Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 44 / Божхона

Қонунчиликдаги янгиликларнинг ўзига хос жиҳатлари

 

Божхона брокерлари уюшмасининг Давлат божхона қўмитаси кўмагида пойтахтнинг «Avalon» бизнес-марказида ўтказилган семинари божхона ва ТИФ соҳасидаги қонун ҳужжатларига киритилган янгиликлар шарҳига бағишланди. 

 

ББУ раиси ўринбосари Энвер Халилов семинарда ТИФга тааллуқли ўзгартиришлар билан таништирар экан, иштирокчилар эътиборини Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (2.06.2021 йилдаги ПҚ-5133-сон) қаратди. Хусусан, унга мувофиқ Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (29.06.2018 йилдаги ПҚ-3818-сон) 3-бандидан қуйидаги хатбоши чиқариб ташланди: «Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо-давлатларнинг аккредитацияланган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган товарларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришда улар мажбурий тартибда сертификатланиши талаб этилмайди» 

.

Рақамли маркировкалаш бўйича тажриба лойиҳалари

Мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш мақсадга мувофиқлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш, шунингдек, айрим турдаги маҳсулотларнинг янги тоифаларини рақамли маркировкалаш механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор (20.05.2021 йилдаги 322-сон) қабул қилинди. ББУ раиси ўринбосари қарор билан тасдиқланган қуйидаги ҳужжатларга эътиборни қаратди:

● Мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этиладиган ҳамда тажриба лойиҳалари амалга ошириладиган айрим турдаги маҳсулотлар рўйхати;

● Рақамли маркировкалашни амалга ошириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва дастурий таъминотлар билан жиҳозланадиган тадбиркорлик субъектлари – тажриба лойиҳаси иштирокчилари рўйхати;

● Дори воситалари ва тиббий буюмларни, сув ва салқин ичимликларни, маиший техникаларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом;

● Айрим турдаги маҳсулотлар янги тоифаларини рақамли маркировкалаш механизмларини ишлаб чиқиш тажриба лойиҳасини амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси («Йўл харитаси»).

Таъкидланишича, тадбиркорлик субъектларининг тажриба лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида ихтиёрий иштирок этиши уларни қонунчиликда белгиланган ишлаб чиқариш ва мажбурий маркировкалаш талабларига риоя этишдан озод этмайди.

 

Мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этиладиган ҳамда тажриба лойиҳалари амалга ошириладиган айрим турдаги маҳсулотлар
рўйхати

Маҳсулотнинг номи


Тажриба лойиҳаси бошланадиган сана


Мажбурий рақамли маркировкалашни босқичма-босқич жорий этиш бошланадиган сана*


ТИФ ТН коди


Дори воситалари ва тиббий буюмлар


2021 йил 1 июнь


2022 йил 1 февраль


3003, 3004


Сув ва салқин ичимликлар


2021 йил 15 июнь


2022 йил 1 март


2009, 2201, 2202


Маиший техника


2021 йил 1 июль


2021 йил 1 декабрь


8414, 8415, 8418, 8422, 8423, 8450, 8508, 8509, 8510, 8516, 8518, 8519, 8521, 8525, 8527, 8528


 

 

*ТИФ ТН кодларда келтирилган маҳсулотлар турлари бўйича мажбурий маркировкалашни жорий этиш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда «Asl belgisi» МАТ оператори томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда белгиланади.

 

Фитосанитария назорати бўйича янги орган

Президентнинг «Республикада ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (15.07.2021 йилдаги ­ПФ-6262-сон) мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси негизида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ташкил этилди. Фармон билан «Ўзагрокимёҳимоя» АЖ ва ҳудудий «Агрокимёҳимоя» АЖлар, шунингдек Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш бўйича давлат комиссияси тугатилди.

Агентликка 6 ой муддатда «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги ва «Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар нормаларини қайта кўриб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тегишли қонун лойиҳасини киритиш топширилди. Шунингдек жорий йил якунига қадар минерал ўғит ва кимёвий воситалар импорти, улгуржи ва чакана савдо фаолиятини лицензияланадиган фаолият турлари рўйхатига белгиланган тартибда киритиш чораларини кўриш топширилди.

Энвер Халиловнинг таъкидлашича, ЎзР божхона чегарасида ва божхона ҳудудида карантин остидаги маҳсулотлар ва объектларга нисбатан қўйиладиган фитосанитар талабларга ўзгартиришлар киритилиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боисдан бундай турдаги товарларни божхонадан ўтказиш билан шуғулланадиган божхона расмийлаштируви мутахассислари буни ёддан чиқармасликлари лозим.

 

Юк ташувчилар учун божхона имтиёзлари

Автомобиль транспортида юк ташувчи тадбиркорлик субъектларининг автотранспорт воситалари паркини янада янгилаш ва модернизация қилиш, шунингдек маҳаллий юк ташувчилар учун қулай рақобат муҳитини яратиш мақсадида мамлакатимиз Президенти томонидан «Автомобиль транспортида юк ташувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор (19.08.2021 йилдаги ПҚ-5225-сон) имзоланди. Ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилган:

1) юк ташиш учун мўлжалланган, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт воситаларини 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда уларга божхона божининг, утилизация йиғимининг ва автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун автотранспорт йиғимларининг ноль ставкалари қўлланилади:

● «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган автотранспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8701 20, 8704 22 (самосваллардан ташқари);

● тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39);

2) Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт воситалари 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда мажбурий сертификатлашдан озод қилинади:

● «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган юк ва махсус автотранспорт воситалари;

● автомобиль транспортида юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркамалар ва ярим тиркамалар.

Ҳужжат билан Президент ва Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилди (ПҚ-5225-сон қарорга илова). Президентнинг «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» (6.03.2019 йилдаги ­ПҚ-4230-сон) қарори 9-банди 3-хатбошисидан «8701 20,», «8704 22,» ва «, 8716 31, 8716 39» рақамлари чиқариб ташланди.

ББУ раиси ўринбосари 9-банд ­3-хатбошисининг қуйидаги янги таҳририга эътиборни қаратди:

«2022 йил 1 январга қадар:

локомотивлар, темир йўл вагонлари ва бутловчилар (ТИФ ТН коди 8601–8607), барча типдаги юк контейнерлари (ТИФ ТН коди 8609), учиш аппаратлари (ТИФ ТН коди 8802) божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);

ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган, юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8704 21 (рефрижераторлар), 8704 23 (самосваллардан ташқари) ва авиация ёқилғиси божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин». 

 

МИЗ иштирокчилари учун имтиёзлар

Инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Президентнинг «Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда (14.09.2021 йилдаги ПҚ-5243-сон) белгиланишича:

● 2020 йил 1 январдан бошлаб МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёзлар бекор бўлганлиги муносабати билан мазкур солиқ имтиёзларининг фойдаланилмай қолган қисми 2020 йил 1 октябрга қадар МИЗ иштирокчиларининг реестрига киритилган иштирокчилар учун, улар томонидан киритилган инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, улар реестрга киритилган санадан бошлаб 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатларда тўлиқ қўлланилади;

● МИЗ иштирокчиларига 2021 йил 15 сентябрдан бошлаб маҳсулот ишлаб чиқаришда ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларни импорт қилганда ҚҚС ва божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилади.

 

Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш учун

Президентнинг «Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (30.09.2021 йилдаги ПФ-6318-сон) билан ЎзР ҳудудига олиб киришда қуйидаги товарлар ва транспорт воситалари учун қонунчиликда назарда тутилган божхона божи бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2024 йил 1 январга қадар узайтирилади:

● белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб кириладиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари;

● нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган янги тез тиббий ёрдам автомобиллари (ТИФ ТН кодлари 8703 22 101 0, 8703 23 193 0, 8703 24 101 0, 8703 31 101 0, 8703 32 191 0, 8703 33 191 0);

● белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатларга кўра тематик хиёбонлар, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларини қуриш, қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хом ашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, қурилиш ва бошқа материаллар (шу жумладан мебель ва инвентарь);

● ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ортиқ бўлмаган, йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ҳамда ҳайдовчидан ташқари 8 ва ундан ортиқ ўриндиқларга эга бўлган транспорт воситалари;

● Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, транспорт-логистика хизматлари кўрсатишга мўлжалланган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган омборхона ускуналари, юк ортиш-тушириш техникаси, агрегатлар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа товарлар;

● дор (осма) йўллари, тоғ-чанғи кўтаргичлар, фуникулёрлар ва бошқа ўхшаш объектлар, «банжи-жампинг» ва «зиплайн» аттракционлари, бошқариладиган (дирижабль, ҳаво шари) ва бошқарилмайдиган (эркин учиш) аэростатлар, гондолалар, «рафтинг» ва «флайбординг» учун ускуналар, механизмлар ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек, «buggy car», фаэтонлар, жойлаштириш воситаси сифатида тунаб қолиш учун жиҳозланган (ғилдирак устидаги уйлар) ёки кафе-фургонларга айлантирилган «фудтрак» ер усти транспорт воситалари, моторли қайиқ ва квадроцикллар.

Шунингдек мазкур Фармоннинг 1-бандида назарда тутилган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун, агар уларнинг ишлаб чиқарилганлигига 4 йилдан ортиқ бўлмаса ҳамда «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келса, 2024 йил 1 январга қадар утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилиши белгиланган.

ЎзР ҳудудига олиб киришда қуйидаги товарлар 2021 йил 1 октябрдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинади:

● белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича таълим ташкилотлари учун ўқув лаборатория ва махсус асбоб-ускуналар ва жиҳозлар;

● тақиқланмаган ўйин автоматлари (ТИФ ТН коди 9504 30 200 1, 9504 30 200 9), видеоўйинлар учун ускуналар (ТИФ ТН коди 9504 30 100 0), ва боулинг учун автоматик ускуналар (ТИФ ТН коди 9504 90 800 9);

● белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб келинадиган янги стоматология ва косметология асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари.

 

Экспорт қилинадиган маҳсулотларни ташиш харажатларини қоплаш ҳақида

ВМнинг 4.10.2021 йилдаги 618-сон қарори билан Маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, унга мувофиқ компенсация тақдим этилиши учун:

● экспорт қилувчи Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатига олинган;

● маҳсулотлар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган;

● маҳсулотлар Ўзбекистон Республикаси билан чегарадош бўлмаган давлатларга экспорт қилинган (Афғонистон Ислом Республикасига экспорт қилинган маҳсулотлар ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно);

● маҳсулотлар белгиланган тартибда экспорт режимига жойлаштирилган (5 000 АҚШ долларигача бўлган қийматдаги маҳсулотларнинг почта жўнатмалари орқали экспорти бундан мустасно);

● экспорт шартномасида маҳсулотларни етказиб бериш бўйича транспорт харажатлари экспорт қилувчи зиммасига юкланган ва ушбу харажатлар учун тўловлар экспорт қилувчи томонидан амалга оширилган бўлиши керак.

Ариза ва тегишли ҳужжатлар бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, шу жумладан, Агентликнинг веб-сайти орқали тақдим этилади.

Экспорт қилувчи аризаси бўйича компенсация бериш юзасидан қарор (хулоса) ваколатли орган томонидан қабул қилинади. Бунда аризани кўриб чиқиш учун тўлов ундирилмайди.

Компенсация беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

● белгиланган шартларга ёки уларнинг бирига номувофиқлиги;

● ҳужжатларда ишончсиз ва нотўғри маълумотлар мавжудлиги ёки маълумотларни бузиб кўрсатиш ҳолатлари аниқланган тақдирда;

● жорий йил учун ажратилиши кўзда тутилган субсидия тугаган бўлса.

Маҳсулотларни экспорт қилиш чоғида транспорт харажатларининг 50%гача қисми қоплаб берилади.

Прочитано: 451 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика