Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 33 / Кадрлар бўлими

Қоидалар бўйича қисқартириш

 

Ташкилотда намунавий штатлар ўзгартирилиши муносабати билан қисқартириш амалга оширилмоқда. Кадрлар бўлими ходимимиз хабарномани бергач, ходимни дарҳол ишдан бўшатиб юбориб, кейинги кундан уни таклиф этилган лавозимга ишга оляпти.

Штатлар қандай тартибда қисқартирилиши лозим? Комиссия тузилиши керакми ва унинг аъзолари кимлар бўлиши лозим? 

 

– Штат жадвалларининг ўзгартирилиши бўйича тадбирлар амалга оширилиши натижасида нафақат штатлар қисқартирилиши ва ходимлар ишдан бўшатилиши, балки меҳнат шартлари ўзгартилиши, ходимлар бошқа лавозимларга ўтказилиши ҳам мумкин. Шу боисдан ташкилотда қайси ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши, кимлар ва қандай тартибда бошқа лавозимга ўтказилиши аниқлаштириб олиниши лозим (МК 89, 92, 96-м.).

Қонун ҳужжатларида ушбу тадбирларнинг ўтказилишида комиссия тузилиши назарда тутилмаган, бироқ мазкур ишларни сифатли ва қонуний амалга ошириш учун ваколатли мансабдор шахслардан иборат комиссияни тузиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди (МК 101-м.).

Ходим бошқа ишга ўтказиш таклифи билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантиришни олганда бошқа ишга ўтказилишига розилик билдирган тақдирда, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиши шарт эмас, бунда меҳнат шартномасига қўшимча битим тузган ҳолда уни бошқа лавозимга ўтказишнинг ўзи етарли бўлади.

Меҳнат шартномаси бекор қилинишидан ёки бошқа ишга ўтказилишидан камида 2 ой олдин ходимга бу ҳақда огоҳлантириш хати берилиши лозим. Огоҳлантириш муддати иш берувчининг қарорига биноан эмас, балки фақат ходимнинг розилиги билан қисқартирилиши мумкин (МК 102-м.).

Ходимлар сони ёки иш туси ўзгартирилиши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга қуйидаги тўловлар тўланиши лозим:

• ходимга барча иш кунлари, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кун учун тўланиши лозим бўлган иш ҳақи;

• фойдаланилмаган таътил учун компенсация (меҳнат шартномаси бекор қилинадиган кунда фойдаланилмаган таътиллар мавжуд бўлганда);

• огоҳлантириш муддати ўрнига пуллик компенсация (тарафлар розилиги билан);

• ходимларни ишдан бўшатишда корхонанинг локал ҳужжатларида ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган тўловлар;

• ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси (МК 109-м.);

• иш қидириш даврида 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр учун ўртача ойлик иш ҳақи (МК 67-м.);

• ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин 30 календарь кундан кечикмай маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, 3-ой учун ўртача ойлик иш ҳақи (МК 67-м);

• муддатли меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда (меҳнат шартномасига киритилган бўлса) неустойка (МК 104-м.).

Прочитано: 713 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика