Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 44 / Бухгалтерга ёрдам

Ходимга квартирани қандай сотиш мумкин

 

Корхонанинг балансида асосий воситалар таркибида хизмат турар жойлари сифатида фойдаланилган квартиралар ҳисобда туради. Уларни ходимларга қолдиқ қиймати бўйича сотиш режалаштирилмоқда.

Бундай хўжалик операцияси ҳисобда қандай акс эттирилади ва у битим томонлари учун қандай солиқ оқибатларига эга бўлиши мумкин?

 

Саволга Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти департаменти бўлим бошлиғи Асал ҲОШИМОВА жавоб берди: 

 

– Корхонада квартиранинг бухгалтерия ҳисоби ундан кейинчалик фойдаланиш мақсадидан келиб чиқиб белгиланади. Шу боис, бошланғич ҳисоб ҳужжатларидан ташқари, корхона раҳбарининг квартиранинг мақсади тўғрисидаги буйруғини, ходимларга фойдаланишга қабул қилиш-топшириш далолатномаларини расмийлаштириш зарур.

Уни ходимларга тақдим этиш шартларидан (тўлов эвазига ёки текин) қатъи назар, хизмат турар жойи сифатида фойдаланилаётган квартиранинг қиймати бухгалтерия ҳисобида асосий воситалар объекти сифатида акс эттирилади. Алоҳида ҳисоб юритиш учун асосий воситалар ҳисобини юритиш счётлари гуруҳида алоҳида 0100-счётни очиш мумкин.

Уни сақлаш харажатлари (шу жумладан – амортизация ва барча турдаги таъмирлаш) бошқа операция харажатлари (9430-счёт) сифатида давр харажатлари таркибига киритилади.

Агар корхона аввалбошдан квартирани кейинчалик ходимга сотиш учун харид қилган бўлса, у АВни тан олиш мезонларига тўғри келмайди (5-сон БҲМС 3-4-б., АВ рўйхат рақами 1299, 20.01.2004 й.). Унинг қиймати мазкур ҳолда товарларни ҳисобга олиш счётларида (2990-счёт) акс эттирилади.

 

Реализация қилиш қандай расмийлаштирилади

Агар корхона квартирани ходимига реализация қилса, кўчмас мулкни олди-сотди шартномаси расмийлаштирилади (ФК 29-боби 7-параграфи). Агар сотиш нархи бозор нархидан фарқ қилса, қўшимча солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин.

Квартирани реализация қилишдан олдин битимни амалга ошириш учун иштирокчиларнинг (акциядорларнинг) розилиги талаб қилиниши мумкин, агар жамият уставида бу назарда тутилган бўлса. Қонунчиликка асосан агар квартирани сотиш ёки сотиб олиш бўйича битим йирик битим ҳисобланса (масалан, квартира-апартаментлар), иштирокчилар (акциядорлар)нинг қарори зарур бўлади. Қонунчилик талаблари бузилган ҳолда тузилган йирик битим жамият ёки унинг иштирокчиси даъвоси бўйича суд қарорига кўра ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин («Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 83-84-м.; ­«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 44-м.).

 

Бухгалтерия ҳисоби

Асосий воситаларнинг чиқиб кетишида қуйидаги формула бўйича молиявий натижа (МН) аниқланади (5-сон БҲМС 53-б.):

МН = РТ – ҚҚ – ҚҚС – ЧХ + ҚС,

бунда:

РТ – реализация қилишдан олинган тушум;

ҚҚ – қолдиқ қиймат (бошланғич (тиклаш) қиймати жамланган эскириш айирилган ҳолда);

ҚҚС – қўшилган қиймат солиғи (тўловчилар учун);

ЧХ – чиқиб кетиши бўйича харажатлар;

ҚС – қайта баҳолаш сальдоси.

 

МИСОЛ. Бухгалтерия ҳисобида асосий воситани реализация қилишни акс эттириш

ҚҚС тўловчиси бўлган корхонанинг асосий воситалари таркибида қуйидаги кўрсаткичлар билан квартира ҳисобда туради:

бошланғич қиймати – 389 193,6 минг сўм;

жамланган эскириш – 21 393,0 минг сўм;

қайта баҳолаш сальдоси – 85 289,0 минг сўм.

Корхона ушбу квартирани ўз ходимига қолдиқ қиймат бўйича 367 800,6 минг сўмга (389 193,6 – 21 393) ҚҚС билан сотади.

Квартиранинг бозор қиймати баҳолаш ташкилотининг маълумотларига кўра унинг қолдиқ қийматига (ҚҚС ҳисоблаш билан) мос келади.

ҚҚС 55 170,09 минг сўм (367 800,6 х 15%).

Реализация қилишнинг умумий қиймати: 367 800,6 + 55 170,09 = 422,970,69 минг сўм.

Асосий воситанинг чиқарилишидан молиявий натижа: 422 970,69 – (389 193,6 – 21 393,0) – 55 170,09 + 85 289,0 = 85 289,0 минг сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни


Сумма, минг сўм


Дебет


Кредит


Квартира реализация қилинди


367 800,6


4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»


9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»


ҚҚС ҳисобланди


55 170,09


4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»


6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз (турлари бўйича)»


Бошланғич (тиклаш) қиймати ҳисобдан чиқарилди


389 193,6


9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»


0120-«Бинолар, иншоотлар ва узатувчи мосламалар»


Жамланган эскириш ҳисобдан чиқарилди


21 393,0


0220-«Бино, иншоот ва узатувчи мосламаларнинг эскириши»


9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»


Қайта баҳолаш сальдоси ҳисобдан чиқарилди


85 289,0


8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»


9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»


Асосий воситанинг чиқарилишидан олинган фойда акс эттирилди


85 289,0


9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»


9310-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетишидан фойда»


Квартира учун пул маблағлари олинди


422 970,69


5110-«Ҳисоб-китоб счёти»


4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»


 

 

Солиқ оқибатлари

Қўшилган қиймат солиғи 

Товарга, шу жумладан асосий воситаларга бўлган мулк ҳуқуқини пуллик асосда ўтказиш – бу ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланма (СК 239-м. 1-қ. 1-б.).

Кўчмас мол-мулк объекти реализация қилинган тақдирда, кўчмас мол-мулкни бошқа шахс тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги шартноманинг тарафлари томонидан имзоланган қабул қилиб олиш-топшириш далолатномаси бўйича харидорга кўчмас мол-мулк берилган сана айланма амалга оширилган сана деб ҳисобланади (СК 242-м. 3-қ.).

Солиқ базаси – битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган товарларнинг қиймати. Агар битимнинг нархи товарларнинг бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли (СК ­248-м. 1, 4-қ.).

Олиб сотиш учун жисмоний шахслардан олинган уй-жой кўчмас мулк объектлари реализация қилинган тақдирда, солиқ базаси солиқ суммасини ўз ичига оладиган, реализация қилиш нархи ва сотиб олиш қиймати ўртасидаги ижобий фарқ сифатида аниқланади (СК 248-м. 11-қ.).

 

Фойда солиғи 

Квартирани сотишда фойда солиғи бўйича оқибатлар у АВ ёки товар ҳисобланишига боғлиқ.

Агар у – асосий восита бўлса, чиқиб кетишидан фойда ёки зарар юзага келади. АВ чиқиб кетишидан фойда жами даромад таркибига киритилади, зарар эса солиқ базасини аниқлашда ҳисобга олинади (СК 297-м. 3-қ. 6-б., 305-м.).

Агар квартира – товар бўлса, уни реализация қилишдан олинган фойда (зарар) солиқ базаси кўрсаткичида акс эттирилади (СК 296-м.).

Сиз фойда солиғи ҳисоб-китобида квартирани сотишдан кўрилган зарарни чегириб ташлашга ҳақлисиз, агар корхона унинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини асослаб бера олса (СК 305-м.). Акс ҳолда зарар чегирилмайдиган харажат бўлади.

 

Айланмадан олинадиган солиқ 

Айланмадан олинадиган солиқ бўйича оқибатлар яна квартира асосий восита ёки товар ҳисобланишига боғлиқ.

Агар у – асосий восита бўлса, чиқиб кетишидан фойда ёки зарар юзага келади. Фойда – жами даромад таркибига киритилади, зарар солиқ базасини аниқлашда ҳисобга олинмайди (СК 463-м.).

Агар квартира – товар бўлса, сотиш нархи жами даромад таркибига киритилади (СК 464-м.).

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 

Жисмоний шахс учун квартирани сотиш нархи ҳамда унинг сотиб олиш (таннархи) қиймати ўртасидаги салбий қиймат – бу моддий наф тарзидаги даромад (СК 376-м. 1-қ. 3-б.).

Жисмоний шахс томонидан юридик шахсдан товарлар (хизматлар)ни олишда уларнинг қиймати сотиб олиш нархидан (таннархидан) келиб чиққан ҳолда акциз солиғи ва ҚҚС ҳисобга олинган ҳолда аниқланади (СК 376-м. 2-3-қ.).

Жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқни корхона тўлов манбаи сифатида ушлаб қолади. Агар у ушлаб қолинмаган бўлса, корхона бюджетга солиқ суммаси ва у билан боғлиқ пеняни ўтказиши шарт (СК 386-м. 3-қ., 387-м. 1-қ. 2-б.).

 

Мол-мулк солиғи 

Асосий воситани реализация қилиш чиқиб кетиш ойидан бошлаб мол-мулк солиғи бўйича солиқ базасини камайтиради. Бу ҳолда сиз бўнак тўловлари тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этишга ҳақлисиз, унинг асосида йилнинг қолган қисми учун бўнак тўловларга солиқнинг ўзгариш суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади (СК 413-м., 417-м. 7-қ.).

 

Ер солиғи 

Кўп квартирали уйлар эгаллаган ер участкалари ер солиғи солиш объекти сифатида қаралмайди. Бироқ агар ушбу участкалар хўжалик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланилса, улар солиқ солиш объектлари ҳисобланади (СК ­426-м. 2-қ. 12-б., 3-қ.).

Прочитано: 360 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика