Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 25 / Божхона

Вақтинча олиб киришга доир универсал битим

 

Вақтинча олиб кириладиган товарларнинг божхона расмийлаштируви тартиб-таомилларини уйғунлаштиришда Истанбул конвенцияси деб аталувчи Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги конвенция (Истанбул, 26.06.1990 й.) катта роль ўйнайди. Бу ҳужжат иштирокчи мамлакатлар доирасини ҳамда вақтинча олиб кириш объектларини қамраб олиш нуқтаи назаридан, қолаверса, олдинроқ қабул қилинган халқаро мақсаддаги, лекин айни вақтда тор йўналишдаги бир қатор конвенциялар ўрнини босиш жиҳатидан анчайин универсал конвенция ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Истанбул конвенциясига қўшилганига бир йилдан ошди. Ҳужжат доирасида ваколатли орган сифатида Давлат божхона қўмитаси тайинланган. Ушбу халқаро битимнинг моҳияти, унинг қоидаларини қўллашнинг айрим жиҳатлари, АТА карнети нима дегани ва бошқа кўплаб масалалар хусусида махсус мухбиримизга ДБҚ божхона назоратини ташкил этиш бошқармасининг бошлиқ ўринбосари Дмитрий ШЧЕРБИНИН гапириб берди: 

 

– Ўзбекистон Республикаси Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги конвенцияга Президентнинг 24.04.2020 йилдаги ПҚ-4694-сон қарорига мувофиқ қўшилган. Мазкур Конвенция вақтинча олиб кириш (15 та битим) ва халқаро савдони ривожлантириш тўғрисидаги барча мавжуд халқаро ҳужжатларни бирхиллаштириш мақсадида Жаҳон божхона ташкилоти (ЖБТ) шафелигида қабул қилинган. Конвенция 34 модда ва 13 иловадан (A, B.1–B.9, C, D, E) иборат бўлиб, ягона халқаро божхона ҳужжати бўлмиш АТА карнети бўйича Конвенцияга аъзо мамлакатлар ҳудудида муайян товарларнинг божсиз вақтинча олиб кирилиши ва транзити учун қўлланиладиган божхона тартиб-таомилларининг асосий принципларини белгилайди.

 

– Шу ҳужжат тўғрисида батафсилроқ гапириб берсангиз. АТА карнетидан фойдаланишнинг афзалликлари нимада?

– АТА карнети – халқаро божхона ҳужжати бўлиб, у божхона декларациялари ўрнини босади ва кўргазма ҳамда ярмаркалар ўтказилиши муносабати билан товарларнинг соддалаштирилган ва тезлаштирилган тарзда расмийлаштирилиши, шунингдек товар намуналари, асбоб-ускуналар ва бошқаларнинг чегара орқали олиб ўтилиши учун имконият беради.

ATA қисқартмаси француз ва инглиз тилидаги «Admission Temporaire» атамаларининг қўшилишини ўз ичига олади. АТА карнети товарларни вақтинча олиб кириш билан боғлиқ бўлган халқаро операциялар учун бизнес ҳамжамият томонидан кенг қўлланиладиган ҳужжатдир. АТА карнетидан фойдаланиш қуйидаги афзалликларни беради:

1) у товар ишлаб чиқарилган мамлакатда АТА карнетидан фойдаланган ҳолда вақтинча олиб кириш режими бузилган тақдирда, божхона тўловлари ва солиқларини тўлаш бўйича кафолатловчи сифатида чиқаётган муайян ваколатли орган (қоида тариқасида миллий савдо-саноат палаталари) томонидан берилади;

 

Маълумот учун. Савдо-саноат палатаси ЎзРда Истанбул конвенцияси доирасида кафолатловчи ваколатли ташкилот этиб белгиланган.

 

2) божхона чегараси орқали бевосита ҳар бир ўтказиш пунктида миллий божхона ҳужжатларини тўлдириш талаб қилинмайди, сабаби у божхона декларациялари (вақтинча олиб кириш, реэкспорт, вақтинча олиб чиқиш, реимпорт ва транзитда) ўрнини босади. Шу билан бирга бу ҳужжат иштирокчини олиб чиқиш мамлакатининг божхона органига ҳар сафар декларациялар тақдим этиш заруратидан озод қилади, бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектининг вақт ва молиявий харажатларини қисқартиради;

3) божхона тўловлари тўланишининг таъминоти сифатида гаров, депозитлар, банк кафилликларини тақдим этиш зарурати йўқолади, сабаби АТА карнетининг ўзи худди шундай халқаро кафолат ҳужжати бўлиб ҳисобланади;

4) юк биргина АТА карнети билан Конвенцияга аъзо бир қанча мамлакатларда вақтинча олиб кириш (транзит) учун расмийлаштирилиши мумкин;

5) АТА карнети билан қамраб олинган товарлар бир ёки бир нечта туркумларда олиб чиқилиши ва олиб кирилиши мумкин;

6) Жаҳон банкининг ҳар йиллик «Doing Business» ҳисоботида, шунингдек транспорт ва логистика бўйича халқаро баҳолаш (LPI) индексларида рейтингларни яхшилаш;

7) халқаро бозорларни ўзлаштиришда самарали дастак ҳисобланади. Масалан, уни қўллаётганда тадбиркорлар ўз товарлари намуналари билан чегарадан ўтиш ёки улар дуч келадиган божхонада расмийлаштириш сингари муаммоларни ҳал қилишдан озод бўладилар;

8) маҳаллий тадбиркорларга ўз товарларининг тақдимоти ва рекламаси учун иштирокчи мамлакатлар ҳудудига нафақат тўсиқлар ва ортиқча бюрократик тартиб-таомилларсиз олиб кириш, балки бизнинг мамлакатда ўтказиладиган ярмарка ва кўргазмаларда хорижий экспонатлар миқдорини бир неча баробар ошириш имконини беради.

 

– Товарларни Ўзбекистон божхона чегарасида божхона назорати ва божхона расмийлаштирувидан ўтказишда Истанбул конвенциясини қўллаш тартиби қандай?

– Конвенция билан ишлашни тартибга солиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси томонидан Вақтинча олиб кириш тўғрисидаги конвенцияни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ рўйхат рақами 3264, 30.06.2020 й.).

Масалан, АТА карнетидан фойдаланган ҳолда товарларга нисбатан божхона операциялари Конвенциянинг А-иловаси «Вақтинча олиб кириш ҳужжатлари тўғрисида» билан биргаликда Конвенциянинг қуйидаги иловалардан бирининг шартларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади:

● В.1-илова «Кўргазмалар, ярмаркалар, конференциялар ёки шу каби тадбирларда намойиш қилиш ёхуд фойдаланиш учун товарлар тўғрисида»;

● В.2-илова «Профессионал асбоб-ускуна тўғрисида»;

● В.3-илова «Тижорат операцияси муносабати билан олиб кирилган контейнерлар, поддонлар, ўрамлар, намуналар ва бошқа товарлар тўғрисида»;

● В.5-илова «Таълим, илмий ёки маданий мақсадларда олиб кирилган товарлар тўғрисида»;

● В.6-илова «Саёҳатчиларнинг шахсий буюмлари ва спорт мақсадларида олиб кирилган юкларга тегишли илова».

Хусусан, Низомда божхона органи АТА карнетини божхона декларацияси ва божхона тўловларини тўлашнинг халқаро миқёсидаги кафолати ҳамда божхона органлари олдидаги мажбуриятнинг бажарилишини кафолатловчи ҳужжат сифатида қабул қилиши мумкин ҳоллар санаб ўтилган.

 

– ЎзР Конвенцияга қўшилгандан буён қанча АТА карнетлари расмийлаштирилганини айтиб берсангиз.

– Ўзбекистон Рес­публикаси Конвенцияга қўшилган пайтдан буён ТИФ иштирокчилари томонидан божхона расмийлаштируви учун АТА карнети тақдим этилмаган, сабаби АТА карнетидан фойдаланиш механизми ихтиёрий хусусиятга эгадир.

 

– Божхона органи АТА карнетини божхона декларацияси ва божхона тўловларини тўлашнинг халқаро миқёсидаги кафолати ҳамда божхона органлари олдидаги мажбуриятнинг бажарилишини кафолатловчи ҳужжат сифатида қабул қилган ҳолларда қандай жиҳатларга эътиборни қаратиш лозим бўлади?

– Бунда, албатта, АТА карнети ва бошқа ҳужжатларнинг тўғри тўлдирилганлигига эътиборни қаратиш лозим.

Шу билан бирга вақтинча олиб кириш божхона расмийлаштируви учун мўлжалланган графаларни тўғри тўлдириш зарур.

ТИФ иштирокчиси хатар гуруҳига кирмаган бўлиши лозим. Масалан, дейлик, товар ҳаракатланаётган йўлда уни етказиб бермаслик, йўқотиш ёки алмаштириб қўйиш сингари божхонага оид қонун ҳужжатлари билан боғлиқ бартараф этилмай қолган ҳуқуқбузарликлар бўлмаслиги керак.

 

– АТА карнетидан фойдаланган ҳолда олиб кириладиган ва олиб чиқиладиган товарлар қай тартибда декларация қилинади? Илгари АТА карнетидан фойдаланган ҳолда вақтинча олиб кирилган товарларни Ўзбекистондан қайта олиб чиқишда (реэкспортда) декларациялаш тартиби ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

– АТА карнетидан фойдаланган ҳолда товарларни декларациялаш Низомнинг 2 ва 4-боблари билан тартибга солинади.

Чунончи, Истанбул конвенциясига А илованинг 10-моддасида АТА карнетидан фойдаланган ҳолда олиб кирилган товарларни қайта олиб чиқиш масаласи анчайин батафсил баён этилган. Масалан, вақтинча олиб кириш тўғрисидаги ҳужжатни қўллаган ҳолда олиб кирилган товарларнинг (шу жумладан транспорт воситаларининг) қайта олиб чиқилишига далил бўлиб ушбу ҳужжатнинг вақтинча олиб кириш ҳудудининг божхона органи муҳри билан тасдиқланган тегишли тарзда тўлдирилган олиб чиқиш корешоги ҳисобланади.

Қайта олиб чиқиш шу тарзда тасдиқланмаган тақдирда, вақтинча олиб кириш ҳудудининг божхона хизмати қуйидагиларни қайта олиб чиқиш далили сифатида, ҳатто вақтинча олиб кириш тўғрисидаги ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин ҳам, қабул қилиши мумкин:

а) олиб кириш ёки қайта олиб кириш вақтида шартлашаётган тараф божхона органларининг бирортаси томонидан вақтинча олиб кириш тўғрисидаги ҳужжатга киритилган ёзувлар ёки ушбу органлар томонидан улар ҳудудига олиб кириш ёки қайта олиб кириш вақтида ҳужжатнинг йиртиб олинадиган варағида амалга оширилган ёзувлар асосида берилган гувоҳнома, фақат шарти шуки, мазкур ёзувлар олиб кириш ёки қайта олиб киришга тегишли бўлиши ҳамда ушбу олиб кириш ёки қайта олиб кириш қайта олиб чиқишдан кейин бўлганлигидан далолат бериши керак ва бунинг рўй берганини аниқлаш талаб қилинади;

b) мазкур товарлар (шу жумладан транспорт воситалари) ушбу ҳудуддан ташқарида эканлигини ҳужжат билан тасдиқлайдиган бошқа ҳар қандай далил.

Бу ҳолларда божхона органлари бундай тартибга солиш учун йиғим ундириш ҳуқуқига эга бўладилар.

Бунда шартлашаётган тараф божхона органларининг бирортаси вақтинча олиб кириш тўғрисидаги ҳужжатни қўллаган ҳолда улар ҳудудига киритилган муайян товарларни (шу жумладан транспорт воситаларини) қайта олиб чиқиш мажбуриятидан озод этган тақдирда, кафолатловчи уюшма ўз мажбуриятларидан фақат божхона органлари бундай товарларга (шу жумладан транспорт воситаларига) нисбатан вазият тартибга солинганлиги тўғрисида ҳужжатда белги қўйганларида озод этилади.

 

– ATA карнетидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикасига вақтинча олиб кирилган товарларнинг вақтинча олиб кириш муддатини узайтириш назарда тутилганми?

– Ҳа, муддатни узайтириш Конвенциянинг 7-моддасида назарда тутилган, унга кўра:

1) вақтинча олиб кириш тартиб-таомилига мувофиқ олиб кирилган товарлар (шу жумладан транспорт воситалари) уларни вақтинча олиб кириш мақсадларига эришиш учун етарли бўлган муайян муддатда қайта олиб чиқиб кетилиши зарур. Бу муддат ҳар бир иловада алоҳида келишиб олинади;

2) божхона органлари ҳар бир иловада кўрсатилган муддатдан узоқроқ бўлган олиб чиқиш муддатини белгилашлари ёхуд дастлабки муддатни узайтиришлари мумкин;

3) вақтинча олиб кириш тартиб-таомилига мувофиқ олиб кирилган товарлар (шу жумладан транспорт воситалари) уларга хатлов қўйилиши ва бу хатлов хусусий шахслар талаби бўйича қўйилган бўлмаса қайта олиб чиқилиши мумкин эмас, уларнинг қайта олиб чиқилишига доир мажбуриятлари амал қилиши ушбу хатлов муддатида тўхтатиб турилади.

 

– АТА карнетидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига вақтинча олиб кирилган товарлар бўйича божхона тўловларини тўлаш кафолати қай тарзда амалга оширилади?

– Ҳар бир кафолатловчи уюшма ўзи жойлашган ҳудуддаги шартлашаётган тараф божхона органларига тўланиши лозим бўлган олиб кириш божлари ва йиғимлар ҳамда бошқа суммаларнинг тўланишини кафолатлайди, бундан алоқадор уюшма томонидан берилган вақтинча олиб кириш тўғрисидаги ҳужжатга мувофиқ мазкур ҳудудга олиб кирилган товарларнинг (шу жумладан транспорт воситаларини) вақтинча олиб кирилиши ёки божхона транзити шартларига риоя қилинмаганда Конвенциянинг 4-моддаси 4-бандида кўрсатилган суммалар мустасно.

Кафолатловчи уюшма юқорида қайд этилган суммаларнинг тўланиши учун қарздорлар билан бирга солидар тартибда жавобгар бўлади. Кафолатловчи уюшма олиб кириш божлари ва йиғимларининг 10 фоиздан ошадиган суммасини тўлашга мажбур эмас (АТА карнети ҳужжати билан бўлган ҳолларда) (Конвенцияга А илованинг IV боби).

 

– Конвенциянинг В (1, 2, 3, 5, 6) иловалари қоидалари қўлланганда ТИФ иштирокчилари нималарни ҳисобга олишлари зарур бўлади?

– Конвенцияга В илова қоидалари қўлланганда ҳисобга олиниши лозим бўлган омиллар бир нечта. Улар орасида божхона расмийлаштирувидан кейин уларни идентификация қилиш имконияти мавжуд бўлган товарлар тўғрисидаги маълумотларнинг тўғри кўрсатилишини айтиб ўтиш жоиз.

Шу билан бирга Конвенция ва В.1, В.2, В.3, В.5, В.6 иловалари юрисдикцияси остига тушувчи товарлар қайси тоифага киришига ҳам эътиборни қаратиш лозим бўлади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 262 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика