Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 30 / Божхона

Бўлиб-бўлиб тўлашнинг тартиби ва шартлари

 

Божхона тўловларини бирданига тўлаш имкониятига эга бўлмаган импортчиларга умумий суммани қисмларга бўлиб тўлашга рухсат этилди.

Шу ҳужжатнинг номи ва рақамини айтиб юборсангиз, илтимос. Бу тартиб-таомил қандай расмийлаштирилади? Бунда бирор бир фоиз ставкаси ундириладими ва қайси миқдорда? 

 

– Ҳақиқатан ҳам Президентнинг «Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (21.04.2021 йилдаги ПҚ-5087-сон) 9-бандига кўра, 3 йилдан ортиқ вақтдан буён товарларни импорт қилиш билан шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини бажариб келган, лекин молиявий аҳволига кўра тўловларни белгиланган муддатда тўлаш имкониятига эга бўлмаётган ТИФ иштирокчиларига 2021 йил 1 июндан бошлаб божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилди.

Бунда гаровсиз бўлиб-бўлиб тўланадиган солиқ ёки тўловлар суммаси тадбиркорлик субъекти томонидан охирги 3 йил давомида тўланган солиқ ёки божхона тўловлари суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.

 

Маълумот учун. 2021 йил 1 майдан бошлаб чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар ва «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатишни ўз вақтида таъминламаган импорт қилувчилар учун қонунчиликда белгиланган жарима миқдорлари 2 бараварга камайтирилди.

2021 йил 1 май ҳолатига шаклланган ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди ва дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисобланадиган бўлди.

 

Бўлиб-бўлиб тўлаш – божхона тўловларини тўлаш муддатини қўшимча даврга узайтириш бўйича имтиёз шундай аталиб, бу давр мобайнида тўловлар суммаси қисмларга бўлиб тўланади.

 

Бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш учун шартлар

Божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлашни тақдим этиш шартлари БКнинг 329-моддасида келтирилган. Божхона  тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тўловчига божхона органининг қарорига асосан берилади. Бўлиб-бўлиб тўлаш божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан 60 календарь кундан ошмаслиги лозим.

Божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти божхона тўловларининг битта ёки бир нечта турига, шунингдек тўланиши лозим бўлган бутун суммага ёки унинг бир қисмига нисбатан берилиши мумкин. Уни бериш тўғрисидаги қарор зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан 5 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда божхона органи томонидан қабул қилинади. Мазкур қарорда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган муддат, бундай имконият бериш рад этилган тақдирда эса рад этиш сабаблари кўрсатилади.

Божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти БКнинг 47-бобида назарда тутилган тартибда божхона тўловлари тўланишини таъминлаш шарти билан берилади.

Президентнинг ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти узоқроқ муддатларга ва божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда берилиши мумкин.

 

Бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганлиги учун фоизлар

Божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасидан Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида, бир кун учун қайта ҳисоб-китоб қилинган ҳисоблаб чиқариладиган фоизлар ундирилади.

Фоизлар бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган божхона тўловларининг суммаси тўлангунига қадар ёки тўлаш билан бир вақтда, лекин кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддати тугайдиган кундан кейинги кундан кечиктирмай тўланади.

БК 329-моддасининг 10-қисмида назарда тутилган ҳолларда божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган тақдирда, фоизлар ҳисобланмайди ва тўланмайди.

 

Маълумот учун. Божхона тўловлари бўйича бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганлиги учун фоизларни тўлаш, ундириш ва қайтариш БКнинг 46, 48 ва 49-бобларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

 

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш усуллари

Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тўловчининг танловига кўра қуйидаги исталган усуллар орқали амалга оширилади:

● пул маблағларини божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига киритиш;

● товарларни гаровга қўйиш;

● банк кафолатини тақдим этиш;

● божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш;

● кафиллик (БК 339-м.).

 

Божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини олиш учун тўловчи божхона органига:

● божхона тўловлари суммаларини тўлаш бўйича ёзма мажбуриятни ўз ичига олган аризани;

● БКнинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланиши таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади.

БКнинг 330-моддаси.

Прочитано: 517 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика