Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 40 / Биз яшайдиган уй

УМШ бошқаруви аъзоси бўлмоқчиман

 

Иккита уйнинг яшовчилари гуруҳи УМШ раиси ва бошқарувининг ишидан норозилар. Бизнинг фикримизча, бошқарув ўзини намоён эта олмаяпти, раиснинг йўл-йўриғидан чиқолмайди. У нима билан шуғулланмоқда, аслида нима учун ташкил этилганини ҳеч ким билмайди. Бошқарув аъзолари ширкат ишининг икир-чикирларига диққат қилмайдилар, уларнинг ширкат ишидаги ўрни ва иштироки сезилмайди. Ваҳоланки, бу УМШнинг ижроия органи ҳисобланади ва унинг фаолиятига кўп нарса боғлиқдир. Модомики номигагина ишлар экан, раиснинг йўриғидан чиқолмас экан, бошқарув таркибида қаердандир келиб қолган, нуқул сафсата сотадиганлар йиғилган экан, унинг ўзи нима учун тузилган, деган савол туғилади. Булар уйнинг муаммоларини кўрмайдилар, ечимларни ҳам топа олмайдилар. Уларни ким ва қачон сайлаганини ҳам ҳеч ким билмайди. Ваҳоланки, уйда туппа-тузук, ҳалол, тўғри фикрлайдиган ташаббускор одамлар ҳам яшайди, айнан шу одамларнинг уй аҳолисига кўп фойдаси тегиши мумкин, уйнинг техник ҳолатини яхшилашга уларнинг уқуви етади. Биз бошқарув аъзоларини қайта сайламоқчимиз, умумий йиғилиш муҳокамасига қўйиш учун мулкдорлар орасидан номзодларни кўрсатдик. Лекин раис бизга рад жавобини берди. Ҳисобот умумий йиғилиши ўтказиладиган йилнинг охирини кутишимиз кераклигини айтди.

Ростдан ҳам шундайми? Бошқарув аъзоларининг ваколатларини муддатидан олдин тугатса бўладими? Бу қандай амалга оширилади? Қонун ҳужжатлари УМШ бошқарувининг ишини қандай тартибга солади? 

 

– УМШ бошқаруви аъзоларининг ваколатлари билан боғлиқ масалалар «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинади. Қонун ҳужжатларида бошқарув аъзоларининг ваколатларини муддатидан олдин тугатишга йўл қўйилади. Худди ширкат аъзоларининг ширкат бошқаруви раиси, аъзолари ҳамда тафтиш комиссияси фаолиятига тааллуқли ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш сингари бу масалалар ҳам умумий йиғилишнинг ваколатига киради (Қонун 38-м.).

УМШ аъзоларининг умумий йиғилиши йилига камида бир марта чақирилади. Навбатдан ташқари умумий йиғилиш бошқарувнинг, УМШда камида 10 фоиз овозга эга бўлган ширкат аъзоларининг ташаббусига, шунингдек тафтиш комиссиясининг талабига биноан чақирилиши мумкин (Қонун 40-м.).

Ташаббускор гуруҳ (мулкдорларнинг камида 10 фоизи) умумий йиғилишни чақириш ва унда бошқарув аъзоларининг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ҳақида ёзма равишда раисга ариза билан мурожаат қилади. Аризада бошқарувга таклиф этилаётган номзодларнинг фамилиялари кўрсатилади, уларнинг барчаси УМШ аъзолари бўлиши керак. Аризани йиғилишни ўтказиш ташаббускорларининг ҳаммаси имзолайди.

Раис мулкдорларнинг бошқарувга нисбатан эътирозлари борлигидан хабардор бўлиши лозим. Баъзида худди шундай талаблар билан бадалларни тўламайдиганлар ёки умумий мол-мулкнинг маълум қисмини ноқонуний эгаллаб олган УМШ аъзолари ҳам чиққан ҳолатлар учраб туради. Улар бошқаларни раис ва бошқарувга қарши қайрайдилар. Шунинг учун аризада бошқарув аъзоларининг ваколатларини муддатидан олдин тугатишни талаб қилаётган ташаббускор гуруҳнинг иддаолари асосланган бўлиши керак.

Айни вазиятда қайта сайлаш билан боғлиқ таклиф уларнинг лозим даражада иш бермагани муносабати билан бўлмоқда. Ташаббускор гуруҳ ўз позициясини мустаҳкамлаб олишида маъно бор: тасдиқловчи ҳужжатларни тўплаб, уларни умумий йиғилишда овоза қилиш керак бўлади. Бу бошқарувнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, умумий мол-мулкни қониқарли даражада сақламаслик, амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этмаслик, ширкат аъзоларининг мурожаатларига жавоб бермаслик, танишиб чиқиш учун УМШ иши тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этмаслик ва бошқалар хусусидаги шикоятлар бўлиши мумкин.

 

Ширкат бошқарувининг ҳуқуқий мақоми

Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ва ширкат бошқаруви ширкатнинг бошқарув органларидир. Бошқарув ширкатнинг ижро этувчи органи бўлиб, ширкат аъзоларининг умумий йиғилишига ҳисобдордир (Қонун 37-м.).

Ширкат бошқаруви қуйидаги ишларни амалга оширади:

• ширкатнинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилади;

• УМШ аъзолари орасидан ширкат уставида белгиланган таркибда ва муддатга умумий йиғилиш томонидан сайланади;

• ширкат бошқарувининг раиси томонидан уставда белгиланган муддатларда, аммо бир ойда камида бир марта чақирилади.

Ширкат бошқарувининг мажлиси унда бошқарув аъзоларининг камида 2/3 қисми иштирок этган тақдирда ваколатли деб топилади. Бошқарувнинг ҳар бир аъзоси бошқарув мажлисида бир овозга эга. Қарорлар бошқарув аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади, ширкат бошқарувининг мажлислари баённома билан расмийлаштирилади. Ширкат аъзолари ширкат бошқаруви мажлисларида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин (Қонун 44-м.).

Қонунда яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари УМШ аъзоси эканлиги, шу сабабли улар бошқарувга сайлана олиши белгилаб қўйилган (Қонун 30-м.).

Бошқарув зиммасига жуда катта вазифалар юклатилган. Лекин аксарият ҳолларда бу вазифалар билан раис ёхуд ижрочи директор шуғулланади. Бунга сабаб шундаки, бошқарув аъзоларининг Қонунда назарда тутилган ваколатлари кўп вақт, малака, фаол позицияни талаб қилади. Бундай одамларни топиш осон эмас. Бу ўта жиддий иш бўлиб, аслида бунинг учун ҳақ тўланиши керак. Эҳтимол, айрим УМШ раислари ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда бошқарув ваколатларини ўз зиммаларига ортиб оларлар.

Ширкат бошқарувининг ваколатлари қуйидагилардан иборат:

• ширкат аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш ва уни ўтказишни ташкил этиш;

• умумий мол-мулкни, ер участкасини ва ширкатнинг мол-мулкини сақлашга доир ишлар режасининг лойиҳасини ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузиш;

• ширкатнинг йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳасини ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузиш;

• ширкат устави талабларининг ва ширкат аъзолари умумий йиғилиши қарорларининг бажарилишини таъминлаш;

• умумий мол-мулкка ҳамда ширкатнинг мол-мулкига хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш учун танлов асосида пудратчиларни танлаш;

• танлов ғолиби билан умумий мол-мулкни ва ширкатнинг мол-мулкини сақлаш, унга хизмат кўрсатиш ҳамда уни таъмирлаш учун шартномалар тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

• умумий мол-мулкнинг, ер участкасининг ва ширкат мол-мулкининг асралиши ҳамда сақланиши устидан назорат қилиш;

• ширкатнинг асбоб-ускуналарини, анжомларини ва бошқа моддий қимматликларини олиш ҳамда сотиш, топшириш, айирбошлаш, ижарага бериш, шунингдек уларни ширкатнинг балансидан чиқариш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

• ширкат аъзоларининг аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиш;

• иш юритиш, бухгалтерия ҳисобини ва ҳисоботини юритиш, маблағларнинг тушуми ҳамда сарфланиши ҳисобини ширкатдаги ҳар бир кўп квартирали уй бўйича алоҳида-алоҳида юритиш;

• ширкат аъзоларининг мажбурий бадаллари тўлиқ тушишини ташкил этиш ва таъминлаш;

• ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган ширкатнинг даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ ширкат маблағларини тасарруф этиш (Қонун 45-м.).

Ширкат бошқаруви ширкат аъзолари олдида қуйидагилар учун жавобгардир:

• умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш ишларининг тузилган шартномаларга мувофиқ танлов асосида ташкил этилиши;

• муҳандислик тармоқларига ва бошқа умумий мол-мулкка хизмат кўрсатишнинг лозим даражадаги сифати таъминланиши;

• таъмирлаш ишларини белгиланган нормалар ва талабларга мувофиқ сифатли бўлиши ҳамда ўз вақтида ўтказилиши;

• ширкат маблағларидан умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш учун белгиланган мақсадда фойдаланилиши;

• умумий фойдаланишдаги жойларнинг ва кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларининг лозим даражадаги санитария ҳолати, уларнинг ободонлаштирилиши.

Ширкат бошқаруви мунтазам равишда, бироқ 3 ойда камида бир марта умумий мол-мулкни сақлаш бўйича ишлар режаларининг бажарилиши, амалга оширилган ва режалаштирилаётган харажатлар, мажбурий бадалларни йиғиш, тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар (фойда) тўғрисида ширкат аъзолари олдида ҳисобот беради. Ҳисоботни тақдим этиш шакли ширкатнинг барча аъзолари учун ҳисоботдан фойдаланиш имкониятини таъминлаши керак ва у ширкат аъзолари умумий йиғилишининг қарори билан белгиланади (Қонун 45-м.).

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 252 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика