Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 37 / Мутахассис тушунтиради

Кредиторлик қарзини ҳисобдан чиқариш бўйича имтиёзлар

 

2013 йилда корхонада импорт шартномаси бўйича кредиторлик қарзлари вужудга келди. У 2020 йил декабрда даромадларга ҳисобдан чиқарилган. Қарзларни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромадга 3.11.2017 йилдаги ПҚ-3351-сон қарорнинг 2-бандига асосан фойда солиғи солинмаган. Солиқчиларнинг таъкидлашича, имтиёздан ноқонуний фойдаланилган, чунки, муддати ўтиб кетган қарздорлик даъво муддати ўтгандан (3 йил) кейин – 2016 йилда ҳисобдан чиқарилиши лозим эди. 

Корхона имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эгами?

 

– Тадбиркорлик субъектларига, агар уларнинг бошқарув органлари 2017 йилнинг 5 сентябрига қадар вужудга келган ташқи савдо шартномалари бўйича қарздорликни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилса, кредиторлик қарздорлигига киритиладиган суммага солиқ қарздорлигини ҳисобламасликка рухсат берилади (3.11.2017 й. ПҚ-3351, 2-б.). Мазкур қоида Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Фармонига илованинг 2-банди «а» кичик бандига мувофиқ киритилган (5.09.2019 йилдаги ПФ-5811-сон Фармон).

Юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади, тегишли шартнинг мазмуни қонун ҳужжатларида кўрсатиб қўйилган ҳоллар бундан мустасно (ФК 354-м.).

Хўжалик субъектлари ташқи савдо шартномалари бўйича қарздорликни уларнинг тўлов муддатлари тўғрисида шартлари, шунингдек Ўзбекистон ва хорижий давлатлар қонунчилигида қўлланиладиган даъво муддатларига тааллуқли қоидаларга асосан ҳисобдан чиқаришлари керак.

Ўзбекистон қонунчилигига асосан даъво муддатларини ҳисоблаш тартиби ФКнинг 12-боби билан белгиланган. Умумий даъво муддати – 3 йил (ФК 150-м.).

Агар сиз қарздорликни сўндириш (яъни, хорижий ҳамкор олдидаги қарзни тан олган бўлсангиз) муддатини ўзгартириш (узайтириш) тўғрисида қўшимча келишув тузган бўлсангиз, даъво муддати ўтиши узилади. Узилишдан кейин даъво муддатининг ўтиши янгидан бошланади, узилишгача ўтган вақт эса – янги муддатга қўшилмайди (ФК 157-м.).

Сизнинг вазиятингизда даъво муддатининг ўтиши импорт шартномасига (қарз сўндирилмаган тақдирда) қўшимча келишувда томонлар белгилаган янги ижро муддати тамом бўлгандан кейин қайтадан бошланади (ФК 154-м.).

Шу тариқа, агар сиз хорижий ҳамкор билан шартномага оид муносабатларни тўғри расмийлаштирган ва қарздорликни 2020 йилнинг декабрида тўғри ҳисобдан чиқарган бўлсангиз, сиз имтиёзни қўллашга ҳақлисиз.

 

Даъво муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартиби тарафларнинг келишуви билан ўзгартирилиши мумкин эмас (ФК 152-м.). ­Яъни, қонунчиликни бузган ҳолда даъво муддатлари ва уларни ҳисоблаш тартибини ўзгартириш тўғрисидаги келишув ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

 

Саволларга Молия вазирлиги Билвосита солиқлар ва божхона тўловлари методологияси бўлими бошлиғи
Баҳодир БОЙҚОБИЛОВ
жавоб берди.

Прочитано: 319 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика