Жисмоний шахслар жами даромадининг асосини меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ташкил этади.
Солиқ кодекси меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга қуйидагиларни олиб боради:
● бажарилган ишлар учун ҳисобланган иш ҳақи (СК 371-м.);
● илмий даража ва фахрий унвон учун устамалар. Фахрий унвон учун устамалар ҳар қандай соҳада ўзини кўрсатган шахсий хизматлари учун ушбу унвон билан тақдирланган шахсларга берилади (Низом, 3.01.2008 й. 2-сон ВМҚга илова);
● рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар (СК 372-м.);
● компенсация тўловлари (СК 373-м.);
● ишланмаган вақт учун ҳақ (СК 374-м.);
● ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳақ ҳисобланган бошқа тўловлар.
Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ЖШДСга ва ижтимоий солиққа тортилади.
Улар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида (4-илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.01.2020 й.) акс этади:
5-иловада «Ҳар бир жисмоний шахс кесимида ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўғрисида»;
7-иловада «Бажарилган қурилиш ишлари бўйича иш ҳақи ҳисобланиши юзасидан маълумотнома»;
Ҳисоб-китобнинг 011, 0110-сатрларида, шунингдек ҳисобланган даромаднинг умумий суммасига киритилади (ҳисоб-китобнинг 010 сатри).
Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадни корхона ходимлари ҳам, хизматларни кўрсатувчи жисмоний шахслар ҳам олиши мумкин.
Ходим – бу сиз билан меҳнат шартномаси тузган жисмоний шахс.
Ходимлар билан ўзаро муносабатлар Меҳнат кодекси билан тартибга солинади. Улар ички меҳнат тартиби қоидаларига бўйсунадилар, уларга касаллик варақалари бўйича, таътил учун ва бошқа шу каби тўловлар тўланади.
Иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантирувчи тўловларни тўлаш шакллари ва тузилмалари жамоа шартномаларида, шунингдек бошқа маҳаллий далолатномаларда белгиланади. Улар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда қабул қилинади.
Ижрочи – жисмоний шахс билан эса фуқоралик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилади. Ушбу шартномаларнинг предмети ишбай ишларни бажариш ва бир марталик хизматларни кўрсатиш ҳисобланади. Масалан, ходимлар учун семинар ташкил этиш, бозор тадқиқотларини ўтказиш, ҳужжатларни муқовалаш, сайт ишлаб чиқиш ва бошқалар.
Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида ишлайдиган жисмоний шахслар билан муносабатлар Меҳнат кодекси билан эмас, балки Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. Сиз уларни «ходимлар» деб атай олмайсиз, улар – ижрочилардир.
Ижрочилар:
● буюртмани қандай, қандай усулда ва қайси вақтда бажаришни ўзлари белгилайдилар;
● ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилмайдилар. Ижрочи ушбу нисбий эркинлик ҳисобига ижтимоий кафолатлардан маҳрум бўлади: буюртмачи унга касаллик варақаси учун тўламайди, таътил учун тўлов йўқ ва ҳ.к.
Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича тўланадиган ҳақ меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланмайди. Корхона учун бу – бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар учун солиқни ушлаб қолиш мажбуриятисиз тўлов (СК 369-м. 1-қ. 9-б. СК 371-м. 2-қ.).
Асосий даромад тури:
● ходим учун – унга меҳнат шартномаси бўйича белгиланган меҳнат учун иш ҳақи. У ташкилотда қабул қилинган шакллари ва тизимларига мувофиқ ишбай нархлардан, тариф ставкаларидан ва мансаб маошларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Ходимнинг иш ҳақи вақтбай, ишбай, вақтбай-ишбай бўлиши мумкин.
Вақтбай иш ҳақига мисоллар – иш ҳақи лавозим маоши бўйича, ҳақиқий ишлаган вақтидан келиб чиқиб соатлик ёки кунлик иш ҳақи ставкаси.
Агар ходим ишлаб чиқарилган маҳсулот миқдори ва маҳсулот бирлиги нархларига қараб иш ҳақи олса – бу иш ҳақининг ишбай тизими. Масалан, ойига ишчи 100 та деталь тайёрлади, битта детал нархи – 50 000 сўм. Демак, ҳисобланган иш ҳақи 5 000 000 сўмни ташкил этади (100 х 50 000).
● ижрочи учун – фуқоралик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича меҳнат натижалари учун тўланадиган ҳақ (СК 371-м.). Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганларга бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар бундан мустасно.
Шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга қуйидаги тўловларни ҳам киритинг:
1) ташкилотни бошқариш органи аъзоларига: кузатув кенгаши ёки бошқа шунга ўхшаш органларга – ташкилотнинг ўзи томонидан амалга ошириладиган. Ташкилотнинг умумий йиғилиши қуйидагиларни белгилайди:
● ушбу тўловларнинг миқдори ва тартиби;
● кузатув ёки бошқа орган аъзоларининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатлари учун компенсация;
2) пул таъминоти, хизматни бажариши муносабати билан харбий хизматчиларга бериладиган пул мукофотлари. Булар Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, Президент Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчиларига, шунингдек ички ишлар органларининг оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибига ҳамда божхона ходимларига хизматни ўташи билан боғлиқ тўловлар.
Умид ҲАМРОЕВ, Молия вазирлиги бўлим бошлиғи,
Дилором САИДОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.