Бугун кўчалар, транспорт ёки бекатда, хиёбонлар, кўп қаватли уйлар атрофида, ҳатто болалар боғчаси ёнидаги ўриндиқларда ҳам ерда ағанаб ётган пластик идишларга кўзимиз тушади.
Иссиқдан чанқаган одам дўкондан муздек сув олиб ичади ва бўшаган идишни дуч келган жойга отиб кетаверади.
Сўнгги пайтда дунё олимлари пластик чиқиндилардан қутулишнинг турли йўлларини таклиф қилмоқда. Хусусан, пластик идишларни йиғиб, қайта ишланса, қурилиш материаллари, кийим-кечак тикиш учун синтетик толалар олиш мумкин экан.
Мамлакатимизда ҳам бу борадаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Пластик идишлар, турли чанқовбости ичимликларнинг қадоқларини йиғиб юрганларни кўп кўрганмиз. Катта қопларга тиқилган «баклажка»ларни эшак-аравага ортиб кетаётганларга кўзимиз тушади. Улар пластик идишларни қабул қилувчи шохобчаларга топширишади. Қандай тирикчилик қилиш, пул топиш ҳар кимнинг ўз иши. Бундайларнинг хатти-ҳаракатларига заррача эътироз ёки қаршилигимиз йўқ. Гап муддати ўтган пластик идишларни сотиб олиб, ундан ўз бизнесини юритишда фойдаланаётган «тадбиркорлар» ҳақида.
«Баклажка» савдоси айниқса, сут, қатиқ, қаймоқ сотувчи аёллар учун қўл келишини айтиб ўтмасак бўлмайди. Пойтахтимизнинг Қўйлиқ деҳқон бозоридаги сут-қатиқ маҳсулотлари сотиладиган расталарда бундай идишлардан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган бўлса-да, уддабурон сотувчилар назоратчиларнинг кўзларини шамғалат қилиб, бизнесларини йўлга қўйиш ниятида бўлади. Айниқса, эрталаб йўл четига қатор тизилишиб ўтириб олиб савдо қиладиган «сут»чи холаларга бу идиш жуда қўл келади.
– Ўткан куни бозордан бир литр сут сотиб олгандим, – дейди ўзини Гулнора деб таништирган харидор. – Сотувчи аёл сут янги, ўзимнинг сигиримники, деса ишонибман. Уйга бориб қарасам, аллақачон айниган экан. Бугун бозорда сутчи аёлни топиб, воқеани айтсам, «Сут янги, аммо идиш (баклажка) эскилиги учун шундай бўлган. Уни кўчадан сотиб олгандим», дея тушунтириш берди. Сотувчи аёлнинг инсофи бор экан. Зарарни қоплаб, пулимни қайтарди. Бундан кейин бундай идишга солинган нарсаларни сотиб олмасликка қарор қилдим.
Ҳарқалай, харидор пулини қайтариб олди. Биз эса фойдаланиш муддати ўтган идишнинг инсон соғлиғи учун зарари йўқми, деган савол билан шифокорга юзландик.
– Бир марталик елим идишлардан кўп маротаба фойдаланиш инсон организмида хавфли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади, – дейди олий тоифали шифокор Мамлакат Шамсиева. – Чунки уларни тайёрлашда турли кимёвий моддалардан фойдаланилади. Айниқса, оналар иссиқ кунлари «баклажка»га яхна чой қуйиб, фарзандининг сумкасига солиб қўяди. Яна «баклажкангни боғчада қолдириб келмагин», дея тайинлашни ҳам унутишмайди. Бундай идишга қайта-қайта иссиқ сув ёки чой қуйилиши натижасида унинг таркибидаги кимёвий моддалар эрийди. Натижада улар болаларда ангина, диарея, герпес, аллергия, ошқозон яраси каби касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Боланинг онгида ҳар доим эски «баклажка»ни йўқотиб қўймай, асраш зарур, деган ўй юради. Бундай идишларни асраш нафақат боланинг организмига, балки унинг асаб тизимига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди.
Корхоналарда сут маҳсулотлари бир марталик қоғоз-картон идишларда қадоқланиб, сўнг савдога чиқарилади. Биз бу идишлардан истасак-истамасак, қайта фойдалана олмаймиз. Ва у ташлаб юборилганидан кейин ҳам табиатга зарар етказмайди.
Дунёда энг кўп талабгир ичимлик бу – сув. Шундай экан, бугунги кунда ичимлик сувлари қадоқланаётган бир марталик идишларнинг соғлиқ учун зарарли эканини ҳисобга олиб, олимлар унинг сифат стандартини ишлаб чиқаришса айни муддао бўларди.
ЎзА асосида.