Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи истеъмолчи янги таъмирланган уйи учун ётоқхона тўпламини харид қилишга қарор қилди. Абу Сахий бозоридаги бир неча дўконларни айланиб, ўзига маъқул бўлган 13 млн сўмлик бежирим ва қулай мебелни танлади.
Уйга келтириб, йиғилган мебелнинг қатор нуқсонга эга эканлиги, яъни механизми ишламаган, шунингдек, бир томони оғиб қолгани ва ёриқлари бўлгани сабаб эстетик кўринишини йўқотгани аниқланди. Истеъмолчи бу ҳақда сотувчига мурожаат қилганда, улар мебель йиғувчи устани ётоқхона тўпламини эҳтиётсизлик ва нотўғри йиғганликда айблашган ва бошқа нуқсонларни эса инкор этишган.
Мурожаатни Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмаси ходимлари ўз зиммасига олиб, жойига чиққан ҳолда ўрганишди. «Верона люкс» МЧЖга тегишли дўкон вакиллари билан боғланиб, мазкур вазиятда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддаси билан истеъмолчининг кафолатланган ҳуқуқлари бузилаётганлиги тушунтирилди. Истеъмолчининг ҳуқуқлари 5 кун ичида тикланди ва мазкур дўкон томонидан 13 млн сўмлик пул маблағи қайтарилишига эришилди.