Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 46 / Божхона

Келажакка рахна солаётган иллат

 

Сўнгги вақтларда кучли таъсир қилувчи ҳамда таркибида психотроп моддалар мавжуд бўлган дори воситаларига қарамлик ҳолати ёшлар орасида ортиб бормоқда. Бу иллат, ўз ўрнида, жамиятнинг бузилиши, ёш оилаларнинг барбод бўлиши, болаларнинг тирик етим қолишига сабаб бўлаётир.

 

Зарарли иллатга қарши қандай кураш олиб борилмоқда?

Божхона органлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда  кучли таъсир қилувчи, психотроп ҳамда таркибида психотроп моддалари мавжуд бўлган дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш ҳамда улар олдини олиш борасида доимий кураш олиб бормоқда. Хусусан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан 2021 йилнинг ўн ойи мобайнида бундай моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 15 ҳолат аниқланган бўлиб, 400 га яқин психотроп таблеткалар, 5 кг дан ортиқ кучли таъсир этувчи моддалар ва 13 мингдан ортиқ номдаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланувига чек қўйилган.

Мисол учун, бошқармамиз ходимлари бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари билан ҳамкорликда пойтахтнинг Яшнобод туманида ўтказган тезкор тадбирида хонадонларнинг бирида салкам 200 млн ­сўмлик 3 400 донадан зиёд кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган. Ачинарли жиҳати шундаки, аниқланаётган бундай ҳолатларда жавобгарликка тортилаётган шахсларнинг аксарияти ҳали 30 ёшга кирмаган, айримларининг ҳуқуқий саводхонлиги йўқ ёки қонун олдидаги жавобгарлик масъулиятидан умуман бехабар.

 

Қонун олдида жавобгарлик

Ваҳоланки, Жиноят кодексининг 246-моддасида кучли таъсир қилувчи ва психотроп моддалар контрабанда ашёси сифатида келтирилган бўлса, ушбу Кодекснинг 2511-моддасида мазкур моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик учун (бунда мазкур моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш ёхуд уларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш ҳаракатлари назарда тутилади):

● базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 1 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;

● ўша ҳаракатлар такроран ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;

● ушбу ҳаракатлар уюшган гуруҳ томонидан ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, шу Кодексга кўра, кучли ­таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёхуд жўнатиш қоидаларини бузиш, агар бу эҳтиётсизлик орқасида уларнинг ўғирланишига ёки бошқа тарзда жиддий зарар етказилишига олиб келган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш белгиланган.

Кодекснинг XIX бобида психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар, яъни:

● психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш учун;

● психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда (ўғрилик ёки фирибгарлик йўли билан) эгаллаш учун;

● психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек уларни кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда ўтказиш учун;

● психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддаларни ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш учун;

● психотроп моддаларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ҳисобга олиш, бериш, ташиш ёки жўнатишнинг белгиланган қоидаларини бузиш учун;

● психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш учун мазкур ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) натижасининг оғирлаштирувчи ёки акс ҳолатига қараб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдоридаги жарима жазосидан бошлаб 20 йилгача озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазолар белгиланган.

Бундан ташқари, Халқаро почта конвенциясида, «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасида ҳамда Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш қоидаларида (АВ рақами 2219, 18.04.2011 йилдаги) рўйхатдан ўтган психотроп модда ва прекурсорларни жўнатиш тақиқланиши, бунда фақатгина қонунчиликда назарда тутилган алоҳида ҳоллар мустаснолиги аниқ белгиланган. Лекин шунга қарамасдан, сўнгги вақтларда республикамиз ҳудудига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг кириб келиши «урф»га айланди. Юқорида келтириб ўтилган аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг 35%и халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида аниқланган ҳолатлардир.

Мазкур келтирилган рақам ва далиллар ҳар биримизни сергакликка чақириши, жамият ва келажак олдидаги масъулиятимизни ошириши керак.

 

Акмал ЖАЛИЛОВ,

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

 

Ҳужжат тили билан

«Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, психотроп моддалар – психотроп моддалар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар бўлиб, улар Вазирлар Маҳкамасининг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида (12.11.2015 йилдаги 330-сон) кўрсатилган моддалардир.

Кучли таъсир қилувчи моддалар – ўз номи билан инсон организмига кучли таъсир этувчи моддалар бўлиб, улардан оғриқ қолдиришда ёки маълум бир дори воситалари билан биргаликда фойдаланиладиган дори воситалари ва бошқа моддалардир. Мазкур моддаларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори (27.09.2019 йилдаги 818-сон) билан тасдиқланган.

Прочитано: 308 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика