Компаниянинг асосий фаолият тури – транспорт воситалари ва махсус қурилиш техникасини улгуржи сотиш. Етказиб бериш шартлари – Тошкент CIP. Товар етказиб берилгандан кейин компания товарни олиб кириш, шу жумладан божхона тартиб-таомиллари билан боғлиқ тўловлар ва зарур тадбирларни амалга оширади. Божхонада тозалашдан ўтказилгандан кейин техника божхона омборидан хусусий сақлаш омборига ўтказилади. Бунда ЁММ бўйича харажатлар юзага келади. Техника пировард истеъмолчига ҳақиқатда сотилгунига қадар туриб қолганда аккумулятор ўтириб қолмаслиги учун вақти-вақти билан ёқиб туриш, жойидан бошқа жойга қўзғатиб туриш лозим. Шу боисдан ҳар бир транспорт воситасига бензин (20 литрдан) қуйилади. Техника 1 кундан ярим йилгача бўлган муддатда сотилади. Сотилганда бакда ЁММ қолиб кетиши мумкин.
Техникани бакда қолган ёқилғини ҳисобга олган ҳолда реализация қлиш тўғри бўладими? Қолган ёқилғини ҳисобдан чиқаришда бундай операция қандай бухгалтерия ҳужжатлари билан расмийлаштирилади? Бунда қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?
Саволга Молия вазирлиги бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубияти департаментининг тадбиркорлик субъектларининг бухгалтерия ҳисоби методологияси бўлими бошлиғи Асал ҲОШИМОВА жавоб берди:
– Транспорт воситаларини сотиш чоғида сотувчидан олинган автомобилни харидор жойлашган жойгача олиб бориш учун бакда ёқилғи бўлиши зарур.
Шу боисдан транспортни профилактик ҳаракатлантириш учун фойдаланиладиган ёқилғи-мойлаш материалларини тўғри ҳисобга олиш учун корхонада автомобилнинг тури ва моделига қараб ёқилғи харажатлари нормативлари тасдиқланган бўлиши лозим. Шунингдек ҳисоб сиёсатида автомобилни сотиш чоғида ёқилғи харажатларини ҳисобга олиш ва ҳужжатлар билан расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари қайд этилиши лозим, шу жумладан солиқ солиш мақсадларида бундай харажатларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини таъминлаш учун шундай қилинади. ЁММни ҳисобдан чиқариш далолатномаси, бошланғич ҳисоб ҳужжатларининг мажбурий реквизитлари мавжуд бўлганда йўл варақалари ЁММ тўғри ҳисобдан чиқарилишини таъминловчи ҳужжатлар ҳисобланади.
Автомобиль техникасидан фойдаланадиган корхоналар учун Автомобиль ҳаракатланувчи таркибини ёқилғи ва мойлаш материаллари харажатлари нормалари ишлаб чиқилган (Ўзстандартнинг 28.07.2003 йилдаги 05-20-сон қарори билан тасдиқланган).
Корхона автомобиль бакдаги ёқилғиси билан бирга сотилган ҳолатларда олди-сотди шартномасида алоҳида бандда ёқилғи ҳажми кўрсатиши керак. Яъни автомобилнинг олди-сотди шартномасида бакдаги ёқилғининг берилиш шартларини алоҳида келишиб олиш лозим.
Мазкур ҳолатда ёқилғи мавжуд бўлмаган тақдирда харидор автомобилнинг қандай ишлашини текшира олмайди ёки яқин орада жойлашган ёқилғи қуйиш шохобчасигача етиб боролмайди. Бинобарин, бакда маълум миқдорда ёқилғи бўлиши шарт. Шу тариқа, сотилаётган автомобилнинг бакидаги бензин қиймати автомобилни сотиш билан бевосита боғлиқ харажатлар ҳисобланади. Ёқилғи харажатлари қуйидаги ўтказмалар билан акс эттирилади:
● Дт 9410 «Сотиш харажатлари»
● Кт 1030 «Ёқилғилар».
Ушбу бухгалтерия ёзуви автомобилни реализация қилиш санасида амалга оширилади ва шу билан бирга уни реализация қилишдан олинган даромад ҳисобланади.
Мазкур ҳолатда ёқилғи товар ҳисобланмайди ва унинг қиймати автомобилни реализация қилишда харидорга бериладиган ҳужжатларда акс эттирилмайди.
Ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилганда ва ёқилғи тўғри сарфланганда корхона учун ушбу харажатлар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган харажатлар деб эътироф этилади, демак, фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар ҳисобланади (СК 305-м.).