Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 46 / Жавоб берамиз

Намойиш этиш учун техника

 

Ташкилотимиз (ҚҚС ва фойда солиғини тўловчиси) техника дистрибьютори ҳисобланади ва уни намойиш этиш (тестдан ўтказиш) учун қайтариш шарти билан тақдим қилади. Хизмат бепул кўрсатилади ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди.

1. Мазкур ҳолатда савдо ташкилотида қандай солиқ оқибатлари юзага келади?

2. Қабул қилувчи тарафда ҳам солиқ оқибатлари юзага келадими? 

 

1 Сиз ушбу харажатларни тўғри асослаб берсангиз, тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштирсангиз, регламентларни белгиласангиз ва солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатида қайд этсангиз солиқ оқибатлари юзага келмайди (СК 77, 305-м.).

Қуйидагиларни тавсия қиламиз:

● маркетинг хизматига асос бўлувчи ҳисоб-китобларни тайёрлашни ва унда қуйидагиларни кўрсатишни: қайси техника қандай ҳолатларда ва қанча муддатга берилиши мумкин;

● қабул қилиш-топшириш далолатномасини тасдиқлашни. Сиз йўқотилиш ёки синиб қолиш ҳолатларини ҳисобга олиб техника намунасини олувчи билан битим ёки шартномани ҳам тасдиқлашингиз мумкин;

● масъул ходимларни тайинлашни ва улар билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномаларни тузишни;

● сизнинг ички регламентларингизда белгиланган маркетинг хизматининг харидорларни жалб қилиш дастурининг ҳақиқий самарадорлиги тўғрисидаги ҳисоботларини топшириш даври тугагач ушбу ҳисоботларни олишни;

● бериладиган техниканинг махсус алоҳида ҳисобини юритишни ташкил этиш ва унда қуйидаги масалалар батафсил баён қилишни: у қайтадан бериладими, неча марта берилади, уни ҳисобдан чиқариш қандай амалга оширилади.

 

Қўшилган қиймат солиғи

Техника белгиланган муддат тугагач қайтарилган бўлса, ҚҚС солиш объекти юзага келмайди, сабаби:

● товарга бўлган мулк ҳуқуқини ўтказиш содир бўлмайди (СК ­239-м. 1-қ.);

● асословчи ҳужжатларда намойиш этилгандан (тестдан ўтказилгандан) кейин техникани қайтаришнинг оқилона муддатлари белгиланган бўлса, мол-мулкни бепул фойдаланиш учун бериш хизматлари кўрсатилмайди (СК 239-м. 2-қ. 2-б.). Бироқ техникани қисқа муддатга бериш бепул хизматлар кўрсатиш деб ҳисобланадиган бўлса ҳам, мазкур ҳолатда мол-мулкни бериш даромад олиш мақсадида амалга оширилганлиги сабабли ҚҚС ҳисобланмайди (СК ­239-м. 3-қ. 1-б.).

 

Фойда солиғи

Кўрсатиб ўтилган мижозларни жалб қилиш дастури бўйича харажатлар фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланадиган харажатлар ҳисобланади, сабаби чегирилмайдиган харажатлар рўйхатига киритилмаган ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган харажатлар саналади (СК 305, 317-м.). Албатта, бу тасдиқ харажатлар тўғри расмийлаштирилган тақдирдагина ўринли бўлади.

Мижозларни жалб қилиш дастурида қуйидаги суиистеъмолликларга: техникадан белгиланган муддатидан ортиқ ёки ходимларнинг шахсий мақсадлари учун фойдаланишга йўл қўйилиши мумкин. СКнинг 14-моддаси 1, 5-қисмларидаги қоидаларни эслатиб ўтамиз:

«Солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан ёки шартноманинг номланишидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиниши керак. Агар солиқ тўловчи ягона ёки устувор мақсади солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлган операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини амалга оширса, унинг бундай ҳаракатлари ушбу Кодекс мақсадларида ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб ­эътироф этилади».

2Ташкилотингизда юқорида айтиб ўтилган шартларга риоя этилган бўлса, қабул қилувчи тарафда текин олинган хизматлар тарзидаги даромадлар юзага келмайди (СК 299-м.).

 

Ольга БУСАРОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 327 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика