Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 44 / Халқаро ҳамкорлик

Марказий Осиё: транспорт соҳасидаги ҳамкорлик

 

«Мозори Шариф–Қобул–Пешовар» темир йўл тармоғи – тараққиёт сари кўприк

 

Тарихдан маълумки, Марказий ва Жанубий Осиё бир бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган минтақалар ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу минтақалар ўртасидаги тарихий алоқаларни қайтадан йўлга қўйиш ва ривожлантириш долзарб масалаларга айланган. Бу борада айниқса Марказий ва Жанубий Осиёда замонавий, самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш энг муҳим йўналишлардан бўлиб қолмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан амалга оширилаётган «Мозори Шариф–Қобул–Пешовар» темир йўл тармоғининг қурилиши (ушбу темир йўл тармоғи лойиҳаси дунё ҳамжамиятида «Трансафғон транспорт коридори» номи остида эътироф этилади) Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда аср лойиҳаси бўлди ҳамда у Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги асосий кўприк сифатида кўрилмоқда1.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Жанубий Осиё аҳолиси сони 2 млрд га яқин бўлиб, ЯИМ эса салкам 3,5 трлн АҚШ долларини ташкил этади. Сўнгги 5 йиллар оралиғида Жанубий Осиё минтақаси иқтисодиёти дунёда 15%га ўсди, 2040 йилга келиб ушбу кўрсаткич 30%дан ошиши кутилмоқда. Биргина, 2020 йилда ЯИМ ҳажми 3 трлн AҚШ долларидан ошадиган Ҳиндистон иқтисодий коридор мамлакатлари учун жозибадор бозор ва сармоя манбаи ҳисобланади.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқалари ўсиб, 2020 йил якунлари бўйича ташқи савдо ҳажми 1,38 млрд АҚШ долларини ташкил қилди. Бу Ўзбекистон жами ташқи савдо ҳажмининг 3,8 фоизини ташкил қилади. Жанубий Осиё минтақаси мамлакатлари кесимида товар айланмасида энг катта ҳажм Aфғонистон ҳиссасига тўғри келади – 59,1% (Ҳиндистон – 32% ва Покистон – 8,9%)2.

Ушбу темир йўл тармоғининг қурилиши Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг транзит салоҳиятини тўла амалга ошириш, очиқ денгиз портларига чиқиш орқали юкларнинг туриб қолиши ва ташиш муддатлари ва нархларини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилади. Хусусан, лойиҳа тўлиқ амалга ошса, Ўзбекистондан Покистонга юк ташиш муддати 35 кундан бор йўғи 3-5 кунгача қисқаради.

Ҳозирда мамлакатимиздан Эроннинг Бандар Аббос денгиз портига 1 дона контейнерни ташиш 2 600 – 3 000 АҚШ долларга тушаётган бўлса, бу лойиҳанинг амалга ошиши Карачи денгиз портига чиқиш учун бор-йўғи 1 400 – 1 600 АҚШ долларини сарфлашга тўғри келади (1,5–2 баробар кам).

Шунингдек, Ўзбекистон орқали Жанубий Осиё мамлакатларидан МДҲ давлатлари ва Европага бугунги кунда транзит юкларни етказиб бериш йилига 3–4 млн тоннани ташкил қилса, лойиҳа амалга ошиши натижасида транзит юкларни ташиш 2 баробарга оширади3.

«Мозори Шариф–Қобул–Пешовар» лойиҳасининг ишга туширилиши натижасида Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига чиқишдаги имкониятлари кенгайиши билан бирга, транспорт коридорлари муқобиллигининг ошиши кутилмоқда. Бинобарин, мамлакатимиз экспорт юкларини жаҳон бозорига олиб чиқишда фойдаланилаётган «Шимолий халқаро транспорт коридорлари»га боғлиқлиги камайиши билан бирга юкларни ташишда транспорт диверсификацияси вужудга келиши таъминланади. Шу билан бир қаторда, «Шимолий халқаро транспорт коридори»га чиқишда Қозоғистон ва Россия давлатларига ўзаро транзит соҳасидаги боғлиқлик даражаси камайиб, муқобил транспорт коридорида экспорт юкларининг таннархи арзонлашади.

«Мозори Шариф–Қобул–Пешовар» лойиҳасини молиялаштиришда Европа инвестицион банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки каби дунёдаги бир қатор молиявий институтлар ҳамкорлик қилишини билдириб ўтмоқда. Жаҳон банки бу лойиҳанинг дала ишларини молиялаштириш учун 35 млн АҚШ доллари миқдорида ёрдам беришини билдириб ўтган4. Шунингдек, халқаро молия ташкилотлари томонидан 4,8 млрд доллар жалб этилиши кутилмоқда5.

Бунга қўшимча тарзда Афғонистон ҳудудида узунлиги 260 км, умумий қиймати 150 млн АҚШ доллар бўлган 500 кВт қувватга эга «Сурхон–Пули Хумри–Доши–Сурабай–Жалолобод–Пешовар» электр узатиш линиясини қуриш режалаштирилган. Ўзбекистон ушбу лойиҳага Осиё тараққиёт банки субсидиялари ҳисобидан 45 млн долларни молиялаштиради6. Ушбу лойиҳанинг Марказий Осиё минтақаси учун анчайин рақобатбардошлиги Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари портларига Эрон Ислом Республикаси ҳудуди орқали борадиган йўналишлар билан таққослаганда яққол кўринади. Унинг қуйидаги афзалликлари бор:

● ушбу коридор орқали Покистоннинг Карачи ва Қосим денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш мумкин;

● Ўзбекистон миллий маҳсулотларининг истеъмолчиси кўп бўлган Покистон ва Ҳиндистоннинг истиқболли бозорларига кириш, шунингдек мамлакитимиз орқали Ҳиндистон ва Покистондан МДҲ давлатлари, Европа ва Хитойнинг шарқий қирғоқларига юк ташишни ­таъминлаш мумкин;

● юзага келадиган транспорт харажатларини камайтириш мумкин, яъни Тошкент–Бандар Аббос–Мумбай денгиз порти ва бошқа Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари денгиз портлари орасидаги масофа – 4 249 км, Тошкент–Карачи–Мумбай денгиз порти ва бошқа Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари денгиз портлари орасидаги масофа эса – 35 88,1 км (661 км га қисқа).

 

Маълумот учун. Денгиз алоқасидан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлган давлатларнинг транспорт ва транзит харажатлари ҳажми денгизга чиқа олмайдиган мамлакатларга қараганда 2-3 баробар кам.

 

Дарҳақиқат, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида ягона ёндашувнинг шаклланиши халқаро ҳамжамият томонидан «Мозори Шариф–Қобул–Пешовар» темир йўлининг қурилишига нисбатан катта қизиқиш ва ишончнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Айнан шу омиллар темир йўлни қуришда келажакда мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради. Мутахассислар фикрига кўра, ушбу лойиҳани Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг минтақавий хавфсизлигини ўзаро боғлайдиган бир «камар» сифатида кўриш мумкин.

Бироқ, ушбу лойиҳани амалга оширишда қуйидаги омиллар салбий таъсир кўрсатмоқда:

биринчидан, транспорт коридорининг яратилиши билан боғлиқ муаммолардан бири инфратузилманинг тўлиқ шаклланмаганлиги;

иккинчидан, лойиҳани амалга оширишда Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш борасидаги муаммолар алоҳида аҳамият касб этмоқда;

учинчидан, минтақаларда жойлашган давлатлар ўртасидаги темир йўл излари кенглигидаги тафовутлар коридорда юкларни ташишда муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги кузатилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё давлатларида шакллантирилган темир йўл рельслари орасидаги масофа кенглиги 1 520 мм стандартига эга бўлса, ушбу коридорнинг истиқболларида муҳим ўрин тутувчи Покистон ва Ҳиндистонда 1 676 мм кенглигидаги темир йўл излари ётқизилган7.

Хулоса қилиб айтганда, «Трансафғон транспорт коридори»нинг истиқболи жуда улкан ва бу йўналиш Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон орқали ҳаракатланадиган деярли барча юк оқимларини ўз зиммасига олади. Қолаверса, ушбу коридор Европа, Марказий Осиё, Покистон, Ҳиндистон ва ундан кейин Жанубий-Шарқий Осиё ўртасидаги савдо-сотиқни кенгайтириш, импорт ва экспортни кўпайтиришга хизмат қилади. Ўзбекистон эса Марказий Осиё учун логистика марказига айланади.

«Мозори Шариф–Қобул–Пешовар» темир йўлининг аксарият қисми қўшни Афғонистонда жойлашганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бугунги кунда мамлакатда бўлаётган баъзи бир нотинчликлар, яъни янги ҳукуматнинг ташкил топганлиги туфайли лойиҳани амалга оширишда баъзи бир узилишлар бўлиб турди. Бироқ, жорий йил давомида мамлакатимиз қўшни Афғонистон билан ушбу лойиҳа масаласида кўплаб музокаралар олиб борди. Хусусан, жорий йил Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари С.Умурзаков ҳамда Афғонистон муваққат ҳукумати бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи А.Ҳанафий иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Музокараларда Тошкент ва Қобул орасида инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, Сурхон–Пули Хумри электр узатиш линиясини ўтказиш ҳамда Термиз–Мозори Шариф–Қобул–Пешовар темир йўлини қуриш масалалари борасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди8.

Ушбу лойиҳа орқали Мозори Шариф ва Пешоварда жаҳон стандартларига мос келадиган мамлакатимизнинг миллий логистика марказларини очиш, шунингдек юкларни аралаш транспорт – автомобиль ва темир йўл орқали ташишни ташкил этиш, келгусида эса Европа ва Осиё ўртасидаги транспорт кўприги сифатида Ўзбекистон Республикаси темир йўли инфратузилмасини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Умумлаштириб айтганда, «Трансафғон транспорт коридори»нинг яратилиши Ўзбекистон манфаатлари юзасидан миллий иқтисодиётни ривожлантириш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ташқи бозорга чиқаришда қулайликлар яратиб, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлайди.

Шунингдек, «Трансафғон транспорт коридори»нинг Эронга олиб чиқувчи йўналиши билан биргаликда Покистон портларига чиқувчи тармоғининг шакллантирилишини қўллаб-қувватлаш орқали йўналиш диверсификация қилинади.

Ушбу лойиҳа орқали мамлакатимиз миллий бозорини нафақат Афғонистонга, балки Жанубий Осиёнинг йирик иқтисодий салоҳиятга эга бўлган давлатларига, улар орқали Жанубий Шарқий Осиёнинг ривожланган мамлакатларига киритишга эришилади. «Мозори Шариф–Қобул–Пешовар» лойиҳаси орқали Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларида транзит давлатлардан бирига айланади ҳамда иқтисодий ривожланиш орқали Афғонистонда тинчлик таъминланади.

 

Хуршид ШАРИПОВ, мустақил тадқиқотчи. 

 

1«Это проект века». Президент — о железной дороге «Мазари-Шариф — Кабул — Пешавар». https://www.gazeta.uz/ru/2021/06/02/railway-afghan.

2Давлат статистика қўмитаси расмий сайти. https://www.stat.uz/uz/.

3 «Мазари-Шариф — Пешавар»: коридор в новое будущее Центральной и Южной Азии.

https://www.gazeta.uz › 2021/02/11 › route.

4«Это проект века». Президент — о железной дороге «Мазари-Шариф — Кабул — Пешавар».

https://www.gazeta.uz › 2021/06/02 › railway-afghan.  

5Islamuddin S. Pakistan signs letter on trilateral railway project: Trans-Afghan railway line would connect Islamabad with Uzbekistan and Afghanistan. https://www.aa.com.tr/en/asia-pacific/pakistan-signs-letter-on-trilateral-railway-project.

 6Узбекистан и талибы проведут переговоры по строительству ЛЭП «Сурхан – Пули-Хумри» и новой железной дороги «Мазари-Шариф–Кабул–Пешавар». https://podrobno.uz/cat/economic/uzbekistan-i-taliby-provedut-peregovory-po-stroitelstvu-lep-surkhan-puli-khumri-i-novoy-zheleznoy-do/.

7https://ru.wikipedia.org › wiki › Ширина_колеи.

8Тошкент ва Қобулнинг қўшма лойиҳалари давом этмоқда. https://sputniknews-uz.com/20211022/toshkent-va-qobulning-qoshma-loyihalari-davom-etmoqda.

Прочитано: 261 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика