Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 47 / Юридик маслаҳатлар

Ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолиятини тартибга солиш ҳақида нималарни билиш лозим

 

2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш имконияти пайдо бўлди. Шу пайтдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати кенгайтирилди (8.06.2020 йилдаги ПҚ-4742-сон қарорнинг 3-б.). Ўзини ўзи банд қилган шахcларнинг фаолият юритиш тартибини «Norma» компаниясининг юридик масалалар бўйича эксперти, адвокат Элеонора Мазурова тушунтиради: 

 

– Ўзини ўзи иш билан банд қилувчилар – булар жисмоний шахслар, ўзлари иш топадилар ва уни ўзлари бажариб, даромад оладилар. Ўзини ўзи иш билан банд қилувчилар репетиторлар, энагалар, сантехниклар, электрчилар, сартарошлар, курьерлар, автоювувчилар, ҳунармандлар, фаррошлар, тикувчилар, дастурчилар, ҳамширалар ва бошқалар бўлиши мумкин. Бу амалиёт, энг аввало, илгари тегишли равишда рўйхатдан ўтмасдан ишлаган ва бу билан солиқ қонунчилиги талабларини бузган бир қатор мутахассислик вакилларининг тадбиркорлик фаолиятини легаллаштириш учун қабул қилинган.

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш якка тартибдаги тадбиркордан фарқ қилади ва қуйидаги қулайликларга эга:

• якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш шарт эмас, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият бошлаганлиги тўғрисида солиқ органини хабардор қилиш кифоя;

• ўзини ўзи банд қилган ҳолда меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлар ЖШДСга тортилмайди;

• ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида ижтимоий солиқ тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади;

• кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар – норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни ТСОЯЭАТга тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг банкларидаги ҳисобрақамларига қабул қилиш ҳуқуқига;

• контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисобварақ-фактураларни (инвойс), шу жумладан электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) ҳуқуқига.

Лекин ўзини ўзи банд қилган шахс ҳамма нарсани қилиши мумкин экан деган фикрга бориб қолмаслик керак. Бир тарафдан, ўзини ўзи банд қилган киши топган барча даромадини «чўнтагига қўйиши» мумкин. Бошқа тарафдан, у ўз иши учун қуйидаги тўловни қабул қилиши мумкин:

• назорат-касса техникаларидан фойдаланган ҳолда нақд пулда;

• ҳар қандай мобил тўлов тизимлари (Сlick, Payme, Apelsin ва бошқалар) орқали;

• банк билан тузилган шартнома асосида тўлов терминали орқали;

• хизмат кўрсатувчи банкда очилган депозит ҳисобварағи орқали (Низомнинг 20-б., 23.12.2020 й. 806-сон ВМҚга 1-илова).

Қонун ҳужжатларида ўзини ўзи банд қилган шахслардан ишлаб топган маблағлари ҳисобини юритиш талаб этилмайди, бироқ бажарган ишлари учун нақд пулларни қандай олишлари кераклиги ҳам кўрсатилмаган.

Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда айтилишича, ўзини ўзи банд қилган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат-касса техникасидан фойдаланадилар. Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун бундай тартиб қаерда қайд этилганлиги аниқ келтирилмаган. Шунингдек Низомда ўзини ўзи банд қилган шахс назорат-касса техникасидан фойдаланиши шартлиги ёки бундай ҳуқуққа эгалиги аниқ айтилмаган. Натижада – нақд пул олганлиги ва бунда НКТдан фойдаланмаганлиги учун уни жазога тортишадими-йўқми, бу масала очиқлигича қолмоқда.

Шунга эътибор қаратиш лозимки, юридик шахсларнинг раҳбарлари ўзини ўзи банд қилган шахслар билан ишлашдан манфаат топмоқдалар. Амалиётда нима бўлмоқда? Яъни у қадар инсофли бўлмаган корхона раҳбарлари ташаббус кўрсатиб, ходимларининг бир қисмини ишдан бўшатишлари мумкин. Кейин эса улар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатдан ўтиб ўзларининг аввалги иш жойларидаги лавозим мажбуриятларини бажаришга қайтарилади, бироқ уларнинг мақоми ўзгаради ва ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳисобланади. Натижада иш берувчида солиқ юки камаяди, мукофот, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини тўлашга ҳожат қолмайди, шунингдек ҳақ тўланадиган таътилларни беришга зарурат бўлмайди.

Ходимлар мақомини бу тарзда алмаштириш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида қуйида келтирилган «Корхона солиқ органлари томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни штатдаги ходимларга қайта малакалашини қандай четлаб ўтиши мумкин» материалидан билиб олишингиз мумкин.

Бизда ҳали ўзини ўзи банд қилганлар бўйича катта амалий тажриба шаклланган эмас, чунки бундай фаолият тури яқинда пайдо бўлди. Ушбу амалиёт Россия Федерациясида яхши йўлга қўйилган. Баъзи тадбиркорлар ҳисоблаб чиқиб, ўзларининг штатдаги ишчиларини ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш корхонанинг иш ҳақи солиқлари бўйича солиқ юкини оптималлаштириш ва камайтиришнинг яхши усули деган хулосага келишган.

Бизнинг солиқ хизматимиз ҳам, худди Россия Федерациясида бўлгани каби, меҳнат муносабатларини яшириш белгиларини аниқлаш мақсадида ўзини ўзи банд қилганларга пул ўтказмаларини таҳлил қилувчи скоринг тизимини яқин орада яратса ажаб эмас. Демак бизнинг мамлакатимизда ҳам тадбиркорлар солиқ юкини камайтиришга ҳаракат қиладилар, солиқ органлари эса бундай фактларга чек қўйиш чораларини кўрадилар. Бундан ташқари, солиқ органлари қонунчилик воситаларига эга. Солиқ қонунчилиги: «.... агар солиқ тўловчи ягона ёки устувор мақсади солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлган операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини амалга оширса, унинг бундай ҳаракатлари ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб» ҳисоблайди (СК 14-м. 5-қ.).

 

Ўзини ўзи банд қилганлар билан ишлашда хавф остида бўлишнинг қандай белгилари мавжуд

Қуйидаги кўрсатгичлар асосий таҳлилдан ўтказилади:

• тўловлар даврийлиги;

• тўловчилар;

• ўзини ўзи банд қилган шахс билан иш берувчининг олдиндан ўзаро боғлиқлиги.

Ушбу таҳлилнинг мақсади битта – меҳнат муносабатларини фуқоралик-ҳуқуқий тусдаги шартнома муносабатлари билан ниқобланганлигини исботлаш, кейинчалик қайта малакалаш ва қўшимча солиқ ҳисоблаб чиқариш.

Ушбу таҳлилнинг фақат учта томони мавжуд:

• ходим (ижрочи);

• иш берувчи (буюртмачи);

• солиқ органлари.

Ва уларнинг вазифалари бир хил эмас:

• ходим учун иш жойини ва оширилган иш ҳақини сақлаб қолиш муҳим (олдин бўлганига нисбатан);

• иш берувчи учун солиқ юки кам бўлган «янги меҳнат муносабатлари»ни сақлаб қолиш муҳим;

• солиқ инспекцияси ҳаммасини орқага қайтаришни ва иш ҳақи бўйича солиқларни бюджетга ундиришни хоҳлайди.

Солиқ инспекцияси сизни меҳнат муносабатларини ниқоблашда айблаши мумкин бўлган ҳолат белгилари:

1) ходим аввал корхонада ишлаган, ишдан кетган ва ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида хизмат кўрсатишни давом эттирган. Шуни таъкидлаш керакки, бу асоссиз солиқ имтиёзларини олиш билан шуғулланаётганлигингиз деярли солиқ органларига тўғридан-тўғри чақирув ва сизда солиқ текширувини ўтказишнинг энг қисқа йўли бўлади;

2) ўзини ўзи банд қилган шахс фақат битта контрагент билан ишлайди. Гарчи бу қонун томонидан тўғридан-тўғри тақиқланмаган бўлса-да, аммо бу меҳнат муносабатларини ниқоблашнинг «бошланғич» малакаланадиган белгиси бўлиши мумкин. Ушбу белгиларда сизни солиқ органларининг эътирозларидан ҳимоя қиладиган қуйидаги нуқталари мавжуд:

• корхонангизда ўзини ўзи банд қилганлар учун «кўп мижозлилик»ка йўл қўймайдиган шартномалар амал қилади ва вазифалар бажарилади. Масалан, етказиб бериш хизматидаги ўз машинасига эга ҳайдовчини олайлик. У балки бошқа контрагентлар билан ишлашни хоҳлар, лекин агар унинг асосий контрагенти унинг учун тўлиқ иш вақтида банд бўладиган ҳажмдаги буюртмалар пакетини шакллантира олса, шундагина бошқалар учун унда вақт қолмайди;

• тижорат сири ёки тўғридан-тўғри алдаш. Тадбиркор уни интернетда тарғиб қиладиган ўзини ўзи банд қилган шахсни топди. У унинг ягона контрагенти – юридик шахси бўлишини у қаердан билсин? Ўзини ўзи банд қилган шахс бу саволга жавоб беришга мажбур эмас ва «Бу сизга тегишли эмас – тижорат сири» баҳонаси билан чекланиши ёки алдаши мумкин: «Бутун мамлакат бўйлаб сиз каби юзлаб мижозларим бор». Тадбиркор эса буни текшира олмайди. Натижада, у хавф остида қолади, лекин ўзи истамаган ҳолда. Солиқ органлари учун эса бу муҳимдир. Яъни, агар ўзини ўзи банд қилган шахс алдаган бўлса, аслида унда хизмат кўрсатадиган корхона битта бўлса, инспекторлар учун бу корхона хавфининг белгиси бўлади. Билмаслик қайта малакалашдан озод этмайди;

3) корхона аввалбошдан ишчи лавозимига ўзини ўзи банд қилган шахсни излаган. Бўш иш ўринлари эълонида улар кўпинча тўғридан тўғри « ....тўлиқ иш куни, ўзини ўзи банд қилиш мақоми талаб қилинади» деб ёзадилар. Архивдан олинган бўш иш ўринлари тўғрисидаги эълон, шунингдек ходимнинг шунга ўхшаш кўрсатмалари мавжуд бўлса, барча салбий солиқ оқибатлари билан меҳнат муносабатларига қайта малакаланади.

 

Корхона солиқ органлари томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни штатдаги ходимларга қайта малакалашини қандай четлаб ўтиши мумкин

Агар сиз ўз корхонангизда ишлаш учун ўзини ўзи банд қилган шахсни жалб қилишга қарор қилган бўлсангиз, қуйидагиларни эслаб қолинг:

• ўзини ўзи банд қилган шахс учун сиз ягона контрагент бўлмаслигингиз керак;

• доимий иш жойи асло бўлмаслиги керак, ўзини ўзи банд қилган шахснинг доимий иш жойи бўлмайди. Агар мавжуд бўлса, демак, бу ўзини ўзи банд қилган эмас, балки ишчи ходим;

• шартнома фуқаролик-ҳуқуқий қонунчилигига мувофиқ тузилган бўлиши керак, унда иложи борича кўпроқ маълумот акс эттирилиши ва интернетдан стандарт шартномани юклаб олмаслик керак. Нима бўлишидан қатъи назар, шартномада меҳнат қонунчилиги тилидан фойдаланишингиз мумкин эмас – иш вақти, функционал вазифалар, лавозим, таътил ва бошқалар сингари;

