Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Алишер Навоий маҳалласида яшовчи Султоной Хўжамуродованинг шу йил июль ойида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг «Ишонч» телефонига қилган мурожаат Федерация томонидан атрофлича ўрганилди.
Гап шундаки, С. Хўжамурадова Термиз шаҳридаги «ДОНГ ГУАНГ» Хитой табобат клиникасига ўғлини даволатиш учун олиб бoрган. Клиника шифокорлари беморни самарали натижа билан даволашга ишонтириб, муолажаларни бошлаган.
Жарқўрғонлик мижоз муолажалар учун нақд 4,5 млн сўм пул маблағини тўлаб берган. Лекин, бемор марказдан ҳеч қандай наф кўрмайди. Бундан ажабланган онаизор Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига мурожаат этади.
Мурожаатни ўрганган жамият мутахассислари фуқаронинг эътирозларини ўринли, деб топди. Клиника мутасаддилари билан суҳбат ўтказиб, вазиятни тушунтирди. Натижада С. Хўжамуродованинг фарзанди қайта дори-дармон билан таъминланиб, такрорий муолажа амалиётлари ўтказилди.
Вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ахборот хизматидан маълум қилишларича, айни пайтда беморнинг саломатлиги яхши. Онаси эса мурожаати адолатли ечим топгани ва ўғлининг соғлиғи тикланаётганидан мамнун.