Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 47 / Хўжалик юритиш қоидалари

Таъсисчиликдан чиққан иштирокчига қурилиши тугалланмаган объект берилганда

 

Таъсисчи МЧЖ иштирокчилари таркибидан чиқиб кетмоқда. Унга улушининг ҳақиқий қийматини тўлаш ҳисобига қурилиши тугалланмаган объектни бериш мумкинми?

 

Саволга Молия вазирлиги Тадбиркорлик фаолияти субъектлари бухгалтерия ҳисоби методологияси бўлими бошлиғи Асал Ҳашимова жавоб берди: 

 

– Жамият иштирокчилари унинг бошқа иштирокчиларининг розилигидан қатъи назар, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунда ва жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда исталган вақтда унинг таркибидан чиқишга ҳақли. МЧЖ чиқиб кетган иштирокчига устав фондидаги унинг улушининг ҳақиқий қийматини тўлаши шарт. У иштирокчи чиқиб кетган кундан олдинги, охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланади.

Агар жамиятнинг устав капиталига иштирокчи ўз ҳиссасини тўлиқ миқдорда тўламаган бўлса, улушининг ҳақиқий қиймати ҳиссанинг тўланган қисмига мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилади. Шу боис жамиятнинг таъсисчилар таркибидан иштирокчиларнинг чиқиб кетиши тартибини жамият уставида мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқдир.

Жамият чиқиб кетган таъсисчига улушининг ҳақиқий қийматини пул билан тўлаши мумкин, бундай имконият бўлмаганда эса – иштирокчининг розилиги билан шундай қийматдаги мол-мулкни бериши мумкин (Қонуннинг 22-м.).

Мол-мулк жумласига материаллар, тайёр маҳсулот, товарлар, асосий воситалар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва ҳ.к. киради. Таъсисчига нафақат у илгари устав фондига киритган мол-мулкни, балки жамиятга тегишли бўлган ҳар қандай бошқа мулкни бериш мумкин.

 

Қандай қурилиши тугалланмаган объектни бериб бўлмайди

Таъсисчига қурилиши тугалланмаган бинони (иншоотни) бериш учун жамият дастлаб давлат органида унга бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиши лозим.

Қурилиши тугалланмаган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар тегишли лойиҳа ташкилоти томонидан уларнинг қурилиши бошланганлиги тасдиқланган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкин. Бино ва иншоотнинг пойдевор ва биринчи қавати деворларининг қурилиш ишлари якунланганлиги қурилишни бошланган деб топиш учун асос деб ҳисобланади.

Қурилиши тугалланмаган турар ва нотурар жой бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар:

• ер участкасига бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганлиги;

• қурилиш тасдиқланган лойиҳа асосида бошланганлиги шарти билан давлат рўйхатидан ўтказилади.

 

Қуйидаги қурилиши тугалланмаган бинолар ва иншоотлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди:

«E-Ijro Auksion» электрон савдо майдончасида сотиб олинган, электрон аукцион ғолибларида уларга нисбатан қабул қилинган мажбуриятлар мавжуд бўлган ер участкаларида;

ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида жойлашган бинолар ва иншоотлар.

 

Қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларни бошқа шахсга ўтказишда ҳуқуқ эгасининг буюртмаси бўйича:

• ер участкасини бериш тўғрисидаги ҳужжатлар, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар асосида кадастр йиғмажилди тайёрланади;

• қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотга бўлган мулк ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилади.

 

Қуйидагилар:

ўзбошимчалик билан қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар;

қурилиш даврида фойдаланиш учун қурилган вақтинчалик иморатларга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди, қонун ҳужжатларида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно (Низомнинг 35-37-б., 29.12.2018 йилдаги 1060-сон ВМҚга 1-илова).

Прочитано: 98 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика