Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 18 / Биз яшайдиган уй

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уюшмалари қонунчилик жараёнларига қандай таъсир кўрсата олади?

 

Бу борада Квартира ва уйлар мулкдорлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уюшмасининг (WiE, Германия) иш тажрибаси рисоладаги намуна бўла олади. Бу мамлакатда 2020 йил 1 декабрдан амалга киритилган «Турар жой мулкини модернизация қилиш тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқишда Уюшма парламент дебатларига ўз таъсирини ўтказа олди ва қонун ташаббускор ва ижодкорларига турар жой кўчмас мулк мулкдорларининг манфаатларини ҳисобга олишга мажбур этди.

WiE экспертлари томонидан Prom Houseнинг «Қозоғистон ва Ўзбекистонда уй-жой фондини бошқаришдаги профессионализм» лойиҳаси доирасида тақдим этилган мулкдорлар манфаатларини илгари суриш бўйича мазкур тажриба истеъмолчилар, турар жой мулкдорлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бизнинг ННТлар учун фойдали бўлиши мумкин. Ушбу тажрибанинг айрим фрагментларини келтирамиз. Эслатиб ўтамиз, Prom House лойиҳаси Европа иттифоқининг молиявий кўмаги остида «Шарқий Европада уй-жой хўжалиги» Ташаббуси (Германия, ИВО) томонидан амалга оширилмоқда. Германия томонидан мувофиқлаштирувчи сифатида Европа уй-жой ва кўчмас мулк бўйича таълим маркази (EBZ) иштирок этмоқда. Ўзбекистон томонидан – Ўзбекистон уй-жой фондини профессионал бошқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар ташкилотлари уюшмаси майдонга тушган.

 

Қонун лойиҳаси ёпиқ эшиклар ортида тайёрланди

«Уй-жойга мулкий ҳуқуқ тўғрисида»ги олдинги қонун Германияда турар жой кўчмас мулкини бошқариш амалиётида юзага келадиган кўплаб масалаларга тўлиқ жавоб бермас эди. WiE уюшмаси узоқ йиллар давомида қонуннинг кенг миқёсда, истеъмолчилар манфаатларини кўзлаб ислоҳ қилинишини талаб қилди.

Қонун лойиҳаси устида иш бошланганда WiE ва бошқа ташкилотларнинг ҳужжатни ишлаб чиқиш муҳокамаларида кенг жамоатчиликни жалб этишга доир таклифлари қонун лойиҳаси ишлаб чиқувчилари томонидан беэътибор қолдирилди. Турар жой кўчмас мулки эгалари манфаатларига қаратилган қонун айнан уларнинг иштирокисиз, ёпиқ эшиклар ортида тайёрланди. Қонунни ишлаб чиқишга ёндашув фақатгина юридик ва академик хусусиятга эга бўлган.

Унга мулкдорлар манфаатлари ва уларнинг ҳаётий муаммолари эмас, балки турар жой кўчмас мулкини самарали бошқариш жиҳати асос сифатида олинган эди. Таклифлар асосида умумий мол-мулкни бошқариш моделини тизимли ўзгартириш ётган. Бошқарув вазифалари ҳамкорликдаги уй бошқарувига (уй-жой мулкдорларининг бирлашмаси – УМБ) ўтиши керак эди. Айни вақтда бошқарувчиларга кенг ваколатлар берилган. Янги ҳуқуқий концепция мувозанатсизликни келтириб чиқарди: бошқарувчи ҳуқуқларининг кучайтирилиши уй-жой мулкдорлари томонидан бошқариш ва назорат қилишнинг амалий дастаги билан тенг олиб борилмади.

Турар жой кўчмас мулки мулкдорларининг манфаатларини ҳимоя қилар экан, WiE уюшмаси улар орасида «Ҳамкорликдаги уйга эгалик қилишни қай тарзда оёққа қўямиз?» деган савол билан сўров ўтказди, сўровда 3 500 нафар респондент қатнашди. Мулкдорлар ўзлари учун муҳим бўлган масалаларни кўрсатишди, қонун чиқарувчилик жараёнларидан манфаатдорликларини намойиш этишди, улар манфаатларини четлаб ўтаётган ислоҳотларни рад этишди. Улар бошқарувчиликни кучайтиришга доир таклифларни самарасиз деб баҳолашди ҳамда қарорлар қабул қилиш ва назорат бобида ўз ҳуқуқларининг кенгайтирилишини талаб қилишди. Сўров натижалари WiE уюшмасининг кейинги барча ҳаракатлари учун йўналишларни белгилаб берди.

 

Жамоатчиликни эшитиш кейинги ўринларга суриб қўйилди

Уюшма икки ҳужжатда ўз позициясини қатъий белгилаб олди: уларда УМБ бошқарилишини соддалаштириш бошқарувчи ролини кучайтирмаган ҳолда олиб борилиши ҳамда уй-жой мулкдорлари овоз бериш ҳуқуқини сақлаб қолишлари кераклигини белгиловчи тартиблардир. Ислоҳотларга талаблар «Ҳаммабоп уй-жой» тартиб ўрнатувчи ҳужжатда баён этилган. Уни кўплаб истеъмолчилар бирлашмалари чоп этишди. Бу каби бирдамлик қонун чиқарувчи учун янги қонун истеъмолчиларга нисбатан анчайин дўстона руҳда тайёрланган бўлиши учун ўзига хос бонг уриш бўлди.

Турар жой кўчмас мулки эгаларининг манфаатларини ҳимоя қилувчи WiE бутун ислоҳотларни кенг миқёсли танқид остига олди: 16 та муҳим ўзгаришлар ва кўп сонли таклифларни ўз ичига олувчи бу ҳужжат 8 саҳифадан иборат бўлди. Лекин қонун ишлаб чиқувчилари лойиҳанинг квартиралар мулкдорлари томонидан кенг муҳокама қилинишини кейинги ўринга суриб қўйишди.

Уюшмага истеъмолчилардан кўплаб саволлар, шу жумладан бошқарувчиларнинг малакасиз фаолияти натижасида кўрилган зарарни баҳолаш билан боғлиқ бўлган саволлар келиб тушишда давом этди. Пировардида WiЕ сўров натижаларини шу йўналишда тақдим қилди. Уюшма халқаро тажрибани пухта ўрганди, қонун лойиҳасида акс эттирилган янги қоидаларнинг салбий оқибатларига эътиборни қаратган ҳолда турли идораларга хатлар жўнатди. Шунга қарамай, ҳужжатни изчил қайта кўриб чиқиш лозимлиги тўғрисидаги илтимоснома эътиборсиз қолаётган эди.

WiE бу йўналишдаги ишини қатъий давом эттириб борди. Коронавирус билан боғлиқ бўлган инқироз энг авжига чиққан бир паллада 5 ҳафта ичидаёқ лойиҳа ислоҳотига қарши петиция уй-жой мулкдорларининг 8 230 имзосини тўплади. Қонун лойиҳасига нисбатан билдирилган 2 000 дан ортиқ шарҳлар режалаштирилаётган ўзгаришлар тўғрисида уй-жой мулкдорлари фикрларининг энг яхши намойиши бўлди.

Германия Федерал адлия вазирлиги томонидан тавсия этилган қонун лойиҳаси барчанинг танишиб чиқиши учун очиқ имкониятли бўлганда WiE уюшмаси у мулкдорлар ва жамоатчиликни янада кенгроқ хабардор қилиш тадбирларига куч берди. Натижада Бундестагнинг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси ислоҳот масалаларига доир жамоатчилик эшитувларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди ва бу эшитувларга эксперт сифатида WiE уюшмасининг раҳбари Габриэле Хайнрихни ҳам таклиф этди. Уюшма қонун лойиҳасининг камчиликларини кўрсатган ҳолда яна ўз позициясини тақдим қилди.

 

Уюшманинг стратегияси ўз «меваси»ни берди

«Сўнгги сонияларда» бир қатор муҳим ўзгаришлар келишиб олинди ва ҳисобга киритилди. Хусусан, бошқарувчиларнинг мулкдорлар розилигини олмасдан қарорлар қабул қилиш бўйича ваколатлари бирмунча чекланди. Яшовчилар кенгашига бошқарувчилар фаолияти устидан назорат ўтказиш ваколати берилди. Уйга ҳамкорликда эгалик қилиш тизимлари исталган вақтда бошқарувчиларни ҳатто жиддий сабабларсиз ҳам чақириб олиш ҳуқуқига эгалар. Бошқарувчилар билан тузилган шартномалар муддати улар чақириб олингандан кейин 6 ой ўтгач тугайди. Шу орқали турар жой кўчмас мулки секторида кучлар мувозанати мулкдорлар фойдасига томон ўзгарди.

Бошқа янгиликлар қаторида биноларнинг конструктив ўзгаришлар тўғрисидаги қоидаларни айтиш мумкин. Эндиликда УМБ мулкдорларга барьерсиз муҳит, электромобиллик, бузишлардан ҳимояланиш ва тезкор Интернетга тааллуқли бўлган қурилиш лойиҳаларини амалга оширишга рухсат бериши мумкин. Ҳозирда модернизация ва энергетик санация бўйича қарорларни қабул қилиш учун оддий кўпчиликнинг овозини олишнинг ўзи етарли.

Тартиб-таомилларнинг осонлашуви уларни амалга оширишни тезлаштирмоқда ҳам. Бошқарувчилар мулкдорлар йиғилишининг қарорини кутмаган ҳолда уйни ҳамкорликда бошқаришни муҳим мажбуриятларга олиб келмайдиган иккинчи даражали чораларни мустақил тарзда қабул қилишлари мумкин. Умумий йиғилиш ўз қарорлари билан бошқарувчиларнинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятларини чеклай олади ёки кенгайтиради ҳам. Бошқарувчининг фаолиятини Мулкдорлар кенгаши назорат қилади ва ҳ.к.

Айни вақтда турар жой мол-мулкини бошқариш билан боғлиқ бўлган бир қатор муаммоларни ҳал этиш имконияти қўлдан бой берилди. Бу йиллик ҳисоботлар, ҳисобот шакллари, биноларни сақлаш бўйича тадбирларни режалаштириш, уйга ҳамкорликда эгалик қилишни рақамлаштириш учун рағбатлантирув чораларига боғлиқ масалалардир. Янги ҳуқуқий тизимга айрим уй-жой мулкдорларининг бошқа мулкдорлар ёки бошқарувчиларга тўғридан-тўғри даъво қилиш имконияти ва ҳ.к. киритилмаган. Ўзини ўзи бошқариш жараёни осонлаштирилиш ўрнига мураккаблашиб кетган, деб ҳисоблашади экспертлар.

WiE уюшмасининг стратегияси ўз «мевалари»ни берди: қонун чиқарувчилар ўз қарашларида қатъий туриб, бошқа томонга оғишни ҳар қанча хоҳлашмасин, қонун лойиҳаси уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда етарлича такомиллаштирилди.

Умуман олганда, экспертларнинг фикрича, қонунни янгилаш жараёнига шаффофлик етишмади: мулкдорлар тартиб-таомилларнинг ижобий, салбий, хатарли жиҳатлари ва амалга ошириш усуллари ҳақида етарлича хабардор қилинмади. Мазкур жараён уй-жой мулкдорларининг бевосита иштироки билан муваффақиятлироқ ўтган бўлар эди. WiE уюшмаси бу жараён нафақат янги «силлиқ» тизимни жорий этган, балки мулкдорларга ундан фойдаланиш йўриқномасини тақдим этган бўлишини исташар эди.

WiE уюшмасининг тажрибаси биздаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар учун фойдали бўлиши мумкин. Афсуски, улар янги уй-жой қонун ҳужжатининг ишлаб чиқилишида иштирок этганлари йўқ, ваҳоланки, уларнинг овози ва позициялари қонун ишлаб чиқувчилари ва ташаббускорлари томонидан эътиборга олинганда фойдадан холи бўлмас эди. «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунни тайёрлашда Ўзбекистон уй-жой фондини профессионал бошқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар ташкилотлари уюшмаси ҳамда Тошкент шаҳар УМШ уюшмаси иштирок этган. Лекин уй-жой мулкдорларининг манфаатларини улар УМШ ва БК нуқтаи назаридан ифода этишди. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқларини Фэйсбукда администратор Максима Черников номидан чиқадиган, Ўзбекистонда машҳур бўлган «УМШ ва у билан қандай яшалади» («ТЧСЖ и как с ним жить») интернет ҳамжамияти ифода этади. Уй-жой мулкдорлари ислоҳотлар масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини ҚҲТБТ порталида изҳор этиш имкониятига эга бўлдилар, Қонун порталга муҳокама учун қўйилган эди.

Прочитано: 260 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика