IT Park резиденти бўлган компания дастурий таъминотни ишлаб чиқиш билан шуғулланади, ҚҚС тўловчиси ҳисобланади (айланмаси 1 млрд сўмдан юқори). 3 йиллик фаолият якунлари бўйича компания компьютер ускуналарининг 50%ини алмаштирмоқчи бўляпти. Уларни Ўзбекистон Республикаси резидентларига бўлган ходимларига сотиш режалаштириляпти.
Асосий воситалар таркибида ҳисобда турадиган компьютерларни ходимларига реализация қилиш қандай оқибатларни юзага келтириши мумкин?
– Технопарк резидентларининг СКнинг 297-моддаси 3-қисми 1, 9, 16 ва 18-бандларига мувофиқ олинган даромадлари Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентлари томонидан амалга оширишга рухсат этилган фаолият турлари рўйхатига (ВМнинг 15.07.2019 йилдаги 589-сон қарори билан тасдиқланган Низомга 2-илова 27-б.) мувофиқ барча турдаги солиқлардан озод этилади.
АВнинг чиқиб кетишидан даромад СКнинг 237-моддаси 6-бандида кўрсатилган. Бинобарин, даромаднинг мазкур тури ВМнинг 589-сон қарори бўйича имтиёз доирасига тушмайди ва унга Солиқ кодексига мувофиқ солиқ солинади.
АВни реализация қилишдан молиявий натижалар фойда келтирадиган бўлса, фойда солиғи бўйича солиқ базасини ҳисоблашда уни ялпи даромад таркибига киритиш лозим. АВнинг чиқиб кетишидан зарар кўриладиган бўлса, фойда солиғи бўйича солиқ базасини ҳисоблашда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаш шарти билан зарар суммаси чиқариб ташланади (СК 305-м. 4-қ.).
Шунингдек АВни реализация қилиш бўйича айланмага ҚҚС солинади (СК 239-м. 1-қ. 1-б.).
Фикримча, корхона ходимларига АВни уларнинг баланс қийматидан паст нархда сотадиган бўлса, ходимларда ЖШДС солинадиган моддий наф тарзидаги даромад юзага келади. Технопарк резиденти ходимларининг моддий наф тарзидаги даромадларига Солиқ кодексида белгиланган 12%лик ставка бўйича ЖШДС солинади (СК 376-м. 1-қ. 3-б., 387-м. 1-қ. 2-б., 381-м. 1-қ.).
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.