Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 25 / Божхона

Боринг, кўринг, иқрор бўлинг!

 

Божхона тизимидаги янгиланишлар билан пресс-тур давомида таништирилди

Халқимизда «Минг эшитгандан, бир кўрган афзал» деган гап бор. Сўнгги йилларда давлат божхона хизмати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар, рақамли божхонага ўтиш, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш борасидаги ишлар хусусида кўп гапириляпти. Ана шу ўзгаришлар билан яқиндан таништириш мақсадида Давлат божхона қўмитаси Олий Мажлис депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари учун пресс-тур уюштирди. Ташрифчилар ДБҚнинг «Арк булоқ» ТИФ божхона пости ҳамда Миллий кинология марказида бўлиб, божхона органларида ТИФ қатнашчиларига яратилаётган шароитлар, божхона постларида тадбиркорлик субъектлари учун муҳайё этилган қулайликлар, божхона назоратини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар, хусусан, кинология соҳасидаги ислоҳотларни ўз кўзлари билан кўриш имкониятига эга бўлдилар.

 

Бугунги кунда рақамли иқтисодиётнинг таркибий қисми бўлган рақамли божхона доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлиги тобора ортиб бормоқда. Пресс-турнинг илк манзили «Арқбулоқ» ТИФ божхона постида мазкур пост бошлиғи Ғайрат Носиров божхона омбори ва божхона органлари ўртасида ўзаро ахборот алмашинуви, декларацияларни тўлдириш ва божхона кўриги жараёнлари тўғрисида маълумот берди.

 

Тизимга жорий этилган замонавий ахборот технологиялари кўлами кенгайган. Хусусан, интерактив хизматлар сони 2017 йилдаги 9 тадан 2020 йилда 30 тагача етказилди. 2021 йилда эса улар сони яна 6 тага кўпаяди. Бу хизматларнинг жорий этилиши эвазига божхона ишида инсон омили кескин камаймоқда ва тизимга келиб тушаётган мурожаатлар сони ҳам қисқармоқда.

Божхона органларида 2017 йилга қадар 23 та электрон ахборот тизими ишлаган бўлса, 2020 йилга келиб уларнинг сони 63 тага етказилди, 2021 йил якунига қадар 14 та янги дастурлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

«Хавфни бошқариш» ахборот тизими автомобиль чегара божхона постларида жорий этилгани эвазига янги дастур орқали «яшил» йўлакда – 2,5%, «сариқ» йўлакда – 91% ва «қизил» йўлакда – 6,5% товарлар расмийлаштирилди. Иш жараёнида 192 та ҳолатда 6 млрд сўмдан зиёд товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилиши аниқланган.

 

Бир қатор операциялар соддалаштирилди, харажатлари қисқарди, хусусан:

● илгари декларацияни тўлдириш учун албатта божхона брокерига мурожаат қилиш лозим бўлган ва бу ҳужжат шу тартибда тўлдирилмаган бўлса, ахборот тизими декларацияни қабул қилмас эди. Ҳозир эса йирик ва ўрта бўғиндаги тадбиркорлар ўз штатларидаги ходимларни декларацияни тўлдиришга ўқитиб, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олишяпти;

● илгари ходимлар ўртасида декларацияни пост бошлиғи тақсимлаган бўлса, ҳозирда ушбу жараёнлар автоматлаштирилди ҳамда тақсимлаш махсус алгоритмлар асосида амалга ошириляпти. Алгоритм ходимнинг иш ҳажми, аввал ушбу ташкилотни расмийлаштирганлиги тарихини ўрганади;

● илгари декларацияни рўйхатдан ўтказиш учун хизмат китобларидан фойдаланилган бўлса (ўртача 30–60 дақиқа сарфланган), ҳозир барчаси автоматлаштирилди (ўртача 1–2 дақиқа кетади);

● илгари тўловлар пост олдидаги банк кассасига тўланган бўлса, ҳозирда ушбу кассаларга эҳтиёж йўқ, сабаби республикамизда мавжуд бўлган барча мобиль иловалар орқали тўловларни тўлаш имконияти яратилди;

● илгари мамлакатимизга кириб келган ҳар бир товар божхона кўригидан ўтказилган бўлса, ҳозир атиги 25–26 фоизи кўрикдан ўтказилмоқда. Шунингдек, 2018 йилда 25 000 ҳолатда божхона экспертизаси ўтказилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 3 100 тани ташкил этди;

● илгари рухсатнома ҳужжатларини олиш учун тадбиркорлик субъекти идорама-идора юрган бўлса, ҳозирда ушбу жараёнлар онлайн тарзда «Ягона дарча» ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда.

Куннинг иккинчи ярмида тадбир иштирокчилари ДБҚнинг Миллий кинология марказига ташриф буюришди. Бу ерда улар Марказнинг ўқув хоналари, кутубхона, компьютер синфларини бориб кўришди. Пресс-тур давомида Марказ мутахассислари журналистларни ўз фаолиятларига оид сўнгги янгиликлар билан таништиришди, видеороликни намойиш этишди.

Жорий йилда ташкил этилганига 25 йил тўлган Миллий кинология маркази Марказий Осиёда ягона муассаса ҳисобланади. Марказ зиммасига Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кинология хизматларини услубий таъминлаш, малакали кинологлар ва наслдор хизмат итларини тайёрлаш ва қайта тайёргарликдан ўтказиш каби вазифалар юклатилган. Ҳозирги бу ерда 10 та йўналиш бўйича хизмат итлари тайёрланади. Марказ фаолияти БМТ, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан юксак эътироф этилиб, 2008 йилда Жаҳон божхона ташкилоти томонидан унга минтақавий кинология маркази мақоми берилди.

Президентимизнинг 2018 йил 12 апрелдаги «Давлат божхона органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5414-сон Фармони талабларидан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1029-сон қарори қабул қилинди. Ҳужжат билан давлат божхона хизмати органларида хизмат итларини овқатлантириш ва компенсация тўловларини ажратиш тартиби тасдиқланди.

Шунингдек, қарор доирасида Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезидентларига хизматга яроқсиз бўлган итлар белгиланган тартибда сотилади ҳамда шартнома асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг итларини умумий машқ курси ва ҳимоя-қоровул хизмати талабларига мувофиқ тайёрланади.

Пресс-тур якунида кинологларнинг хизмат итлари «меҳмонлар»га ўзларининг кўргазмали чиқишларини намойиш этди.

Тадбир иштирокчилари Давлат божхона қўмитасига ҳам ташриф буюришди. Қўмитада Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси таркибида махсус таркибий тузилма сифатида ташкил қилинган Ситуацион марказ фаолияти билан яқиндан танишилди.

Божхона органларида жорий йилнинг беш ойида 4 732 ҳолат бўйича 326,3 млрд сўмлик божхона қонунбузилиши аниқланган бўлиб, бу 2020 йилнинг шу давридагига нисбатан (4 138 ҳолат, 113,6 млрд сўм) ҳолатлар сони 594 тага ортган, ушланган товар-моддий бойликларнинг қиймати бўйича 212,7 млрд сўмга ёки 2,8 баробарга ортган.

Бундан ташқари, тизимда ўрнатилган янги модуллар ёрдамида Давлат бюджетига 229,4 млрд сўмдан зиёд қўшимча тўловлар ундирилди. Жумладан, божхона қийматини пасайтириб кўрсатишнинг олдини олиш бўйича – 87,1 млрд сўм; ТИФ ТН кодини ўзгартиришнинг олдини олиш бўйича – 6,1 млрд сўм, келиб чиқиш сертификати бўйича 6 млрд сўм, имтиёзлардан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари бўйича 93,1 млрд сўм, бошқа ҳолатлар бўйича 18,8 млрд сўм.

Тадбир якунида иштирокчилар ДБҚдаги «Божхона тарихи» музейини ҳам бориб кўришди.

Жавоҳир КАРАМАТОВ,

ДБҚ Ахборот хизмати катта инспектори.

Прочитано: 96 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика