Кафолат муддати – бу товарлар сотиш шартномаси бўйича сифат талабларига жавоб бериши ва иш ва хизматлар истеъмол хусусиятларини сақлаб қолиши керак бўлган давр. Қоида тариқасида узоқ муддат фойдаланиш ёки сақлаш учун мўлжалланган маҳсулотларга, айниқса техника товарларига кафолат муддати ўрнатилади.
Наманган вилояти Уйчи туманида истиқомат қилувчи истеъмолчи 3 йиллик кафолат муддати билан харид қилган музлатгичининг 10 ойда нуқсони чиқиб қолди. Янги музлатгичнинг асосий қисми яхши совутмай қўйди. Унга қўйилган озиқ-овқатларнинг таъми тезда бузила бошлади. Бу ҳақда савдо дўконига бир неча маротаба мурожаат қилди. Лекин бирон натижа бўлмади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси томонидан йўналтирилган истеъмолчининг мазкур мурожаати Агентликнинг Наманган вилояти ҳудудий тузилмаси «Уйчи кредит маркет» МЧЖ биргаликда ўрганилганда музлатгичининг ишлаб чиқаришдаги нуқсони бўлгани ва уни таъмирлаб бўлмаслиги компания сервис хизмати томонидан тасдиқланган. Агентлик саъй-ҳаракати билан музлатгичга тўланган 3 млн 660 минг сўм маблағ истеъмолчига қайтариб берилди.
Маиший техника товарларини харид қилаётганда уларнинг кафолат муддати таъминланганлигига эътибор қаратинг. Агар кафолат муддати мобайнида товарда нуқсонлар аниқланса уни қайтариш ёки хизмат кўрсатиш маркази томонидан бепул таъмирлатиб олишингиз мумкин.
consumer.uz сайти материаллари асосида.