Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 37 / Бухгалтерга ёрдам

Солиқ агенти томонидан давлат мулки билан боғлиқ операциялар бўйича ҚҚСни ҳисоблаш

 

Маълум бир ҳолатларда зиммасига солиқларни ҳисоблаб чиқариш, солиқ тўловчидан ушлаб қолиш ва бюджет тизимига ўтказиш мажбурияти юклатилган шахслар солиқ агентлари деб эътироф этилади (СК 23-м.). 

 

Солиқ агентлари ўзлари ҚҚС бўйича солиқ тўловчи эканлигидан ёки солиқ тўловчи эмаслигидан қатъи назар, ҚҚСни тўлаш бўйича мажбуриятини бажариши шарт (СК 255-м. 6-қ.).

Солиқ агентлари давлат мулки билан боғлиқ қуйидаги операциялар бўйича ҚҚС тўлайдилар:

● давлат мулкини ижарага берганда;

● давлат мулкини реализация қилганда;

● мусодара қилинган мол-мулк, суднинг қарорига биноан реализация қилинадиган мол-мулк, эгасиз қимматликлар, хазиналар ва сотиб олинган қимматликлар, шунингдек мерос олиш ҳуқуқи асосида давлатга ўтказилган қимматликлар реализация қилганда.

Солиқ агенти сифатида намоён бўладиган шахслар тоифаси ва улар томонидан ҚҚСни ҳисоб-китоб қилиш тартиби қуйидаги жадвалда келтирилган:

Давлат мулки билан боғлиқ операциялар тури


Солиқ агенти


ҚҚСни ҳисоблаш тартиби


Давлат мулкини ижарага бериш

(СК 265-м. 1-қ.)

Ижарага берувчи – Давлат мулкини ижарага беришга ваколатли орган


ҚҚС = Ит / 115 х 15,

бунда:

Ит – шартнома бўйича ижара тўлови

Давлат мулки реализацияси (СК 256-м. 2-қ.)


Харидор (якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланмаган жисмоний шахслар бунданмустасно)


ҚҚС = Қ х 15 %,

бунда:

Қ – шартномада белгиланган харид қилинаётган давлат мол-мулкининг қиймати

Қуйидаги мол-мулкнинг реализацияси :

● мусодара қилинган;

● суднинг қарорига биноан;

● эгасиз қимматликлар;

● хазиналар ва сотиб олинган қимматликлар;

● мерос олиш ҳуқуқи асосида давлатга ўтказилганлар (СК 256-м. 3-қ.).

Сотувчи – келтирилган мол – мулкни реализация қилишни амалга оширишга ваколат берилган орган, ташкилот ёки якка тартибдаги тадбиркор


ҚҚС = Др / 115 х 15,

бунда:

Др – акциз (акциз ости товарлар учун) ва ҚҚСини ҳисобга олгагн ҳолда мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромад

 

ҚҚСнинг тўланиши солиқ агентига – давлат мулки харидорига ушбу суммани бюджет билан ҳисоб-китобда ҳисобга олиш ҳуқуқини беради, агарда бунда ҳисобга олишнинг барча шартлари бажарилса.

Солиқ тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати ҳисобга олиш учун асос бўлади (СК 256-м. 6-қ.). 

 

Агар тўланган ҚҚС СК 267-моддасига мувофиқ ҳисобга олинмаса, у ҳолда уни харид қилинган давлат мулки қийматида ҳисобга олинг (СК 267-м. 3-қ.).

 

 

ВАЗИЯТ. ҚҚС тўловчи корхона давлат мол-мулкини харид қилмоқда.

ҚҚС тўловчи корхона давлат мулкини (бинони) электрон савдо орқали 150 000 минг сўмга харид қилмоқда.

У солиқ агенти сифатида харид қилинаётган давлат мулкига 22 500 минг сўм (150 000 х 15%) миқдоридаги ҚҚСни ҳисоблаб, бюджетга тўлашга мажбур.

Бунда, агар бино ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланма билан боғлиқ фаолиятда фойдаланилса, корхона тўланган суммани ҚҚС бўйича бюджет билан ҳисоб-китобларда ҳисобга олишга ҳақли.

 

Вазият. Айланмадан олинадиган солиқни тўловчи корхона давлат мулкини харид қилмоқда.

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи корхона давлат мулкини (бинони) электрон савдо орқали 150 000 минг сўмга харид қилмоқда.

У солиқ агенти сифатида харид қилинаётган давлат мулкига 22 500 минг сўм (150 000 х 15%) миқдоридаги ҚҚСни ҳисоблаб, бюджетга тўлашга мажбур.

Бунда, тўланган ҚҚС суммасини корхона бинонинг бошланғич нархига – 172 500 минг сўм (150 000 + 22 500) қўшади.

 

Вазият. Корхона суднинг қарори билан давлат фойдасига ўтказилган мол-мулкни реализация қилмоқда.

Савдо корхонаси танлов натижаларига кўра суднинг қарори билан давлат фойдасига ўтказилган мол-мулкни реализация қилиш учун танлаб олди.

Баҳолаш ташкилотининг хулосасига кўра мол-мулк 150 000 минг сўмга реализация қилинмоқда.

Солиқ агенти сифатида корхона давлат мулкини реализация қилишдан олинган даромаддан 19 565,2 (150 000 / 115 х 15) минг сўмлик ҚҚСни ушлашга ва уни бюджетга тўлашга мажбур.

Мажбурий ижро бюроси билан тузилган шартномага мувофиқ савдо корхонаси реализация қилишдан олинган даромаддан савдо чегирмасини (реализация қилинган мулнинг 10%дан ошмаган миқдорида) ушлаб қолади, ушбу чегирма ҚҚС бўйича солиқ базасини камайтирмайди.

 

Вазият. Корхона давлат мулки объектини ижарага олади.

Ижарага берувчи (ваколатли орган) давлат корхонаси балансида бўлган объектни ижарага беради.

Давлат мулкини ижарага беришда ҚҚСни солиқ агенти – давлат мулкини ижарага беришга ваколатли орган тўлайди (СК 256-м. 1-қ.). Бу идора Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ҳисобланади (14.01.2019 й. ПФ-5630-сон Фармоннинг 1-б.; 1.07.2020 й. ПҚ-4771-сон қарорнинг 1, 2-б.).

Ижара шартномасига асосан ойлик ижара тўлови 1 840 минг сўмни ташкил этади.

Ижара тўлови қуйидаги тартибда тақсимланиши лозим (Низом 23-б., 8.04.2009 й. 102-сон ВМҚга илова):

25% маҳаллий бюджетга – 460 минг сўм;

25% Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасига – 460 минг сўм;

40% балансида сақловчига – 736 минг сўм;

10% ижарага берувчига – 184 минг сўм.

 

Солиқ агенти томонидан давлат мулки билан боғлиқ операцияларни ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботида акс эттириш учун махсус шакл – Давлат мулкини ижарага бериш, давлат мулкини харид қилиш, шунингдек мусодара қилинган, шу жумладан суднинг қарорига биноан реализация қилинган мол-мулкни, хазиналар, сотиб олинган, эгасиз ҳамда мерос олиш ҳуқуқи асосида давлатга ўтказилган қимматликларни сотиб олиш билан боғлиқ операциялар бўйича қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби назарда тутилган (ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи шаклларига илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2021 й.).

ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган солиқ агентлари солиқ ҳисоботини ўзлари солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органларига ўтган солиқ давридан кейинги ойнинг 20 санасидан кечиктирилмаган муддатда тақдим этишлари ва ҚҚСни тўлашлари шарт.

Агар солиқ агенти ҚҚС бўйича солиқ тўловчиси ҳисобланмаса, у солиқ ҳисоботини солиқ тўланган даврдан кейинги ойнинг 20 санасидан кечиктирмаган муддатда тақдим этиши шарт (СК 273-м.).

 

ҚҚС бўйича солиқ даври бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

бир ой – товарлар (хизхматлар)ни реализация қилиш бўйича айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошадиган солиқ тўловчилар учун;

чорак – реализация қилиш бўйича айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар учун (СК 259-м.).

 

Мажбурий ижро бюроси билан тузилган шартномага мувофиқ савдо корхонаси реализация қилишдан олинган даромаддан савдо чегирмасини (реализация қилинган мулнинг 10%дан ошмаган миқдорида) ушлаб қолганида ушбу чегирма ҚҚС бўйича солиқ базасини камайтирмайди.

 

Дилшод СУЛТОНОВ, молия вазири ўринбосари,

Ирина АХМЕТОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 300 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика