунингдек импорт қилинадиган газланган ва газланмаган сувларни (ҚҚС билан) сотади. ҚҚСни ҳисоблашда мутаносиб усулдан фойдаланилади. Натижада корхона:

1) фармацевтика заводи қурилишига оид харажатларга тааллуқли кирувчи ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚСни ҳисобга олмайди, балки 0810-«Тугалламаган қурилиш» счётига қурилиш хизматлари ва материаллари қийматига киритади;

2) импорт қилинган дори воситалари бўйича ҚҚСни ЎзРда уларнинг аналоглари ишлаб чиқарилган ҳолатларда дори воситалари қийматига киритади;

3) сув импорти, товарларни божхонадан ўтказиш бўйича кирувчи, шунингдек давр харажатларига тааллуқли ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚСни корхонанинг умумий айланмасида сувни реализация қилиш ҳажми қанча фоизни ташкил қилишига қараб мутаносиб усулда ҳисобга олади.

Солиқ солинадиган ва солинмайдиган айланмалар мавжуд бўлганда ҳамда қурилиш ишлари олиб борилаётганда ҳисобга олинадиган ҚҚС қандай ҳисобланади? 

 

– Корхонангизда ҳисобга қабул қилинадиган ҚҚС ҳисоб-китоби унчалик тўғри юритилмаяпти.

Сиз Қўшилган қиймат солиғини тўловчи тўғрисидаги маълумотларда (1-илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.) «Ҳисобга қабул қилинадиган ҚҚС суммасини аниқлаш усули» сатрида мутаносиб усулда «1» қийматини кўрсатган бўлсангиз, жами кирувчи ҚҚС тушум ҳажмига мутаносиб равишда тақсимланади. ҚҚС қандай товар ёки хизматга тааллуқли эканлигидан қатъи назар, пировардида ҚҚС билан ёки ҚҚСсиз реализация қилинадиган товар ёки хизмат қийматига киритилади.

АВларни, шунингдек кейинчалик ўзининг АВ сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган активларни яратиш учун товарлар (хизматлар)ни харид қилишда, сотувчи томонидан тақдим этилган солиқ суммаси тўлиқ ҳажмда ҳисобга олинади (СК 266-м. 3-қ.). Яъни мутаносиб усул қўлланилганда қурилиш бўйича ҚҚС ҳисобга қабул қилинадиган суммани аниқлашда инобатга олинади.

СКнинг 268-моддасидаги қуйидаги қоидаларни ёдга оламиз:

алоҳида-алоҳида усул бўйича солиқ тўловчи солиқ солинадиган ва солиқ солишдан озод этилган айланмалар учун фойдаланиладиган, олинган товарларнинг (хизматларнинг) ҳамда улар бўйича тўланган солиқ суммаларининг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритади. Бунда алоҳида-алоҳида ҳисобни юритиш имкони бўлмаган умумий харажатлар бўйича харажатларни ажратиш мутаносиб усулда амалга оширилади;

мутаносиб усул бўйича солиқ тўловчи томонидан ҳисобга олиш учун қабул қилинадиган солиқ суммаси солиқ солинадиган айланма суммасининг товарларни (хизматларни) реализация қилиш (солиқни ҳисобга олмасдан) бўйича айланманинг умумий суммасидаги жорий календарь йил ичида ўсиб борувчи якун билан аниқланадиган солиштирма миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Мутаносиб усул қўлланилганда ҳисобга қабул қилинмаган ҚҚС фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланадиган харажатлар таркибида ҳисобга олинади;

● агар жорий солиқ даврида солиқ солинадиган айланмалар улуши айланмалар умумий суммасининг ­5%идан ошмаган тақдирда, солиқ тўловчи жорий солиқ даврида харид қилинган товарлар (хизматлар) қийматига ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича, шу жумладан узоқ муддатли активлар бўйича тўланган ҚҚС суммасини тўлиқ ҳажмда киритишга ҳақлидир.

Шу тариқа:

● сувни реализация қилишдан тушум (ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда) тушум умумий суммасининг 5%идан ошмаса, сиз товарлар ва хизматларни ҚҚС билан олганингизда солиқни уларнинг таннархига бирйўла тўлиқ киритишингиз мумкин бўлади. Мазкур ҳолатда ҳисобга қабул қилинган ҚҚСнинг бир қисмини йўқотасиз, лекин ҳисоб ва ҳисоботни анча соддалаштириб оласиз;

 

1-МИСОЛ. Корхона бўйича сотувлар ҳажми – 990 млн сўм, шу жумладан дори воситаларини реализация қилишдан тушум – 950 млн сўм, газланган ва газланмаган сувларни реализация қилишдан тушум – 40 млн сўм. Кирувчи ҚҚС – 23 млн сўм, шу жумладан 14 млн сўм – қурилиш бўйича, 1 млн сўм – дори воситалари бўйича, 5 млн сўм – сув бўйича ва 3 млн сўм – давр харажатлари бўйича.

ҚҚС солинадиган айланма 4%ни (40 х 100 / 990) ташкил қилади.

Жами кирувчи ҚҚС харид мўлжалига мувофиқ 0800-«Капитал қўйилмаларни ҳисобга олувчи счётлар», 1000-«Материалларни ҳисобга олувчи счётлар», 2910-«Омбордаги товарлар», 9400-«Давр харажатларини ҳисобга олувчи счётлар» бухгалтерия счётларига бирйўла киритилиши мумкин.

ҚҚС ҳисоб-китобида:

титул варағида алоҳида-алоҳида ҳисобни танланг;

ҳисобга қабул қилинадиган ҚҚС суммасини (Реестрга мувофиқ) 3-«Ҳисобга қабул қилинадиган ҚҚС суммаси ҳисоб-китоби» иловасининг ­0302-сатрида акс эттиринг.

 

● мутаносиб усул танланганда, ҚҚС ҳисоб-китобини тайёрлаш чоғида ҳеч қандай сатрлар тўлдирилмайди. Бутун Ҳисоб-китоб автоматик тарзда амалга оширилади. Бухгалтерия ҳисоби мақсадларида ҚҚС суммаларини товарлар таннархига, қурилиш ёки давр харажатларига киритиш учун қандай ҚҚС суммалари ҳисобга қабул қилинмаслигини олдиндан режалаштирган мақбулдир.

Бунда солиқ таваккалчиликларини ҳисобга олиш лозим. Хусусан, Солиқ кодексининг моддаларига асосланиб, қурилишга тегишли ҳисобга олинадиган суммага тузатиш киритиш мумкин (СК 267-м. 1, 2-б., 270-м.);

 

2-МИСОЛ. 1-мисолдаги шартлар олинади.

ҚҚС ҳисоб-китобига 3-иловада автоматик тарзда 0,92 млн сўм (23 х 4%) суммаси ҳисобга қабул қилинади.

 

● алоҳида-алоҳида усулни танлашингиз мумкин. Кирувчи ҚҚСни тўғридан-тўғри усул билан ҳисобга олиб, бухгалтер қандай ҚҚС суммасини ҚҚСсиз реализация қилинадиган товарлар (ЎзРда аналоглари ишлаб чиқариладиган) таннархига киритиши кераклигини дарҳол англайди. Ушбу усул танланганда ҳисобни осонлаштириш учун 4410-«Бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича бўнак тўловлари (ҚҚС)» счёти бўйича ёрдамчи счётлар ёки субконто қўшишни тавсия қиламиз: қурилиш бўйича кирувчи ҚҚС, дори воситалари бўйича ҚҚС, сув бўйича ҚҚС, давр харажатлари бўйича ҚҚС.

 

3-МИСОЛ. 1-мисолдаги шартлар олинади.

Кирувчи ҚҚС қуйидаги тартибда Ҳисоб-китобга ва бухгалтерия ҳисобига тақсимланади:

импорт қилинган дори воситалари бўйича ҳамда божхонадан ўтказиш хизматларига ЭҲФ бўйича ҚҚС ҳисобга қабул қилинмайди, таннархга киритилади (СК 267-м. 1-қ. 3-б.). Ҳисоб-китобга 3-илованинг 0302-сатрига 1 млн сўм миқдорида ҳамда Ҳисоб-китобга 4-илованинг «Харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактуралар ўрнини босувчи ҳужжатлар) реестри» деб номланган 1-жадвали 9-устунига қўлда киритилади;

импорт қилинган сув бўйича ҳамда уни божхонадан ўтказиш хизматларига ЭҲФ бўйича ҚҚС ҳисобга қабул қилинади. Ҳисоб-китобга 3-илованинг 0301-сатрида 5 млн сўм миқдорида акс эттирилади;

қурилишга доир кирувчи ҳисобварақ-фактуралар бўйича ҚҚС ҳисобга қабул қилинмайди, у қурилиш қийматига киритилади (СК 267-м. 1-қ. 1, 2-б.). 3-илованинг 0302-сатрида, шунингдек 4-илованинг 1-жадвали 9-устунида қўлда 14 млн сўм миқдорида ёзиб қўйилади;

ТМҚ ва давр харажатларига тааллуқли хизматлар (офис ижараси, алоқа хизматлари, канцелярия товарлари ва ҳ.к.) бўйича ҚҚС. Мазкур ҚҚС суммаси солиқ солинадиган тушум (сув реализацияси бўйича) улушига қараб ҳисобга қабул қилинади. Мутаносиблик Ҳисоб-китобга 7-«Йил бошидан буён товарларни (хизматларни) реализация қилишдан айланмалар» иловасининг 0201 ва 0202-сатрларида автоматик тарзда ҳисобланади. ҚҚС 3-иловада автоматик тарзда қуйидагича тақсимланади:

1) 0201-сатрда – 0,12 млн сўм (3 х 4%);

2) 0202-сатрда – 2,88 млн сўм (3 – 0,12). Ҳисобга қабул қилиш билан ёпилмаган ва 4410-счётда қоладиган ушбу сумма 9430-«Бошқа операцион харажатлар» бухгалтерия счётига киритилиши мумкин.

Демак, алоҳида-алоҳида усул қўлланилганда 5,12 млн сўмлик (5 + 0,12) ҚҚС суммаси ҳисобга қабул қилинади.

 

Ольга БУСАРОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 264 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика