Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 25 / Бухгалтерга тавсиялар

Номоддий активлар амортизацияси қандай ҳисоблаб ёзилади

 

Номоддий активлар амортизациясини ҳисоблаб ёзишга оид умумий қоидалар 

Амортизация – бу НМА қийматини уларнинг фойдали хизмат муддати давомида корхона харажатларига аста-секин ўтказишдир (7-сон БҲМС 38-б.).

НМА амортизациясини:

● объект НМА таркибига қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб;

● ҳар бир объект бўйича НМА эскириши ҳисобга олинадиган ҳисобварақлар (0500-ҳисобварақлар)да акс эттириш йўли билан ҳар ойда;

● объектнинг амортизацияланаётган қиймати тўлиқ сўндирилгунига ёки унинг чиқиб кетишига қадар ҳисоблаб ёзинг. НМА чиқариб юборилган ва балансдан ҳисобдан чиқарилган тақдирда амортизацияни сўнгги бор у чиқариб юборилган ойда ҳисоблаб ёзинг (7-сон БҲМС 39, 40-б.).

 

НМАдан фойдаланишда бевосита ва билвосита чекловлар мавжуд бўлган тақдирда, мисол учун, НМАнинг муайян объекти билан боғлиқ асосий воситалар ёки бошқа активларни консервациялаш, реконструкция ва модернизация қилишда (ЭҲМ учун дастур сақланадиган серверларни консервациялаш) амортизация ҳисоблаб ёзишни тўхтатиб туринг (7-сон БҲМС 41-б.).

 

Амортизацияни корхонанинг ҳисобот давридаги фаолияти натижаларидан қатъи назар ҳисоблаб ёзинг (7-сон БҲМС 42-б.). Бухгалтерия ҳисобида амортизацияни у ҳисоблаб ёзилган ҳисобот даврида акс эттиринг.

 

НМАнинг фойдали хизмат муддати қандай аниқланади

Фойдали хизмат муддати – бу:

● корхона томонидан активдан фойдаланиш кўзда тутилган давр ёки

● корхона активдан фойдаланишдан олишни мўлжаллаётган маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг тахмин қилинаётган миқдори (ҳажми) (7-сон БҲМС 4-б.).

НМАнинг фойдали хизмат муддатини у ҳисобга қабул қилиниш чоғида қуйидагилардан келиб чиққан ҳолда белгиланг:

● патент, гувоҳноманинг амал қилиш муддати ва Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мувофиқ НМАдан фойдаланиш муддати бўйича бошқа чекловлар;

● корхона иқтисодий наф (даромад) олиши мумкин бўлган даврда ушбу объектдан фойдаланиш кўзда тутилаётган муддат (7-сон БҲМС 45-б.).

НМАнинг алоҳида гуруҳлари учун фойдали хизмат муддатини ушбу активдан фойдаланиш натижасида олиниши кутилаётган маҳсулотлар миқдори ёки ишлар (хизматлар) ҳажмининг бошқа натурал кўрсаткичидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш мумкин.

 

Агар НМА фойдали хизмат муддатини аниқлай олмаётган бўлсангиз, уни 5 йилга тенг қилиб белгиланг. Бунда фойдали хизмат муддати актив фойдаланишга тайёр бўлган пайтдан бошлаб корхонанинг фаолият кўрсатиш муддатидан ошмаслиги лозим.

 

НМАнинг фойдали хизмат муддатини аниқлашда қуйидаги омилларни эътиборга олинг:

● номоддий активнинг кутилаётган фойдали хизмат муддати;

● ишлаб чиқаришни ўзгартириш ва яхшилаш натижасида ёки актив томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга (ишларга, хизматларга) нисбатан бозор талабларининг ўзгариши натижасида техник эскириши;

● активдан фойдаланишдаги юридик ва бошқа чекловлар (масалан, фойдали хизмат муддатининг тугаши билан боғлиқ бўлган чекловлар) (7-сон БҲМС 44-б.).

 

МИСОЛ. НМАнинг фойдали хизмат муддатини аниқлаш

Корхона ихтирога патентни рўйхатдан ўтказди. Унинг тахминига кўра, ихтиро 3 йил давомида иқтисодий наф келтиради, шундан сўнг мазкур маҳсулотга бўлган бозор талабларининг ўзгариши муносабати билан у эскиради.

Корхона фойдали хизмат муддатини 3 йил ёки активдан фойдаланишдан олиниши мўлжаллаётган маҳсулотнинг тахмин қилинаётган миқдоридан келиб чиқиб белгилашга ҳақли.

 

НМАнинг фойдали хизмат муддатини ҳар бир ҳисобот йили охирида қуйидаги ҳолларда қайта кўриб чиқинг:

● НМАни яхшилаш ва хизмат муддатини узайтириш учун сарф қилинган харажатлар натижасида келгуси даврда активнинг фойдали хизмат муддатининг ўзгариши ёки келгусидаги иқтисодий фойдани олиш шартларининг ўзгариши кутилаётган бўлса;

● прогнозлар дастлабки баҳолардан сезиларли даражада фарқ қилиб, жорий ва келгуси даврлар учун амортизация суммасини кўпайтириш ёки камайтириш керак бўладиган бўлса (7-сон БҲМС 54-б.).

Янги фойдали хизмат муддатидан келиб чиқиб НМА амортизациясини ўзаришларни раҳбарият тасдиқлагандан кейинги ойдан бошлаб ҳисоблаб ёзинг.

 

НМА амортизацияси ҳисоблаб ёзиладиган қиймат

 

Амортизацияни НМАнинг амортизацияланадиган қийматига ҳисоблаб ёзинг.

 

Амортизацияланадиган қиймат = Бошланғич қиймат (тикланиш қиймати) – Тугатиш қиймати

 

Тугатиш қиймати — номоддий активнинг фойдали хизмат муддати тугаганда чиқиб кетиши чоғида у учун олиниши мўлжалланаётган унинг тахмин қилинган (баҳоланган) суммаси (чиқиб кетиш бўйича кутилаётган харажатларни чегирган ҳолда) (7-сон БҲМС 4-б.).

Тугатиш қиймати жуда кичик бўлса, уни ҳисобга олмаса ҳам бўлади. Агар у катта бўлса, уни НМА харид қилинган санада ҳам, қайта баҳолаш санасида ҳам аниқланг (7-сон БҲМС 55-б.).

 

Номоддий активнинг тугатиш қиймати қуйидаги ҳолларда нолга тенг деб ҳисобланади:

кутилаётган фойдали хизмат муддати охирида учинчи тараф билан уни сотиб олиш ҳақидаги битим мавжуд бўлмаса;

ушбу НМА учун фаол бозор мавжуд бўлмаса ҳамда НМАнинг кутилаётган фойдали хизмат муддати охирида бундай бозорнинг мавжуд бўлиш эҳтимоли бўлмаса (7-сон БҲМС 56-б.).

Фаол бозор – олди-сотди объектлари бир турда (бир хил) бўлган ва ҳар қандай вақтда битимни амалга оширишни хоҳловчи манфаатдор сотувчи ва харидорларни топиш мумкин бўлган, шунингдек нархлар ҳақидаги маълумотлар ошкор (ҳаммабоп) бўлган бозор (7-сон БҲМС 4-б.).

 

НМА амортизациясини турли усулларда ҳисоблаб ёзиш

НМА амортизациясини қуйидаги усуллардан бири ёрдамида ҳисоблаб ёзинг:

● бир маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усули;

● ишлаб чиқариш усули (бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда);

● икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули;

● йиллар йиғиндиси усули (кумулятив усул) (7-сон БҲМС 46-б., 47-б.).

НМАдан фойдаланишнинг дастлабки йилларида тезлаштирилган амортизациялаш зарурати бўлганда охирги иккита усулни қўлланг.

Амортизацияни ҳисоблашда қўлланилаётган усулларни, шунингдек НМАнинг фойдали хизмат муддатини қайта кўриб чиқиш эҳтимолини албатта корхонанинг ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.

 

Бир маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усули

Амортизация НМАнинг фойдали хизмат муддати мобайнида уларнинг амортизацияланадиган қийматидан келиб чиққан ҳолда бир маромда, тенг улушларда ҳисобланади (7-сон БҲМС 46-б. «а» к. б.).

Амортизацияни ҳисоблаш формулалари:

 

Йиллик амортизация суммаси = Амортизацияланадиган қиймат /
Фойдали хизмат муддати (йилларда);

 

Бир ойлик амортизация суммаси = Бир йиллик амортизация суммаси / 12.

 

МИСОЛ. Бир маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш усулида НМА амортизациясини ҳисоблаб ёзиш

15 млн сўмлик патент кўринишидаги НМА 2020 йил 26 октябрда ишга туширилди.

Фойдали хизмат муддати – 5 йил.

Тугатиш қиймати – 0.

Бир йиллик амортизация суммаси:

15 / 5 = 3 млн сўм.

Бир ойлик амортизация суммаси:

3 / 12 = 0,25 млн сўм.

2020 йилда амортизация ноябрь ойидан бошлаб ҳисобланади:

0,25 х 2 ой = 0,5 млн сўм.

2021 йил учун амортизация 3 млн сўм (0,25 х 12)га тенг.

 

Ишлаб чиқариш усули (бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда)

Мазкур усул ҳар бир муайян даврда НМАдан фойдаланишдан олинадиган маҳсулотларни ҳисобга олишга асосланган. Бунинг учун бутун фойдали хизмат муддатидаги умумий баҳоланган ишлаб чиқариш қуввати йиғиндисини ва муайян даврдаги ишлаб чиқаришнинг асл қувватини аниқлаш лозим. Ишлаб чиқариш қуввати сифатида:

● ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирликлари сони;

● ишланган соатлар сони;

● тонна-километрлар сони ва бошқалар олиниши мумкин (7-сон БҲМС 46-б. «б» к.б.).

Амортизацияни ҳисоблаш формулалари:

 

Ишлаб чиқариш қувватининг бир бирлигига амортизация суммаси =
Амортизацияланадиган қиймат /
НМАнинг бутун фойдали хизмат муддатида ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётган маҳсулот (иш, хизмат)лар ҳажми

 

Бир ойлик амортизация суммаси =
Ишлаб чиқариш қувватининг бир бирлигига амортизация суммаси х Бир ойда маҳсулот
(иш, хизмат) ишлаб чиқариш ҳажми.

 

МИСОЛ. Ишлаб чиқариш усулида НМА амортизациясини ҳисоблаб ёзиш

15 млн сўмлик патент кўринишидаги НМА 2020 йил 28 декабрда ишга туширилди.

Тугатиш қиймати – 0.

Патентдан фойдаланиб, фойдали хизматнинг бутун даври мобайнида 3 млн дона буюм ишлаб чиқариш мумкин.

Ишлаб чиқариш қувватининг бир бирлигига амортизация суммаси:

15 / 3 = 5 сўм.

2021 йилда 0,5 млн дона буюм ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда.

2021 йилда амортизация:

0,5 х 5 = 2,5 млн сўмга тенг бўлади.

 

Икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усули

Амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси ҳисобот йили бошидаги НМАнинг қолдиқ қийматидан ва фойдали хизмат муддатидан келиб чиқиб ҳисобланган амортизациянинг икки баравар меъёридан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Кутилаётган тугатиш қиймати НМАнинг бошланғич (қайта тиклаш) қийматидан чегирилмайди ­(7-сон БҲМС 48-б.).

Амортизацияни ҳисоблаш формулалари:

Амортизациянинг йиллик суммаси =
ҳисобот йили бошидаги НМАнинг қолдиқ қиймати х (НМА объектининг фойдали хизмат муддатидан келиб чиқиб ҳисобланган амортизация меъёри х 2)

 

Амортизациянинг ойлик суммаси = Амортизациянинг йиллик суммаси / 12.

 

МИСОЛ. Икки баравар амортизация меъёри билан қолдиқни камайтириш усулида НМА амортизациясини ҳисоблаб ёзиш

15 млн сўмлик патент кўринишидаги НМА 2020 йил 28 декабрда ишга туширилди.

Фойдали хизмат муддати – 5 йил.

Амортизация меъёри – 20% (100 / 5).

Биринчи йил учун амортизациянинг йиллик суммаси (2021 йил январь-декабрь ойлари):

15 х (20% х 2) = 6 млн сўм.

Амортизациянинг ойлик суммаси: 6 / 12 = 0,5 млн сўм.

Биринчи йил охиридаги қолдиқ қиймат: 15 – 6 = 9 млн сўм.

Иккинчи йил учун амортизациянинг йиллик суммаси (2022 йил январь-декабрь ойлари):

9 х (20% х 2) = 3,6 млн сўм.

Бир ойлик амортизация меъёри: 3,6 / 12 = 0,3 млн сўм.

 

Йиллар йиғиндиси усули (кумулятив усул)

Ҳар йили амортизация меъёри амортизация муддати охирига қадар қоладиган амортизацияланадиган қийматдаги улуш сифатида аниқланади. Улуш амортизация ажратмалари тугагунига қадар қоладиган тўлиқ йиллар сонини амортизация муддатини ташкил қиладиган йиллар тартиб сонлари йиғиндисига бўлиш орқали аниқланади.

Амортизация ажратмаларининг йиллик суммаси амортизацияланувчи қийматдан ҳамда суратида НМАнинг фойдали хизмат муддатининг охирига қадар қоладиган йиллар сони, махражида эса – НМАнинг фойдали хизмат муддати йиллари сони йиғиндисининг нисбатидан келиб чиққан ҳолда аниқланади (7-сон БҲМС 49-б.).

 

Амортизацияни ҳисоблаш формулалари:

 

Амортизацияланаётган қийматнинг улуши = Амортизация ажратмалари тугашигача қолган тўлиқ йиллар сони / Кумулятив рақам

 

Кумулятив рақам – бу амортизация муддатини ташкил қиладиган йиллар тартиб сонлари йиғиндиси. У қуйидаги формула бўйича аниқланади:

Кумулятив рақам = N х (N + 1) / 2,

бу ерда:

N – объектнинг кўзда тутилаётган хизмат муддати.

Ёхуд кумулятив рақамни амортизация муддатини ташкил қиладиган йиллар тартиб сонларини қўшиш орқали топиш мумкин. Дейлик, хизмат муддати 5 йил бўлса, кумулятив рақам қуйидагича аниқланади:

1 + 2 + 3 + 4 + 5 = 15.

 

Амортизациянинг йиллик суммаси = Амортизацияланадиган қиймат х
(Объектнинг фойдали хизмат муддати тугашигача қоладиган йиллар сони / Кумулятив рақам).

 

МИСОЛ. Йиллар йиғиндиси усули (кумулятив усул)да НМА амортизациясини ҳисоблаш 

18 млн сўмлик патент кўринишидаги НМА 2020 йил 28 декабрда ишга туширилди.

Фойдали хизмат муддати – 5 йил.

Тугатиш қиймати – 0.

Кумулятив рақам:

5 х (5 + 1) / 2 = 15.

Биринчи йил учун амортизациянинг йиллик суммаси (2021 йил январь-декабрь ойлари):

18 х (5 / 15) = 6 млн сўм.

Амортизациянинг бир ойлик меъёри: 6 / 12 = 0,5 млн сўм.

Иккинчи йил учун амортизациянинг йиллик суммаси (2022 йил январь-декабрь ойлари):

18 х (4 / 15) = 4,8 млн сўм.

Амортизациянинг бир ойлик меъёри: 4,8 / 12 = 0,4 млн сўм.

 

НМА мавсумий тусдаги ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган бўлса, амортизация ажратмаларининг йиллик суммасини активдан фойдаланиш даври мобайнида ҳисобот йилида бир маромда ҳисобланг.

Ишлаб чиқариш усули бундан мустасно. Бу усулда маҳсулот чиқарилмаган даврда амортизация ҳисобланмайди (7-сон БҲМС 50-б.).

 

ВАЗИЯТ. Амортизациянинг турли усулларини қўллаш

НМАнинг турли объектларига амортизацияни ҳисоблашнинг ҳар хил усулларини қўлласа бўладими?

  • Бўлади, аммо НМАнинг ҳар хил турлари (гуруҳлари)га. Бунда бир турдаги НМАга (бир гуруҳ, бир тип ичида) фақат бир усулни қўлланг.

Мисол учун, патентлар бўйича – ишлаб чиқариш усули, интеграл микросхемалар топологиялари бўйича эса – кумулятив усулдан фойдаланинг.

 

ВАЗИЯТ. Амортизация ҳисобланадиган усулни ўзгартириш

Амортизация ҳисобланадиган усулни ўзгартирса бўладими?

  • Агар НМАдан фойдаланишдан олиниши кўзда кутилаётган иқтисодий нафда жиддий ўзгаришлар кузатилса ва вужудга келган вазиятда амортизация усулининг ўзгартирилиши ўз-ўзини оқласа, бўлади.

Усулнинг ўзгартирилишини ҳисоб сиёсатида акс эттиринг. Ўзгариш сабабини ва унинг иқтисодий самарасини молиявий ҳисоботга илова қилинган тушунтириш хатида акс эттиринг.

 

 

Амортизация ҳисоблаб ёзишнинг бухгалтерия ҳисоби

Ҳисоблаб ёзилган амортизация суммалари НМАнинг вазифаси ва фойдаланиш соҳасига қараб корхона харажатларига (тайёр маҳсулот, товар, ишлар, хизматлар таннархига) олиб борилади.

НМАдан узоқ муддатли активларни ишлаб чиқаришда фойдаланилганда ҳисобланган амортизация капитал қўйилмаларни ҳисобга олиш счётларига олиб борилади. Масалан, НМАдан ўз эҳтиёжлари учун бино қуришда фойдаланганда ҳисобланган амортизация 0810-счётда ҳисобга олинади.

 

МИСОЛ. НМАга амортизация ҳисоблаб ёзишнинг бухгалтерия ҳисоби

Савдо корхонаси товар белгисига амортизацияни тўғри чизиқли усул ёрдамида ҳисобламоқда.

Амортизациянинг бир ойлик суммаси – 0,3 млн сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма,
млн сўм

 

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Савдо белгисига амортизация ҳисобланди

 

0,3

 

9410-«Сотиш харажатлари»

 

0520-«Савдо маркалари, товар белгилари ва саноат намуналарининг амортизацияси»

 

 

Иброҳим АҲМАДХОНОВ,

Молия вазирлиги департаменти директори ўринбосари,

Олег ЦОЙ,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 103 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика