Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 18 / Биз яшайдиган уй

Карвон-саройми ёки квартира?

 

Кўп квартирали уйда мулкдор икки хонали квартирани икки кишилик оилага ижарага берди. Кўп ўтмай, эр-хотиндан ташқари, бу ерга ёш болалари бўлган қариндошлари, танишлари ҳам кўчиб келди – улар жами 12 киши. Йўлакда яшовчилар шикоят қилишмоқда: квартирада эрта тонгдан то кечгача ғала-ғовур, кундузи йўлакда болалар шовқин-сурон солиб югуришади, ҳамма жойга ахлат ташлашади – квартира эмас, нақ карвон-сарой дейсиз. Хўжайин бу ҳолатга панжа орасидан қарайди.

Квартирант ижарага олинган уйга шунча одамни киритишга ҳақи борми? Бунинг учун ижарага берувчининг (турар жой мулкдорининг) розилиги талаб қилинадими?

 

– Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойни ижарага, арендага бериш шартномаси бўйича ижарага, арендага олувчининг ҳуқуқлари Уй-жой кодексининг 33-моддаси билан тартибга солинади. Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уйдан, квартирадан турар жойни ижарага, арендага олувчи ўзи ижарага, арендага олган хонага уй, квартира мулкдорининг розилигидан қатъи назар, вояга етмаган фарзандларини, агар у алоҳида хонани эгаллаётган бўлса ва ижарага ёки арендага бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шунингдек эри (хотини) ва меҳнатга қобилиятсиз вояга етган фарзандлари ҳамда ота-онасини кўчириб киритиш ҳуқуқига эга. Фуқарога мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, квартирадаги турар жойни ижарага, арендага олувчи билан бирга яшаётган оила аъзолари ижарага ёки арендага бериш шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга ижарага, арендага олувчининг ўзи билан тенг равишда эга бўладилар.

Бошқа фуқароларни фақат уй мулкдорининг розилиги билан кўчириб киритиш мумкин ва ижарага, арендага олувчи томонидан ўз оила аъзоси сифатида кўчириб киритилган ушбу фуқаролар, агар кўчириб киритишда улар ўртасида бошқача келишув бўлмаган бўлса, ижарага, арендага олувчи ҳамда унинг бошқа оила ­аъзолари билан турар жойдан фойдаланишда тенг ҳуқуққа эга бўладилар.

 

Иккини ёзамиз, ўн иккини ёдда тутамиз

Ижарага олувчи ва у билан бирга яшовчиларнинг ҳуқуқларини Фуқаролик кодекси батафсил тартибга солади. Уй-жойни ижарага олиш шартномасига биноан фақатгина фуқаро ижарага олувчи бўлиши мумкин. Шартномада уй-жойда ижарага олувчи билан бирга доимий яшайдиган фуқаролар кўрсатилиши лозим. Шартномада бундай кўрсатмалар бўлмаса, мазкур фуқароларни уй-жойга қўйиш ФК 608-моддасининг қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ижарага олувчи билан бирга доимий яшайдиган фуқаролар уй-жойдан фойдаланиш бўйича у билан тенг ҳуқуқларга эгадирлар. Ижарага олувчи билан бундай фуқаролар ўртасидаги муносабатлар қонунда белгиланади.

Ижарага олувчи ўзи билан бирга доимий яшаб, уй-жойни ижарага бериш шартномасининг шартларини бузаётган фуқароларнинг хатти-ҳаракатлари учун ижарага берувчи олдида жавобгар бўлади.

Ижарага олувчи билан бирга доимий яшайдиган фуқаролар ижарага берувчини хабардор қилган ҳолда уй-жойда доимий яшайдиган фуқароларнинг ҳаммаси ижарага олувчи билан бирга ижарага берувчи олдида солидар жавобгар эканликлари тўғрисида ижарага олувчи билан шартнома тузишлари мумкин. Бундай ҳолда ушбу фуқаролар биргаликда ижарага олувчи бўладилар (ФК 606-м.).

Уй-жойни ижарага олувчи, шунингдек унинг оила аъзолари бошқа фуқароларни оила аъзоси сифатида уй-жойни ижарага олиш шартномасига киритишни талаб қилишга ҳақли. Бундай фуқароларни уй-жойни ижарага олиш шартномасига киритиш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади (ФК 608-м.).

 

«Асрга татигулик» вақтинча яшаш

Уй-жой ижарага олинганда вақтинча яшовчиларнинг яшашини ФКнинг 609-моддаси тартибга солади. Ижарага олувчи ва у билан бирга доимий яшайдиган фуқаролар умумий келишувга биноан ва ижарага берувчини олдиндан хабардор қилган ҳолда вақтинча яшовчиларга (фойдаланувчиларга) уй-жойда бепул яшаб туришлари учун рухсат этишга ҳақлидирлар. Башарти, қонун ҳужжатларининг жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдони нормаси ҳақидаги талабларига риоя этилмаса, ижарага берувчи вақтинча яшовчиларнинг яшаб туришларини тақиқлаб қўйиши мумкин. Вақтинча яшовчиларнинг яшаб туриш муддати олти ойдан ошмаслиги керак. Улар уй-жойдан фойдаланишда мустақил ҳуқуққа эга бўлмайдилар. Уларнинг хатти-ҳаракатлари учун ижарага берувчи олдида ижарага олувчи жавобгардир. Вақтинча яшовчилар улар билан келишилган яшаб туриш муддати ўтганидан кейин уй-жойни бўшатишлари шарт. Агарда бундай муддат келишилмаган бўлса, ижарага олувчи ёки у билан бирга доимий яшайдиган ҳар қандай фуқаро томонидан тегишли талаб қўйилган кундан эътиборан кўпи билан етти кун ичида уй-жой бўшатилиши керак.

Прочитано: 266 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика