Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 45 / Божхона

Узум ортидаги оғу

 

Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ойбек» чегара божхона пости. Бир қарашда бу ерда одатдаги ҳаёт тарзи ҳукмрон. Йўловчилар, транспорт воситалари бир маромда ҳаракатланмоқда. Аслида-чи?  

 

Аслида сиртдан сезилмаса-да, чегара божхона постида хизмат олиб бораётган божхона ходимлари бу ердан ўтиб-қайтаётган ҳар бир транспорт воситасини синчковлик билан кузатишади, ким, нима мақсадда ўтаётганидан тортиб, автотранспорт воситасидаги киши пайқамас ҳар қандай ўзгаришларни таҳлил қилишади.

Божхона соҳасида жорий этилган 60 дан ортиқ ахборот тизими кўмагида транспорт воситаси илгари қачон ўтган, уни қайси ҳайдовчи бошқарган, муқаддам у божхона қоидабузарлигини содир этганми-йўқми, барча-барчаси кўздан қочирилмайди. Айниқса, бугун чегара божхона постларига ўрнатилган замонавий инспекцион кўрик мажмуалари юк автотранспорт воситаларининг барча нуқталарини, пўлат ортидаги кўз илғамас бўшлиқларини ҳам, унга ортилган товарларни туширмасдан туриб, яққол кўздан кечириш имконини беради. Эндиликда мазкур инспекцион кўрик мажмуаларининг барчаси Давлат божхона қўмитасининг Ситуацион марказига интеграция қилиниб, марказдан туриб мувофиқлаштирилади. Буни биз бежиз қайд этаётганимиз йўқ.

2021 йил 30 октябрь. Соат 15.00.

Ташқаридан қараганда осойишта туюлган «Ойбек» чегара божхона постига қўшни давлатдан навбатдаги юк автотранспорт воситаси кириб келади. Ҳужжатларга кўра унга салкам 21 тонна узум ортилган экан. Юклар республикамиз ҳудудидан транзит тарзида ўтиб, Россия Федерациясига етиб бориши лозим. Юк автотранспорт воситаси дастлаб инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилди.

Бунда рентген тасвирларидаги ҳар қандай шубҳали объект навбатдаги қонунбузарлик ҳолати ҳақида муҳим ва ишончли сигнал бўлиши мумкин. Шундай ҳам бўлди: божхона ходимлари тасвирларга асосланиб, авто­транспорт воситаси тиркасининг олд томони пол қисмида шубҳали объектлар бор деган тахминга келишди. Шу сабабли транспорт воситаси чуқурлаштирилган ҳолда божхона кўригидан ўтказиладиган бўлди.

Шубҳа остига олинган машина тезкор тузилмаларнинг махсус кузатуви остида, қолаверса, хавфсизлик нуқтаи назаридан чегара божхона постидан чеккароқ ҳудудга, аниқроғи, «Янгийўл» божхона постига келтирилди. Транспортга ортилган узумлар туширилгач, тиркаманинг пол қисми очиб кўрилди.

Дарвоқе, тиркама пол қисмига оддий ёғоч қириндили қоплама ётқизилгани ҳам шубҳали эди. Ахир, узоқ масофага ва тонналаб юк ташиладиган тиркама полига сувга чидамсиз ва мўрт қоплама қўйилиши мумкинми?

Хуллас, қоплама полида божхона ходимларининг кўзини шамғалат қилиш мақсадида яширин бўлмалар ҳосил қилинган экан. Бўлмалар орасига эса яшил рангли 141 дона елим идиш полиуретан кўпиги кўмагида зичлаб жойлаштирилган экан. Хўш, уларнинг ичида нима бор эди?

Шундай қилиб, Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ойбек» чегара божхона пости ходимлари Давлат божхона қўмитаси тезкор тузилмалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказган навбатдаги тезкор тадбирда 141 дона елим идишларда идиши билан ҳисоблаганда жами 156 кг га яқин наркотик моддаларнинг яширинча олиб кирилиши фош қилинди.

Дарвоқе, идишлардаги гиёҳвандлик воситаларининг ҳидини хизмат итлари пайқамаслиги учун яна бир айёрлик қўлланган – идиш қопқоғи махсус смола – қатрон кўмагида қотирилган.

Шу тариқа божхоначиларнинг ҳушёрлиги остида ҳамда замонавий технологиялар кўмагида амалга оширилган тезкор чора-тадбир ўз самарасини берди. Мазкур ҳолатда тўхтатиб қолинган юклар орасида 149,76 кг «гашиш», 4,44 кг «опий» ва 1,52 кг «героин» гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланди.

Шунингдек, жиноят қуроли сифатида қиймати 1 млрд 80 млн сўмлик юк автотранспорт воситаси ва 20,8 тонна оғирликдаги узум ҳам вақтинча сақловга олинди.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳусан ТАНГРИЕВ,

ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори.

Прочитано: 397 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика