Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 46 / Солиқ солиш

Алоқа линиялари ва мол-мулк солиғи

 

Тиббий буюмларни ишлаб чиқарувчи корхона томонидан бухгалтерия ҳисобида электр узатиш тармоқлари, алоқа линиялари, сув ва газ қувурлари тармоқлари кўринишидаги объектлар асосий воситалар таркибида «Узатиш қурилмалари» гуруҳида ҳисобга олинди. Ушбу тармоқларнинг вазифаси ўз ишлаб чиқариш ва маъмурий бинолари ўртасида электр энергияси, алоқа, сув ва газни тақсимлашдан иборат, шунингдек уларда мазкур объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар ҳам мавжуд.

Ушбу тармоқларга мол-мулк солиғи солинадими?

 

Саволларга Давлат солиқ қўмитаси Ресурс солиқлар маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Нодир ҚОДИРОВ жавоб берди: 

 

– Кўчмас мулк юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланади. Кўчмас мулк жумласига магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек мазкур объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар киради (СК 411-м.).

Магистраль қувурлар бўйича ҳудудлараро ва (ёки) давлатлараро ресурсларнинг ўтказилиши таъминланади. Корхоналарга тегишли ҳамда бинолар ва иншоотларнинг ажралмас қисми бўлган ички сув қувурлари, канализация ва газ таъминоти тизимларига ушбу бинолар ва иншоотлар таркибида мол-мулк солиғи солинади.

Алоқа соҳасидаги муомала объектлари жумладан бир ёки бир неча узатишларни: телефон, телеграф, факсимиль, бошқа турдаги ҳужжатли маълумотлар узатилишини, телевизион ва радиоэшиттиришлар намойишини таъминлайдиган телекоммуникация тармоқлари ҳисобланади («Алоқа тўғрисида»ги Қонуннинг 2-м.). Агар балансингизда алоқа линиялари мавжуд бўлса, улар мол-мулк солиғи солиш объекти ҳисобланади.

Электр энергиясини узатишга мўлжалланган узатиш линиялари, трансформатор нимстанциялари, тақсимлаш пунктлари электр тармоқлари хўжалиги объектлари жумласига киритилади («Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонуннинг 3-м.). Агар балансингизда электр узатиш линиялари мавжуд бўлса, уларга мазкур объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар билан бирга мол-мулк солиғи солинади.

Магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари бўйича мол-мулк солиғининг солиқ базаси уларнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати ҳисобланади, у календарь йилдаги ҳар бир ойнинг охирги кунидаги ҳолатга кўра солиқ солиш объектларининг йиллик қолдиқ қийматларини қўшишдан олинган сумманинг 1/12 қисми сифатида ортиб борувчи якун билан аниқланади (СК 412-м., 1-қ., 413-м. 1-қ.).

Ушбу объектлар бўйича 2021 йилги солиқ ставкаси ўртача йиллик қолдиқ қийматининг 0,4%ини ташкил этади (СК 415-м. 4-қ.).

Прочитано: 238 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика