Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 16 / Жавоб берамиз

ННТ бўйича маъмурий харажатлар

 

Нотижорат ташкилоти ижтимоий соҳадаги лойиҳаларни амалга оширади.

Бир нечта лойиҳалар бўйича умумий маъмурий харажатларни қандай тўғри тақсимлаш лозим? 

 

Ушбу саволга Молия вазирлигининг тадбиркорлик фаолияти субъектларининг бухгалтерия ҳисоби методологияси бўлими бошлиғи Асал ҲОШИМОВА жавоб берди:

 

– Нотижорат ташкилоти қонунда тақиқланмаган ҳамда таъсис ҳужжатларида назарда тутилган мақсадларга мувофиқ келадиган исталган фаолият турини амалга ошириши, шунингдек уставдаги мақсадларга мувофиқ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Маҳсулотларни (ишлар, хизматларни) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш бўйича харажатларни шакллантириш тартиби Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) белгиланган.

Бухгалтерия ҳисобини юритиш мақсадларида давр харажатларини ҳисобга олувчи счётларда (9400) маъмурий харажатлар (9420) акс эттирилади, улар лойиҳани бошқариш даври харажатлари кўринишида лойиҳалар калькуляциясига киритилади. Бухгалтерия ҳисоби ва харажатлар таркибининг ўзига хос жиҳатлари ташкилот тижорат ёки нотижорат ташкилот ҳисобланишидан қатъи назар, унинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилади (АВ томонидан 14.08.1998 йилда 474-сон билан рўйхатдан ўтказилган 1-сон БҲМСнинг 10.1-б.).

Солиқ солишнинг турлича тартиби назарда тутилган фаолият турларини бир вақтда амалга ошираётган солиқ тўловчилар солиқ солиш объектларининг ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши шарт (СК 80-м.).

Алоҳида-алоҳида ҳисоб бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида мутаносиб усул ёки тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули ёрдамида юритилиши мумкин.

Ҳисобга олишнинг мутаносиб усулида даромадлар ва харажатлар реализация қилишдан олинган тушумнинг умумий суммасида фаолиятнинг муайян турлари бўйича, ҚҚС ва акциз солиғини ҳисобга олмаган ҳолда реализация қилишдан олинган тушум улушига мутаносиб тарзда шу муайян фаолият турларига киритилади.

Тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули қўлланилганда даромадлар ва харажатлар фаолиятнинг қайси тури амалга оширилиши билан боғлиқ бўлса, шу турига киритилади. Бунда фаолиятнинг фақат битта аниқ турига киритиш мумкин бўлмаган даромадлар ва харажатлар ҳисобга олишнинг мутаносиб усули орқали фаолиятнинг амалга оширилаётган барча турларига киритилади.

Иккала усулда ҳам муайян лойиҳага киритиш мумкин бўлмаган маъмурий харажатлар реализация қилишдан келиб тушган тушумга мутаносиб равишда тақсимланади.

Лойиҳалар тижорий бўлиб даромадлар олиш назарда тутилганда мутаносиб усулни асос қилиб олиш мумкин.

 

МИСОЛ. Лойиҳалар бўйича маъмурий харажатларни реализация қилишдан келиб тушган тушумга мутаносиб равишда тақсимлаш

Ташкилот 2 та ижтимоий лойиҳани амалга оширяпти. Улар бўйича тўғридан-тўғри харажатлар 50 млн ва 30 млн сўмни ташкил этади. Лойиҳаларни амалга оширишдан келиб тушган тушум, тегишинча, 70 млн ва 50 млн сўм. Лойиҳаларни амалга ошириш даврида маъмурий харажатлар – 20 млн сўм.

Ташкилот умумий маъмурий харажатларни реализация қилишдан келиб тушган тушумларга мутаносиб равишда тақсимлайди:

1-лойиҳа: 20 / (70 + 50) х 70 = 11,7 млн сўм;

● 2-лойиҳа: 20 / (70 + 50) х 50 = 8,3 млн сўм.

 

Бошқа вариант – маъмурий харажатларни тўғридан-тўғри харажатларга мутаносиб равишда тақсимлаш.

Элементлар бўйича тақсимланган барча харажатлар харажатлар моддалари бўйича гуруҳланади ҳамда доимий ёки вақтинчалик харажатлар тоифаларида ҳисобга олинади.

Ҳар бир лойиҳа бўйича тўғридан-тўғри харажатлар суммаси ва маъмурий харажатлар суммаси аниқлаб олинса, уларни лойиҳалар ўртасида тақсимлаш осон бўлади.

 

МИСОЛ. Лойиҳалар бўйича маъмурий харажатларни тўғридан-тўғри харажатларга мутаносиб равишда тақсимлаш

Ташкилот 2 та ижтимоий лойиҳани амалга оширмоқда. Улар бўйича тўғридан-тўғри харажатлар 50 млн ва 30 млн сўмни ташкил этади. Лойиҳаларни амалга ошириш даврида маъмурий харажатлар – 20 млн сўм.

Ташкилот умумий маъмурий харажатларни тўғридан-тўғри харажатларга мутаносиб равишда тақсимлайди:

1-лойиҳа  – 20 / (50 + 30) х 50 = 12,5 млн сўм;

2-лойиҳа– 20 / (50 + 30) х 30 = 7,5 млн сўм.

 

Хулоса

Солиқ солиш мақсадларида умумий харажатларни СКнинг 80-моддасига асосан тақсимлаш ва мутаносиб усулни қўллаш лозим. Қўлланиладиган усулни солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.

Бошқа ҳолатларда норматив регламент белгиланмаган. Бироқ умумий харажатларни тақсимлашнинг умумқабул қилинган усуллари, шу жумладан тушумга, тўғридан-тўғри харажатларга ва бошқа кўрсаткичларга мутаносиб равишда тақсимлаш усуллари мавжуд. Шуни эътиборга олиш лозимки, турли усуллар билан умумий харажатларни тақсимлашда натижалар турлича бўлиши мумкин.

Танланган усулни солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатида акс эттиринг (СК 77-м.).

Прочитано: 423 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика