Ижод натижасида яратилган маҳсулотни бошқалар томонидан сўроқсиз ишлатилишидан ҳимоялаш зарур. Бунинг учун маҳсулотнинг товар белгиси (trade mark), бренд (brand), муаллифлик ҳуқуқи (copyright) ва патент (patent) каби воситалар ёрдамида ҳимояланиши муҳим аҳамият касб этади.
Савдо белгиси (савдо маркаси)
Савдо белгиси бу товарнинг рўйхатдан ўтган савдо номи, логотипи, ранги, овози ёки шиори бўлиб, улар асосида компаниянинг хизматлари ёки маҳсулотлари фарқланади. Савдо белгиси билан бирга, хизмат кўрсатиш белгиси (service mark) тушунчаси ҳам мавжуд бўлиб, у хизмат «манбаси»ни англатади. Савдо белгиси атамаси кўп ҳолларда товарлар ва хизматларга нисбатан умумий тарзда қўлланилиши мумкин.
Бренд
Содда қилиб айтганда, бренд истеъмолчининг эътиборини қозонган ва истеъмолчи ўрганиб қолган маҳсулот ёки хизматнинг таниқли савдо белгисидир. Сиз ўзингиз биладиган компания ҳақида ўйлаганингизда хаёлингизга у билан боғлиқ айнан нима келади? Одатда, бу компаниянинг логотипи, шиори ёки таронаси бўлиши мумкин. Aммо янада чуқурроқ даражада бренд сизда маълум бир туйғу чақириши мумкин. Бренд тушунчаси аслида моддий шакл билан эмас, балки ҳиссиёт билан боғлиқ тасаввурдир.
Бренд кўп ҳолларда учта омилга боғлиқ ҳолда шаклланади: рационал (бренднинг ўзи қандай ишлаши), моддий (бренднинг ташқи кўриниши) ва ҳиссиётга асосланган (инсон бренд билан юзма-юз келганда нимани ҳис қилиши).
Бренд истеъмолчининг компания тўғрисидаги ҳиссиётлари, қарашлари бўлганлиги сабабли у бошқалар томонидан фойдаланилишидан ҳеч қандай ҳуқуқий ҳимояга эга эмас, савдо белгиси эса моддий таркибий қисм бўлиб, рақобатчилар истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган усуллардан фойдалана олмаслиги учун ҳуқуқий ҳимояни таъминлайди.
Товар белгиси сифатида сўзлар (сўз бирикмалари), тасвирий воситалар, йирик ёки бошқа ифодалар ва уларнинг бирикмаси рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Сўз ва график бирикмали товар белгисини ифодалаш учун тез-тез «логотип» атамасидан фойдаланилади.
Логотип – одатда график кўринишидаги тимсол (белги) бўлиб, бошқа индивидуаллаштириш воситалари сингари, ишлаб чиқарувчига бошқалардан ажралиб туришга ва ўз маҳсулотини ўхшаш маҳсулотлар қаторидан ажратиб кўрсатишга ёрдам беради.
Тегишли тартибда рўйхатдан ўтган савдо белгиси (логотип) қонуний ҳимояланган активга айланади ва унинг эгаси ўз маҳсулоти ёки хизматини фарқлайдиган белгиларнинг сохталаштирилишидан ва ноқонуний ишлатилишидан кафолатланган ҳисобланади.
Муаллифлик ҳуқуқи
Муаллифлик ҳуқуқи шеърият, романлар, фильмлар, қўшиқлар, компьютер дастурлари ва архитектура каби адабий, драматик, мусиқий ва бадиий асарларни ўз ичига олган асл муаллифлик асарларини ҳимоя қилади. Бошқача айтганда, муаллифлик ҳуқуқи бу нусха кўчириш ҳуқуқидир. Яъни, асл маҳсулот яратувчилари ва улар рухсат берган ташкилотлар ёки шахслар асарни кўпайтириш учун мутлақ ҳуқуққа эга бўлган шахс деб баҳоланади.
Патент ҳуқуқи
Патент ҳуқуқи муаллифлик ҳуқуқи каби инсоннинг интеллектуал ва ижодий фаолияти натижаларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун мўлжалланган. Бироқ, муаллифлик ҳуқуқидан фарқли ўлароқ, патент ҳуқуқи инсоннинг илмий-техник соҳадаги ижодини ҳимоялашни назарда тутади. Бунда илмий фаолият маҳсули фақатгина илмий тадқиқотлар натижаларидан амалда фойдаланилганда патент ҳуқуқи объектига айланиши мумкин.
Муаллифлик ҳуқуқи ғояни эмас, балки унинг якуний шаклини (сценарий, расм, компьютер дастури, опера ва бошқалар) ҳимоя қилади. Патент ҳуқуқи эса ғоянинг техник шаклини, ишлаш принципини, натижага эришиш усулини ҳимоя қилади. Улар индивидуаллаштириш воситалари ёки товар белгилари тоифасига кирмайди, аммо ҳимоя белгиси бўлиб ҳисобланади.
Лазиза Шарифова,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мутахассиси.
consumer.uz сайти материаллари асосида.