Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 46 / Мутахассис тушунтиради

Қандай шахслар ўзаро боғлиқ деб эътироф этилади

 

Солиқ кодексининг VI бўлими кучга кирганидан кейин солиқчилар ўзаро боғлиқ бўлган шахслар ўртасида тузилган битимлар бўйича нархларни назорат қилишлари ҳамда муайян шартларда солиқларни қўшимча ҳисоблашлари керак бўлади. Бу кимларга тааллуқли эканлиги ҳақида ДСҚ Солиқ солиш услубияти департаментининг бош мутахассиси Раъно АЛИШАЕВА сўзлаб берди:

 

– Ўзаро боғлиқликда бир шахс бошқа шахснинг қабул қиладиган қарорларига таъсир кўрсатиши мумкинлиги назарда тутилади. Шахслар ўртасидаги солиққа оид ҳуқуқий муносабатларда ўзаро муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагиларга таъсир кўрсатса, улар ўзаро боғлиқ бўлган шахслар деб эътироф этилади:

● тузиладиган битимларнинг шартларига;

● битимларнинг натижаларига;

● фаолиятининг иқтисодий натижаларига (СК 37-м. 1, 2-қ.).

Агар шахслар ўзаро боғлиқ бўлган шахслар ҳисобланса, улар ўртасидаги битимлар бўйича нархлар солиқ органлари томонидан доимий назорат қилинади.

Ўзаро боғлиқлик белгилари СКда қайд этилган, улар 11 та. Бундан ташқари, солиқ органлари СКда назарда тутилмаган асослар бўйича шахсларни суд тартибида ўзаро боғлиқ деб эътироф этишга ҳам ҳақлидир (СК 37-м. 3, 7-қ.).

Трансферт нархлар шаклланиши устидан назорат қилиш мақсадларида қуйидаги ўзаро боғлиқлик шартлари белгиланган (СК 37-м. 3-қ.)

Шахслар


Ўзаро боғлиқлик шартлари


Юридик шахслар


● бевосита ёки билвосита иштирокнинг улуши 20%дан ортиқни ташкил этади;

● айни бир шахснинг бевосита ёки билвосита ушбу юридик шахсларда иштирокининг улуши 20%дан ортиқни ташкил этади;

● директор ёки бошқарув (директорлар кенгаши ва ҳ.к.) таркибининг камида 50%и айни бир шахснинг қарорига кўра тайинланади;

● бошқарув (директорлар кенгаши ва ҳ.к.) таркибининг 50%дан ортиғини айни бир жисмоний шахслар ва уларнинг оила аъзолари ташкил этади;

● ижро этувчи органнинг (директор ва ҳ.к.) ваколатлари айни бир шахс томонидан амалга оширилади

Юридик ва жисмоний шахслар


● жисмоний шахснинг юридик шахсда бевосита ёки билвосита иштирокининг улуши 20%дан ортиқни ташкил этади


Юридик, жисмоний шахслар


● юридик шахснинг директорини, директорлар кенгаши таркибининг камида 50%ини тайинлашга (сайлашга) оид ваколатларга эга бўлган шахс;

● юридик шахснинг якка тартибдаги ижро этувчи органи ваколатларини амалга оширувчи шахс

Юридик ва (ёки) жисмоний шахслар


● ҳар бир илгариги шахснинг кейинги юридик шахсдаги бевосита иштироки 50%дан ортиқни ташкил этади


Жисмоний шахслар


● бир жисмоний шахс бошқа жисмоний шахсга лавозим мавқеи бўйича бўйсунади;

● жисмоний шахс, унинг эри (хотини), ота-онаси (шу жумладан уни фарзандликка олган ота-онаси), эрининг (хотинининг) ота-онаси, фарзандлари (шу жумладан у фарзандликка олганлар), тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган қариндош ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек васийси (ҳомийси) ва жисмоний шахс ҳомийлигидаги шахс

 

Солиқ кодексида битимларнинг тарафларини ўзаро боғлиқ бўлган шахслар деб эътироф этиш имконияти СКда келтирилган рўйхат билан чекланмаганлиги белгиланган. Юридик ва жисмоний шахслар фаолиятининг иқтисодий натижаларига таъсир кўрсатиш белгилари мавжуд бўлса, расмий иштирок (назорат) белгилари бўлмаса ҳам суд томонидан улар ўзаро боғлиқ деб эътироф этилиши мумкин (СК 37-м. 7-қ.).

Прочитано: 344 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика