Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 44 / Бухгалтерга ёрдам

Компенсация тўловлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар

 

Компенсация тўловлари ходимнинг меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ харажатларини қоплашни ўз ичига олади. Улар Солиқ кодексининг 373-моддасида келтирилган. Компенсация тўловлари ЖШДСга ва ижтимоий солиққа тортилади. Солиқ мақсадлари учун баъзи компенсация тўловлари тўлиқ даромадга киритилади, бошқалари – қисман, яъни белгиланган нормалардан ошиб кетган қисмида. 

 

Солиқ мақсадлари учун жисмоний шахснинг даромади сифатида қаралмайдиган нормалар доирасидаги компенсация тўловлари (СК 369-м. 2-қ.) тўғрисида «Иш берувчининг қайси харажатлари ходимларнинг даромадлари ҳисобланмайди» материалида ўқинг («СБХ»нинг 26.10.2021 йилдаги 43 (1419)-сони).

 

Қандай компенсация тўловлари тўлиқ солиққа тортилади

1. Табиий-иқлим шароитлари ноқулай бўлган жойлардаги ишлар билан боғлиқ қўшимча тўловлар

Буларга қуйидагилар киради:

1) ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш стажлари учун устамалар;

2) баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда ишлаганлик учун белгиланган коэффициентлар бўйича тўловлар.

Туман коэффициентлари:

● қонун билан белгиланади;

● ишчиларнинг иш ҳақига қўлланилади;

● жойлашувига боғлиқ ҳолда 1,1 дан 1,7 гача қийматга эга.

Бундай иш учун иш ҳақига коэффициентларни ҳисоблашда чекланган сумма ҳисоблаш санасида белгиланган МҲТЭКМнинг 1,41 баравари миқдорида белгиланади (СК 373-м. 1-б. Низом, 6.09.2019 й. 743-сон ВМҚга 1-илова.).

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб МҲТЭКМ – 822 000 сўм (17.08.2021 й. ПФ-6279-сон 2-б.).

Агар ходимнинг иш ҳақи 1,41 МҲТЭКМдан юқори бўлса, тўловни туман коэффициенти суммасидан 1,41 МҲТЭКМ бўйича аниқланг (822 000 х 1,41 = 1 159 020 сўм.).

 

Мисол. Баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудлардаги ишлар учун тўлов ҳисоб-китоби

Нукус шаҳрида жойлашган корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларига баланд тоғли, чўл ва сувсиз ҳудудларда ишлаганлик учун иш ҳақига нисбатан 10 фоиз миқдорида ҳақ белгиланган.

Тўловни ҳисоблаш учун чекланган сумма (2021 йил 1 сентябрдан) 1 159 020 сўмни ташкил этади.

Ходимнинг иш ҳақи чекланган суммадан юқори бўлганда 

Ходим иш ҳақи 2 000 минг сўмни ташкил этади. У тўловни ҳисоблаш учун чекланган миқдордан юқори, шунинг учун тўлов суммасига туман коэффициентини чекланган миқдордан – 1 159 020 сўмдан ҳисоблаймиз:

1 159 020 х 10 фоиз = 115 902 сўм.

Ходимнинг иш ҳақи чекланган суммадан паст бўлганда 

Ходимнинг иш ҳақи 1 150 минг сўмни ташкил этади. У тўловни ҳисоблаш учун чекланган суммадан паст, шунинг учун туман коэффициентини ходим иш ҳақига қўллаймиз:

1 150 000 х 10 фоиз = 115 000 сўм.

 

2. Оғир, зарарли, ўта зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун устамалар, шу жумладан шундай шароитлардаги узлуксиз иш стажи учун иш ҳақига устамалар

Бундай касблар рўйхати ва ишлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низом билан (21.12.2005 й. 276-сон ВМҚга 2-илова) Соғлиқ учун хавфли ва меҳнат шароитлари ўта хавфли бўлганлиги муносабати билан уларда ишлаш ходимлар тариф ставкаларига қўшимча тўлов белгилаш ҳуқуқини берадиган муассасалар ва уларнинг бўлинмалари, шунингдек лавозимлар рўйхати белгиланган.

 

3. Технологик жараён жадвалида назарда тутилган тунги вақтда, иш вақтидан ташқари, дам олиш кунларида ва байрам (ишланмайдиган) кунларида ишлаганлик учун тариф ставкаларига ҳамда маошларга устамалар ва қўшимча тўловлар

Устамалар ва қўшимча тўловлар:

● иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун – камида икки ҳисса миқдорида (МК 157-м.);

● тунги вақтдаги (22.00 дан 6.00 гача) ишнинг ҳар бир соати учун – камида бир ярим баравар миқдорда тўланади (МК 122, 158-м.).

Бундай устамаларни ҳисоблаш тартибини жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақи тўғрисидаги Низомда акс эттиринг.

 

4. Кўп сменали режимда ишлаганлик, шунингдек бир неча касбда, лавозимда ишлаганлик, хизмат кўрсатиш доираси кенгайганлиги, бажариладиган ишлар ҳажми ортганлиги, ўзининг асосий иши билан бир қаторда ишда вақтинча бўлмаган ходимларнинг вазифаларини бажарганлик учун устамалар

Агар ходим ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда бошқа касб ёки лавозимдаги қўшимча ишни бажарса, бу бир неча касб ва лавозимда ишлаш ҳисобланади (Низом 20-б.,18.10.2012 й. 297-сон ВМҚга илова.).

Бир неча касб ва лавозимда ишлаганлик, хизмат кўрсатиш майдони кенгайгани ва иш ҳажми ошганлиги учун қўшимча тўловлар миқдорини жамоа шартномасида ёки корхонанинг бошқа локал ҳужжатида белгиланг. Сумма ходим билан келишган ҳолда белгиланиши ва меҳнат шартномасида акс эттирилиши ёки раҳбарнинг буйруғи билан қонунийлаштирилиши мумкин (МК 160-м.).

.

5. Вахта усулида ишлар бажарилганда тариф ставкаси ёки маош миқдорида тўланадиган суммалар:

● иш берувчи жойлашган ердан (йиғилиш пунктидан) ишлаш жойигача бориш ва у ердан қайтиш учун вахтада ишлаш жадвалида назарда тутилган календарь кунларига;

● ходимлар метеорологик шароитлар сабабли ва транспорт ташкилотларининг айби билан йўлда ушланиб қолган кунлар учун.

Ушбу тўловларни ҳисоблаш тартиби Узоқ масофада жойлашган ва муҳим аҳамиятга эга бўлган объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишнинг вахта усули тўғрисидаги низом билан белгиланади (9.10.2020 й. 636-сон ВМҚ билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – 636-сон Низом).

 

6. Ер ости ишларида доимий банд бўлган ходимларга уларнинг стволдан ишлаш жойига бориш ва у ердан қайтиш учун шахтада (конда) ҳаракатланишининг меъёрий вақти учун тўланадиган қўшимча ҳақлар

Корхонанинг жамоа шартномасида, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича локал ҳужжатларида ва меҳнат шартномасида белгиланган тартибда ва миқдорда тўланади. Тармоқ доирасида қабул қилинган қоидаларни ҳам ҳисобга олиш керак.

 

7. Ишлар вахта усулида ташкил этилганда, иш вақти умумлаштирилган ҳолда ҳисобга олинаётганда ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда ходимларга иш вақтининг белгиланган давомийлигидан ортиқ ишлаганлиги муносабати билан бериладиган дам олиш кунлари (отгуллар) учун тўловлар

Тўлиқ иш кунларига нисбатан каррали бўлмаган ортиқча ишлаб берилган иш вақтлари календарь йил давомида вахталараро дам олишнинг тўлиқ иш кунларигача жамланиб борилиши мумкин. Ходим ишдан бўшаганида ёки календарь йил якунланганида кўрсатилган соатлар учун жамоа шартномасига мувофиқ ҳақ тўланг.

Ортиқча ишлаб берилган иш вақти ишдан ташқари бажарилган ҳисобланади ва бу вақт учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳақ тўланади (636-сон Низом 27-б.).

 

8. Озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қиймати ёки озиқ-овқат ва йўл чипталарининг қийматини қоплаш. Корхона ходимларга йўл харажатларини жамоа ёки меҳнат шартномасига мувофиқ йўл учун қўшимча тўлов ёки шаҳар жамоат транспортида юрганлиги учун транспорт карталари шаклида қоплаши мумкин.

Бажариладиган ишлари қатнов билан боғлиқ бўлмаган ходимларга йўл харажатларини қоплашни ходимларнинг хизмат қатновлари учун фойдаланиладиган йўл карточкаларини харид қилиш билан чалкаштирманг. Биринчи ҳолатда бу – ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича солиққа тортиладиган иш ҳақи кўринишидаги даромаднинг бир қисми бўлган компенсация тўловларидир (СК 373-м. 13-б.).

Иккинчи ҳолатда, йўл карталари қиймати солиққа тортиш мақсадлари учун ходимнинг даромади ҳисобланмайди (СК ­369-м. 2-қ. 5-б.).

 

Ходимларни овқатлантиришни корхонанинг ўзи ёки бошқа ташкилотни жалб қилган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Озиқ-овқат қийматини қоплаш бу аниқ ходимларнинг иш ҳақи кўринишидаги даромади, ЖШДСга тортиладиган, шунинг учун бухгалтерда ходимлар кесимида қопланадиган суммалар тўғрисида маълумот бўлиши керак.

 

Озиқ-овқат қийматини қоплашни ходимларни қонунда белгиланган тартибда даволаш-профилактика озиқ-овқати билан таъминлаш харажатлари билан чалкаштирманг.

Биринчи ҳолатда бу – ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича солиққа тортиладиган иш ҳақи кўринишидаги даромаднинг компенсация тўловларидир (СК 373-м. 13-б.).

Иккинчи ҳолатда, даволаш-профилактика озиқ-овқати қиймати солиққа тортиш мақсадлари учун ходимнинг даромади ҳисобланмайди (СК 369-м. 2-қ. 1-б.).

 

Қандай компенсация тўловларининг фақат нормадан ортиқча қисми ЖШДСга тортилади

Тўловлар тури


НҲҲ


Доимий иши йўлда кечадиган, ҳаракатланиш ва (ёки) қатнов тусига эга бўлган ходимларнинг, шунингдек доимий иши ишларнинг вахта усулида бажарилишини назарда тутадиган ходимларнинг иш ҳақига қонун ҳужжатларида белгиланган устамалар.


Кўчма ва қатнаш тусидаги ишлар билан боғлиқ устамалар тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (6.09.2019 й. ­743-сон ВМҚга 3-илова);

636-сон Низом

Дала таъминоти


Дала шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга дала устамаси тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (2.07.2012 й. 190-сон ВМҚга илова)


Хизмат сафарлари вақтида кундалик харажатлар учун ҳақ (суткалик пуллар)


СК 369-модда 2-қисмининг 8-банди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги Йўриқнома (АВ рўйхат рақами 1268, 29.08.2003 й.);

Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низом (АВ рўйхат рақами 2730, 19.11.2015 й.)

Ходимнинг шахсий автомобилидан ёки хизмат мақсадлари учун унинг бошқа мол-мулкидан қонун ҳужжатларида белгиланган нормалардан ортиқча фойдаланганлик учун тўловлар


Ходимларнинг шахсий автомобилларидан хизмат мақсадлари учун (хизмат сафарларидан ташқари) фойдаланганлик учун компенсация тўлаш тартиби (2.04.1999 й. 154-сон ВМҚга 3-илова, 29.04.2021 й. 258-сон ВМҚга мувофиқ ўз кучини йўқотган) – 2021 йил 1 июлгача


Меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш суммалари


СК 369-модда 2-қисмининг 10-банди;

Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш қоидалари (11.02.2005 й. 60-сон ВМҚга 1-илова)

 

 

Умид ҲАМРОЕВ, Молия вазирлиги бўлим бошлиғи,

Дилором САИДОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 437 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика