Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 35 / Экология ва биз

Чиқиндилар муаммо туғдирмоқда

 

Кечки вақт тоза ҳавога сайрга чиққан Садбар ая шундоққина «дом» атрофига ташлаб кетилган, ёйилиб ётган чиқиндиларни кўриб, кўнгли хира тортди. Эгилиб, ёйилиб ётган чиқиндини йиғиштира бошлади. «Эҳ...», – дея ўзига ўзи пичирлади ая. – Ота-боболаримиз бекорга чиқиндини ариққа супурма, сувга туширма, ҳовли ва кўчаларга ахлат ташлама», дея таъкидлашмаган. Покликка амал қилмаслик хунук одат-ку... 

 

Бугунги кунда дунё миқёсидаги чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб бормоқда. Айниқса, маиший чиқиндилар ҳажмининг ўсиши экологик барқарорликка жуда катта салбий таъсир кўрсата бошлади.

Дунёнинг деярли барча мамлакатларида қаттиқ маиший чиқиндилар аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ошмоқда. Ҳозирги кунда чиқиндиларнинг 800 дан ортиқ тури қайд этилган бўлиб, улар сонининг келгусида янада ортиши башорат қилинмоқда. Энергетика, рангли ва қора металлургия, кимё саноати ва қурилиш индустрияси объектлари чиқинди ҳосил қилувчи, атроф-муҳитни ифлослантирувчи асосий манбалар ҳисобланади.

Ҳар биримиз ўз эҳтиёжимиздан келиб чиқиб маҳсулот харид қиламиз ва сотувчидан олинган маҳсулотни полиэтилен пакетларга солиб беришини сўраймиз. Уйга келиб, ишлатилган пакетни чиқинди идишига ташлаймиз. Аслида ишлатилган полиэтилен пакетлар тадбиркорлар томонидан қайта ишланади. Аммо ана шу ишлатилган полиэтилен пакетларни аҳоли томонидан алоҳида топширишга рағбат йўқ. Чунки мазкур пакетлар жуда енгил ва 1 килоси атиги 2 000 сўм туради. Демак, чиқиндига ёки йўл четига кераксиз пакетларни ташлаб кетиш осонроқ. Уларнинг аксарияти албатта аҳоли пунктларидан чиқинди полигонларига олиб кетилади. Айни пайтда республика бўйлаб 221 та чиқинди полигони мавжуд бўлиб, уларнинг майдони 0,5 гектардан 70–80 гектаргача боради. Кўпчилик полигонларнинг фойдаланиш муддати 20–30 йилни ташкил этади.

Урбанизация жараёни жадаллашиб, шаҳарлар кенгаяётган, аҳоли сони ўсаётган ва унинг эҳтиёжини қондириш учун миллионлаб турдаги товарлар ишлаб чиқарилаётган бир пайтда чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларнинг утилизацияси энг катта экологик муаммолардан биридир.

 

Статистика маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакатимизда 13 та санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган давлат унитар корхоналари ҳамда уларнинг туман ва шаҳарлардаги 174 та филиали, шунингдек, «Махсустранс» ДУК ҳамда 101 та хусусий корхона фаолият кўрсатмоқда.

 

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 апрелдаги қарори билан «2019–2028 йилларда Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси» тасдиқланган. Унда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тарифлари истеъмолчилар томонидан чиқиндилар саралаб йиғилганини инобатга олиб, пасайтирилган ҳолда белгиланади.

Маҳаллалар ободлиги учун нафақат шу ҳудуд мутасаддилари, балки барча аҳоли тенг масъулдир. Агар маҳаллада аҳоли томонидан чиқинди пуллари учун тўлов ўз вақтида оширилса, чиқинди муаммосининг бартараф этилишида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва соҳада фаолият кўрсатувчи барча масъулияти чекланган жамиятлар тенг жавобгардир.

Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали «Аҳоли чиқинди пулини вақтида тўлаб келаётган бўлса, чиқиндиси нега ўз вақтида олинмаяпти?» сарлавҳаси остида тарқалган мурожаат юзасидан Хоразм вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Урганч туман инспекцияси ҳамда «Urgаnch Avto Eko Trans» МЧЖ ишчи-ходимлари биргаликда мурожаатда кўрсатилган Урганч тумани, Ғойбу қишлоғи Ором кўчасига чиқиб ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш давомида «Urgаnch Avto Eko Trans» МЧЖ ишчи-ходимлари томонидан тўпланиб қолган чиқиндилар олиб чиқиб кетилди. Шу билан бирга Урганч тумани, Ғойбу қишлоғи Ором кўчасига «Urgаnch Avto Eko Trans» МЧЖ ишчи-ходимларининг график асосида чиқиши назоратга олинди.

Чиқиндихоналар ичида кўплаб хавфли чиқиндилар ҳам мавжуд. Масалан, батарейкалар ва уларнинг ичидаги симоб, флюорисцент лампалардаги фосфор-карбонатлар ва маиший эритмалардаги токсик кимёвий моддалар, буёқлар, ёғоч буюмларни асраш учун ишлатиладиган турли хил кимёвий қопламалар бунга мисол бўла олади. Чиқиндиларнинг кўпайишига асосий сабаблардан бири аҳоли эҳтиёжларини қондирадиган буюмлар ишлатиладиган муддатининг қисқалигидир. Бир марталик қоғоз ва пластик идишлар, кийимлар, бошқа буюмлардир.

Пойтахтимизда «Махсустранс» ДУК раҳбарияти, Экологик партия, Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат миқёсида нишонланадиган Умумжаҳон тозалик кунини ўтказиш борасида 180 та тадбирга тайёргарлик кўрилди.

Мутахассислар томонидан тақдим қилинган маълумотларга кўра, кўнгиллилар билан ҳамкорликда шаҳарнинг 10 та манзилида батарейкаларни тўплаш ташкил этилмоқда. Батарейкаларни утилизацияга топширган барча юртдошларимиз, қимматли совғалар кўзда тутилган лотереяда иштирок учун жетонларни қўлга киритади.

Пойтахтимизнинг 24 та маҳалласида қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаган ҳолда тўплашга доир ўтказиладиган маърифий тадбирлар ҳам қувноқ ўйин шаклида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Таъкидланишича, ташкилотчилар бундай тадбирларни маҳаллий кўламда тизимли йўлга қўйишни мўлжалламоқда.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида атроф-муҳит озодалигига ўз ҳиссамизни қўшайлик! Зеро, обод ва файзли юртда яшамоққа нима етсин.

Прочитано: 486 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика