«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ УФни жамият иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари ва (ёки) учинчи шахсларнинг мол-мулки ва ҳиссалари ҳисобига кўпайтириш мумкин. Буни асосий воситаларни қайта баҳолаш ҳисобига амалга ошириш мумкин-мумкин эмаслигини Молия вазирлиги тадбиркорлик фаолияти субъектларининг бухгалтерия ҳисоби услубияти бўлими бошлиғи Асал ҲОШИМОВА тушунтирди:
– Устав фонди жамият иштирокчиларининг қўшимча ҳиссалари ва (ёки), агар бу жамиятнинг устави билан тақиқланган бўлмаса, жамиятга қабул қилинадиган учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳисобига амалга оширилиши мумкин. Пул, қимматли қоғозлар, ўзга ашёлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд пул баҳосига эга бўлган бошқа шахсга ўтказиладиган ўзга ҳуқуқлар жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган ҳиссалар бўлиши мумкин (Қонун 15-м. 1-қ., 16-м. 3-қ.).
2021 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун асосий фондларнинг ҳар йиллик мажбурий қайта баҳолаш тартиби бекор қилинган (30.12.2020 йилдаги ПҚ-4938-сон қарор 9-б.). Бироқ хўжалик юритувчи субъектлар буни ихтиёрий равишда амалга оширишлари мумкин.
Мол-мулкнинг қўшимча баҳоланиши (қийматининг оширилиши) ёки арзонлаштирилиши (қийматининг камайтирилиши) натижасида унинг қийматининг ўзгариши 8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счётида акс эттирилади (Йўриқнома 351-б., 21-сон БҲМСга 2-илова, АВ рўйхат рақами 1181, 23.10.2002 й.).
8510-счётидаги АВни қўшимча баҳолаш суммаси қолдиғи асосий воситалар объектларининг чиқиб кетишидан кўрилган молиявий натижани (фойда ёки зарарни) аниқлашда ҳисобдан чиқарилади (Низом 3-б., АВ рўйхат рақами 1401, 29.08.2004 й.).
Хулоса
Бухгалтерия ҳисоби мақсадларида 8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счётида АВни қайта баҳолашда ҳосил бўладиган инфляцион резерв суммаси акс эттирилади. Ушбу сумма жамият устав фондига ҳисса ҳисобланмайди ва тегишинча, уни кўпайтириши мумкин эмас.