Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 46 / Амалий бухгалтерия

Ускуна босқичма-босқич етказиб берилганда…

 

Иккита хорижий компания (норезидентлар ҳисобланадиган «А» ва «B») ҳамда Ўзбекистоннинг «С» компанияси биргаликдаги фаолият (оддий ширкат) тўғрисидаги шартномани туздилар. Биргаликдаги фаолият доирасида операцияларнинг умумий ҳисобини юритиш «С» компаниясига юкланди. Оддий ширкат тўғрисидаги шартнома доирасида Ўзбекистоннинг «D» компанияси билан узоқ муддатли контракт тузилди. Контракт шартларига кўра «С» компанияси ўз маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич ускуналар тўпламини етказиб беради, таъмирлайди, сервис хизматлари кўрсатади. Буюртмачи – «D» компанияси тўпламнинг қисмлари ишга туширилишига қараб улардан фойдаланади ва олинган пул тушумлари ҳисобидан «С» компаниясига тўплам бўйича харажатларни қоплайди. Ускуналар тўпламига эгалик ҳуқуқи барча харажатлар, шунингдек, устама ҳақ тўланганидан кейингина «D» компаниясига ўтади. Бундай муносабатлар молиявий ижара ёки бўлиб-бўлиб тўлашдек кўринади, бироқ тўловлар графиги (суммалар/муддатлар) белгиланмаган ва вақтинчалик фоизлар ҳисобланмайди.

Ускуналар тўплами қайси корхонанинг балансида ҳисобга олиниши лозим? 

 

– Оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) бўйича шериклар (иштирокчилар) деб аталувчи икки ёки ундан ортиқ шахс фойда олиш ёки қонунга зид бўлмаган бошқа мақсадга эришиш учун ўз ҳиссаларини қўшиш ва юридик шахс тузмасдан биргаликда иш қилиш мажбуриятини оладилар (ФК 962-м.).

Учинчи шахслар билан муносабатларда шерикнинг барча шериклар номидан битим тузиш ваколати унга қолган шериклар томонидан берилган ишончнома билан тасдиқланади ёки оддий ширкат шартномасидан келиб чиқади (ФК ­965-м. 4-қ.). Сизнинг ҳолатда бу Ўзбекистоннинг «С» компанияси.

Шартномага мувофиқ ускуналар тўпламига эгалик ҳуқуқи фақат тўлиқ сотиб олингандан кейингина «D» компаниясига ўтадиган бўлса, демак, босқичма-босқич етказиб бериш, монтаж қилиш ва ишга тушириш даврида мулкка эгалик ҳуқуқи «С» компаниясида қолади. Агар бу молиявий ижара бўлмаса, товар «С» компаниясининг балансида қолиши лозим. Лекин бу нотўғри.

«D» компанияси босқичма-босқич ускуналар тўпламини олади. Юқорида айтиб ўтилган вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, тўплам «D» компанияси учун асосий восита (АВлар гуруҳи) ҳисобланади. Вазиятда айтилишича, «D» компанияси ишга туширилган қисмлардан фойдаланади. Бундан келиб чиқадики, ушбу қисмлар мустақил равишда фойдаланишда бўлади ва мустақил АВлар ҳисобланади. Улар фойдаланишда бўлганлиги сабабли ўз қийматини ишлаб чиқариладиган маҳсулотга ўтказади, демак, мазкур объектларга амортизация ҳисобланиши лозим. Демак, «D» компанияси ускуналар тўпламининг ҳар бир қисмини ишга тушириш чоғида уларни алоҳида АВ сифатида акс эттириши керак. Бироқ корхона АВни балансга киритиш учун унга эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлиши лозим (5-сон БҲМСнинг 5, 7, 20-б., АВ рўйхат рақами 1299, 20.01.2004 й.). Ускуналар тўпламининг ҳар бир қисмига эгалик ҳуқуқи улар етказиб берилганда «D» компаниясига ўтиши керак.

Шу боисдан тарафлар шартноманинг мулкчилик ҳуқуқига тааллуқли бўлган шартларини қайта кўриб чиқишлари лозим. «D» компанияси томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун тарафлар гаров шартномасини расмийлаштириши мумкин. Ускуналар тўплами гаров предмети бўлиши мумкин.

Тушунмовчиликлар юзага келмаслиги учун шартномаларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, шу жумладан бухгалтерия ва солиққа оид қонун ҳужжатлари нормаларини ҳисобга олган ҳолда тузишни тавсия қиламиз. Бунда ҳуқуқшунослар ва солиқ маслаҳатчиларини жалб этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунга ўхшаш вазиятларда молиявий ижара (лизинг) шартномасини тузиш мумкин.

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 206 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика