Хусусий мактаб таълим хизматларини кўрсатади. ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганмиз, бироқ СКнинг 243-моддаси 1-қисми 10-бандига, шунингдек 15.09.2017 йилдаги ПҚ-3276-сон ва 5.09.2018 йилдаги ПҚ-3931-сон қарорларга биноан имтиёзга (муддатни узайтириш) эгамиз.
ҚҚСдан озод этиш тарзидаги имтиёзга эга бўлган хусусий мактаб ВМнинг 22.09.2021 йилдаги 595-сон қарорига мувофиқ 2022 йил 1 январдан «E-aktiv» тизимида ишлаши лозимми?
– 2022 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ва устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар солиқ органларининг «E-aktiv» автоматлаштирилган ахборот тизимида қуйидагиларни акс эттириши мажбурий ҳисобланади (ВМнинг 22.09.2021 йилдаги 595-сон қарори 3-б. «б» кичик б.):
● хўжалик юритувчи субъектлар томонидан АВ, НМА ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш (сотиб олиш (қуриш), ишга тушириш, қайта баҳолаш, тасарруф этиш) ҳамда ўз устав фондини (устав капиталини) шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни;
● хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хўжалик фаолияти давомида товар-моддий захиралар сақлаш муддати тугагач яроқсизлиги, жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида йўқ қилинганда ва камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) сабабли ҳисобдан чиқарилишини 3 иш кунидан кечиктирмасдан.
Хусусий мактабнинг таълим соҳасидаги фаолияти Солиқ кодекси ҳамда сизнинг вазиятингизда кўрсатиб ўтилган Президентнинг қарорига асосан ҚҚСдан озод этилган. Бироқ юридик шахснинг ўзи ҚҚС тўловчи ҳисобланади. Шу боисдан «E-aktiv» тизимида ВМнинг 595-сон қарорида кўрсатилган операцияларни акс эттириши лозим.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.