• агар ёзишмаларда шартнома доирасида ижрочига мурожаат қилган буюртмачи эмас, балки иш берувчи ходимга буйруқ берган бўлса, қайта малакаланиши тайин. Бундай ёзишмалар ҳеч қачон солиқ органларининг қўлига тушмайди, деб ишониб қолманг;

• ўзини ўзи банд қилган шахснинг иш куни бўлиши мумкин эмас. Корхонангизнинг ички тартибидан, унинг ўтиш ва назорат қилиш тизимидан эса у қўлланма сифатида фойдаланиши мумкин;

• қандайдир ўзаро муносабатлар тизими мавжуд бўлса ҳам, у ҳужжатли из қолдирмаслиги керак. Қисмларда, тартибсиз ва турли миқдорларда тўлаш керак. Агар бинога кирган ва чиқиб кетганлар тўғрисида ҳисоб мавжуд бўлса – у ҳам ҳар доим турли вақтларда бўлсин;

• шартномада ўзини ўзи банд қилганлар билан муносабатлар жараёнининг ўзидаёқ муносабатларнинг натижаси аниқ бўлиши керак. Мебель йиғувчи учун – тайёр мебель, дизайнер учун – тасдиқланган махсус дизайн макети, коперайтер учун – топширилган тайёр материаллар. Иш жараёнининг ўзи натижа бўлиши мумкин эмас;

• ўзини ўзи банд қилганлар билан ҳамкорлик қилишнинг ягона мақсади асоссиз солиқ имтиёзларини олиш (СК 14-м. 5-қ.) эканлигини исботлашда солиқ инспекторлари буюртмачи ва ижрочи ўртасидаги муносабатлар тартибига асосланадилар. Сизнинг вазифангиз ўрталарингизда ҳақиқатда қандай муносабатлар мавжудлигини кўрсатишдир. Яъни, уларнинг ҳақиқат эканлигини, сизнинг ҳаракатларингиз солиқ имтиёзини олишни кўзламаслигини исботлаш учун инспекторларга асослаб бериш керак бўлади.

 

Мисол. Ўзини ўзи банд қилган шахсни муносабатларни баҳолаш орқали штатдаги ходимга қайта малакалаш

Йирик корхонада амбулатория шароитида даволанаётган ходимлар учун инъекция, массаж ва лицензия талаб қилинмайдиган бошқа тиббий муолажалар амалга ошириладиган тиббий кабинет мавжуд. Буларнинг барчаси ишчиларнинг тиббий хизматни олишлари учун узоқ вақт давомида ишдан ажралиб қолмасликлари мақсадида қилинган. Бунинг учун тиббий ҳамшира белгиланган вақтга кабинетга келади ва манипуляцияни амалга оширади. У соат 10.00 дан 17.00 гача у ерда бўлиб, барча эҳтиёжи бўлган ходимларга тиббий хизмат кўрсатади. У билан, худди ўзини ўзи банд қилган шахс каби, тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ойлик шартнома тузилади. Тўлов ўтказилган тиббий манипуляциялар сонига боғлиқ ҳолда амалга оширилади.

Солиқ инспекцияси муносабатларнинг ҳақиқийлигини баҳолаб, бундай ўзини ўзи банд қилган мутахассисни штатдаги ходим сифатида қайта малакалайди ва барча белгиланган солиқларни қўшимча ҳисоблайди. У бунда, ўзини ўзи банд қилган шахснинг иш жойига эга бўлиши, иш вақти белгилаб қўйилгани ва мунтазам равишда иш ҳақи олишига асосланади.

 

Биз шундай хулосага келамизки, ўзини ўзи банд қилган шахслар билан ишлаш мумкин, фақат бунда улар ҳақиқатда ишни бажарсалар, аниқ иш мақсади мавжуд бўлса ва ўзини ўзи банд қилган шахс билан фуқаровий-ҳуқуқий тусдаги шартномаси барча зарур талаблар ҳисобга олинган ҳолда тузилган бўлса – олам гулистон.

Прочитано: 110 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика