Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 46 / Жавоб берамиз

Автомобиль бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганда

 

Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона кейинчалик ўз ходимининг эгалигига ўтказиш учун автомобиль сотиб олишни (кредитга олиниши ҳам мумкин) режалаштирмоқда. Автомобиль қийматининг суммаси ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинади.

1. Бундай битим қандай расмийлаштирилади?

2. Қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?

3. Бухгалтерия ўтказмалари қандай бўлади? 

 

1Саволдан келиб чиқадиган бўлсак, юридик шахс томонидан олинган автомобиль ходимга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилиши ҳақида сўз бормоқда.

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак. Автомототранспорт воситаларига доир битимлар нотариус томонидан нотариал тасдиқланиши лозим, айрим ҳолатлар бундан мустасно (ФК ­386-м. 4-қ.; ВМнинг 7.03.2006 йилдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-б.). Нотариал тасдиқлаш Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги битимларни тасдиқлашнинг маъмурий регламентига (ВМнинг 18.11.2020 йилдаги 726-сон қарорига 2-илова) мувофиқ амалга оширилади.

Нотариал идорада автотранспорт воситасига доир битимларни тўлов мажбуриятларини кечиктириш шарти билан расмийлаштириш учун шартнома матнида ҳисоб-китобни амалга ошириш муддатларини кечиктириш тўғрисидаги шартлар қайд этилиши лозим. Битим тарафлар ўртасида тўлов мажбуриятларини кечиктириш шарти билан тузилган тақдирда, ушбу битимни тасдиқлаган нотариус томонидан мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўйилади ва бу ҳақдаги маълумотлар «Нотариус» ААТга киритилади. Бунда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга қўйилган тақиқ автотранспорт воситаси учун шартномада назарда тутилган пул маблағлари сотувчининг банк ҳисобварағига тўлиқ ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган тақдирда бекор қилинади. Тўлов мажбуриятларини кечиктириш муддати тугагандан сўнг тўлов амалга оширилса, нотариус сотиб олувчидан сотувчи томонидан берилган мажбуриятнинг бажарилишини қабул қилиб олинганлиги ҳақида тилхатни талаб этади (Маъмурий регламентнинг 31, 36-б.).

Тарафлардан бири юридик шахс бўлганда, олди-сотди шартномасини нотариал идорада расмийлаштириш учун Маъмурий регламентнинг 22-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилади.

Автомобиль корхона томонидан кредитга олиниб, кредит бўйича гаров предмети ҳисобланса ва уни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўйилган бўлса, у бошқа шахсга ўтказилиши (сотилиши) мумкин эмас. Мазкур шартлар автокредит шартномасида назарда тутилиши мумкин.

 

2 Ходимга автомобилни сотиш товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланади ва унга ҚҚС солинади (СК 238-м. 1-қ. 1-б., 239-м. 1-қ. 1-б.). Ходимга автомобилни сотишнинг шартномавий қиймати солиқ базаси ҳисобланади. Сиз автомобилни 115 млн сўмга сотадиган бўлсангиз, ҚҚС 15 млн сўмни (115 / 115 х 15) ташкил қилади.

Корхона автомобилни сотиб олиш чоғида тўланган (тўланиши лозим бўлган) кирувчи ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақли бўлади (СК 266-м. 1-қ.).

Фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда автомобилни сотишдан олинган даромад жами даромадга қўшилади, унинг таннархи эса чегириладиган харажатларга киритилади. Жами даромад таркибига киритиладиган автомобилни сотишдан олинган даромад – ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда уни сотиш қийматидир (СК 297-м. 2-қ., 3-қ. 1-б., 305-м. 1–5-қ.).

 

3 Мазкур ҳолатда автомобиль корхона учун асосий восита ҳисобланмайди, бу қайта сотиш учун олинган товардир.

Ходимнинг иш ҳақидан автомобиль қийматини босқичма-босқич ушлаб қолган ҳолда автомобилни (шу жумладан кредитга олинган автомобилни) сотиш бўйича бухгалтерия ўтказмалари қуйидагича бўлади:

Хўжалик муомаласининг мазмуни


Счётлар боғланиши


дебет


кредит


Ходимга автомобиль сотилди (ҚҚС ҳисобланган ҳолда)


4710 «Кредитга сотилган товарлар бўйича ходимларнинг қарзи»


9020 «Товарларни сотишдан даромадлар»

6410 «Бюджетга тўловлар бўйича қарз (ҚҚС)»

Ходимнинг иш ҳақидан босқичма-босқич автомобиль қиймати ушлаб қолинди


6710 «Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»


4710 «Кредитга сотилган товарлар бўйича ходимларнинг қарзи»


 

 

Нурали НУРМУҲАМЕДОВ,

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,

«Norma» МЧЖ экспертлари.

Прочитано: 534 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика