Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 11 / Кадрлар бўлими

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили қандай расмийлаштирилади

 

Ҳомиладорлик ва туғиш таътилини вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасига асосан буйруқ билан расмийлаштиринг (АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 40-б.). Меҳнат шартномаси бўйича, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлайдиган барча аёллар бундай таътил олиш ҳуқуқига эгадир.

 

Варақа амбулатория поликлиникаси томонидан ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасида 126 календарь кунга (туққунга қадар 70 кун ва туққанидан кейин 56 кун) берилади. Туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда – туғруқ муассасаси томонидан туғруқдан кейинги давр яна 14 кунга узайтирилади (56 + 14 = 70 кун) ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг давоми сифатида варақа берилади. Шу тариқа, мазкур ҳолатда ҳомиладорлик ва туғиш таътили давомийлиги 140 кунни (туққунга қадар 70 кун ва туққанидан кейин 70 кун) ташкил этади. Меҳнатга лаёқатсизлик давом этиши учун берилган варақага асосан таътил узайтирилиши тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиринг.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар ходимага тўлиқ берилади (МК 233-м.).

 

ВАЗИЯТ. Ходима белгиланган муддатдан аввал туққан бўлса, ҳомиладорлик ва туғиш таътили неча кун давом этади

Ходима 1 февралдан 6 июнгача 126 календарь кун (туққунга қадар 70 кун ва туққанидан кейин 56 кун) давом этадиган ҳомиладорлик ва туғиш таътилини олди. Туғруқ белгиланган давридан олдин, таътилга чиққанидан кейин 20 кун ўтгач бошланган. Фойдаланилмай қолган 50 кун туққанидан кейин бериладиган таътил кунларига қўшилади (50 + 56). Шу тариқа, ходима томонидан туққунига қадар фойдаланилган кунлар сонидан қатъи назар, унинг ҳомиладорлик ва туғиш таътили 6 июнда тугайди.

 

Таътил муддатига календарь бўйича барча кунларни, шу жумладан дам олиш ва байрам кунларини ҳам киритинг.

Ходиманинг ташкилотингиздаги стажидан қатъи назар таътилни расмийлаштиринг. Тайинланадиган нафақа миқдори ишланган вақтга боғлиқ бўлади. Шахслар:

ишга кирганидан бошлаб 12 ойгача бўлган муддатда ишлаган бўлса – ўртача ойлик иш ҳақининг 75%и;

ишга кирганидан бошлаб 12 ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса – ўртача ойлик иш ҳақининг 100%и миқдорида тўланади (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорнинг 23-б.).

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани барча ташкилотлар, муассасалар ва корхоналар, шу жумладан хусусий ташкилотлар ҳам тўлаши шарт. Ушбу қоидага риоя қилмаслик айбдор мансабдор шахсларнинг жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши мумкин. Улар декрет таътили беришни рад қилганликлари учун ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин (МЖТКнинг 49, 49-3-м.).

Ҳомиладорлик ва туғиш таътилини пуллик компенсация билан алмаштирманг, бунга йўл қўйилмайди (МК 149-м., 151-м. 3-қ.).

Ходима ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган даврда унинг иш жойини (лавозимини) сақлаб туринг. Унинг ўрнига бошқа ходимни ишга олишда у билан аввалги ходиманинг таътили тугайдиган муддатгача  муддатли меҳнат шартномасини тузинг. Таътил ходиманинг меҳнат стажига, шу жумладан мутахассислиги бўйича стажга, шунингдек кейинги меҳнат таътилларини олиш ҳуқуқини берувчи стажга қўшилади (МК 142-м.).

Ходимингиз янги туғилган болаларни бевосита туғруқхонадан фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган бўлса, бола фарзандликка олинган (васийлик белгиланган) кундан бошлаб, бола туғилган кундан эътиборан 56 календарь кун таътил берилади. Икки ёки ундан ортиқ бола асраб олинган (васийлик белгиланган) тақдирда эса бола туғилган кундан эътиборан 70 календарь кун ўтгунга қадар бўлган даврда таътил берилади (МК 235-м.). Буйруқ чиқариш учун асос бола асраб олинганлиги (васийлик белгиланганлиги) тўғрисидаги ҳужжат ҳисобланади.

 

МИСОЛ. Фарзандликка олувчи учун таътил

Бола 31 майда туғилган, 12 июнда фарзандликка олинган (васийлик белгиланган). Фарзандликка олувчига 12 июндан (фарзандликка олинган кундан) бошлаб 25 июлгача (бола туғилгандан бошлаб 56 календарь кун ўтгунига қадар) таътил берилади. Мазкур ҳолатда ходим учун таътилнинг умумий давомийлиги 44 кунни ташкил қилади.

 

Ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган аёлларни МКнинг 100-моддасига асосан иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатилишига йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно (МК 237-м. 1-қ.).

Бундай ходима билан меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолатларда бекор қилиниши мумкин:

томонларнинг келишувига биноан (МК 97-м. 1-қ. 1-б.);

ходимнинг ташаббуси билан унинг берган аризасига асосан (МК 99-м.);

муддатли меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугаган бўлса (МК 105-м.).

Корхона тугатилганлиги муносабати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган ходима билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қиладиган бўлсангиз, уни кейинчалик ишга жойлаштириш учун туман аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш марказига ушбу ходима ҳақидаги маълумотларни юборинг. Бундай тоифадаги ходимларни МКнинг 105-моддасига мувофиқ меҳнат шартномасининг муддати тугаганлиги сабабли ишдан бўшатишда иш берувчининг зиммасига уларни ишга жойлаштириш мажбурияти юкланади. Дарвоқе ушбу даврда уларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб 3 ойдан ошмаслиги керак (МК 237-м. 1, 2-қ.).

 

ВАЗИЯТ. Меҳнат мажбуриятларини вақтинча бажараётган ходимага нафақа тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш таътили бериладими

Ташкилотда асосий ходима болани парваришлаш таътилида бўлган даврида бошқа аёл ишга олинди. У 1,5 йил ишлагач, ҳомиладорлик ва туғиш таътилини расмийлаштириш учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тақдим этди. Мазкур ҳолатда асосий ходим ҳали ишга қайтмаган бўлса, унга нафақа тўланадиган таътил бериш мумкинми?

Ҳа, меҳнат шартномасининг муддатидан қатъи назар таътил тўлиқ берилиши лозим. Расмийлаштириш ишларини ишда бўлмаган ходиманинг ишга қайтадиган вақтига қолдирманг. Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган муддатга таътил беринг (МК 233-м.).

 

Шартнома муддати тугаганидан кейин меҳнат муносабатларини МКнинг 237-моддаси 2-қисмида белгиланган қоидаларига риоя қилган ҳолда МКнинг 105-моддасига мувофиқ бекор қилиш мумкин.

 

Болани парваришлаш таътили қандай расмийлаштирилади

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин ходиманинг хоҳишига кўра, унга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилади (МК 234-м.). Буни ходиманинг аризасига ва боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасига асосан буйруқ билан расмийлаштиринг. Аризанинг белгиланган шакли мавжуд эмас, уни ихтиёрий тузиш мумкин.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейинги иш кунидан кечиктирмай ходимадан аризани олинг.

 

МИСОЛ. Ходима болани парваришлаш таътилига ариза ёзмаган бўлса,  ҳомиладорлик ва туғиш ­таътилининг муддати қандай бўлади

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича декрет таътили муддати 10 июнда тугайди. Ходима болани парваришлаш таътилига ариза бермаган тақдирда 11 июндан ишга чиқиши шарт.

 

Ташкилотингиз нобюджет ташкилоти бўлса, 2021 йилда ходимага ҳар ойда 434 000 сўм миқдорида болани парваришлаш бўйича нафақа тўлашингиз лозим (30.12.2020 йилдаги ПҚ-4938-сон қарорга 1-илова).

Бюджет ташкилотлари томонидан болани парваришлаш бўйича нафақа тўланмайди. Уни олиш учун ходима прописка жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига мурожаат қилиши лозим (Низомнинг 2-б., ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон қарорига 1-илова).

Бола 2 ёшга тўлганда ходиманинг аризасига кўра бола 3 ёшга тўлгунга қадар нафақа тўланмаган ҳолда қўшимча таътил берилиши лозим. Бунинг учун буйруқни расмийлаштиринг. Аёл ходима қўшимча таътилдан фойдаланишни хоҳламаса бу унинг ҳуқуқи. Мазкур ҳолатда у болани 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътили тугаган кундан кейин кундан бошлаб ишга чиқиши лозим.

Санаб ўтилган таътиллардан нафақат боланинг онаси, балки уни парваришлайдиган бошқа шахслар - боланинг отаси, бувиси, буваси ёки бошқа қариндошлари ҳам фойдаланишлари мумкин. Бунда битта болага нисбатан таътил битта шахсга расмийлаштирилади. Шунингдек янги туғилган болани фарзандликка олган (васийлик белгиланган) ходимлар ҳам болани парваришлаш таътилини олишга ҳақлидир (МК 235-м.). Мазкур ҳолатда таътилни расмийлаштириш учун ариза ва боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидан ташқари ходимадан туман ёки шаҳар ҳокимининг тегишли қарорини тақдим этишини талаб қилинг (Низомнинг 9, 63-б., ВМнинг 22.09.2014 йилдаги 269-сон қарорига 1-илова).

Барча ҳужжатларнинг нусхасини ходиманинг шахсий йиғмажилдига солиб қўйинг.

Ходима исталган вақтда болани парваришлаш таътилини тўхтатиши ва муддатидан олдин ишга чиқиши мумкин. Бу унинг ҳуқуқи, буни рад этиб бўлмайди. Асосий ходимнинг ўрнига ишга қабул қилинган ходим билан тузилган муддатли меҳнат шартномасини ходима ишга қайтган кундан бошлаб бекор қилинг (МК 105-м. 3-қ.).

Ходима таътилдан ишга қайтганида унга тўлиқ иш вақти белгиланса, нафақа берилиши тўхтатилади. Тўлиқ бўлмаган иш кунида ёки уйда ишланган ҳолатларда бола 2 ёшга тўлгунга қадар нафақа тўланади.

 

ВАЗИЯТ. Болани парваришлаш таътилидан муддатидан олдин иш қайтиш ҳақида иш берувчини қандай хабардор қилиш мумкин

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугагач ходима болани 2 ёшга тўлгунига қадар парваришлаш таътилини олган, бундан кейин болани 3 ёшгача парваришлаш бўйича қўшимча таътил олган. Бироқ қўшимча таътил тугашига 3 ой қолганда, у муддатидан олдин ишга чиқишига қарор қилган. У бу ҳақда иш берувчини қандай хабардор қилиши мумкин?

Ходима болани парваришлаш таътилидан муддатидан олдин ишга қайтишни мўлжал қилганда бу ҳақда ариза ёзиши ва унда  ишга чиқиш кунини кўрсатиши лозим. Ушбу ариза асосий ходим ишга қайтишини расмийлаштириш ва унинг ўрнига ишлаётган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлади.

 

Шу билан бирга иш берувчи ходимадан болани парваришлаш таътилидан муддатидан олдин ишга чиқишни талаб қилишга ҳақли бўлмайди.

 

ВАЗИЯТ. Болани парваришлаш таътилидан чақириб олиш мумкинми

Ходима болани 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътилига чиққан. Ташкилот бюджетга қарашли эмас. Иш берувчига унинг ишга қайтиши зарур бўлиб қолди. Ходима унинг розилигини олмасдан ишга чақириб олиш мумкинми ёки унинг аризаси бўлиши талаб этиладими?

Йўқ, ходиманинг розилигисиз таътилдан чақириб олиш мумкин эмас. Муддатидан олдин ишга чиқиши учун унинг аризаси бўлиши керак.

 

Ходима болани парваришлаш таътилидан муддат тугаганидан кейин ишга чиқадиган бўлса буйруқ расмийлаштирилмайди. У одатий режим бўйича меҳнат мажбуриятларини бажаришга киришади. Таътил муддатидан олдин тўхтатиладиган бўлса, унинг ишга чиқиш санаси кўрсатилган ҳолда ишга тушмоқчи эканлиги тўғрисидаги аризасига асосан буйруқ чиқарилади.

Ходима болани парваришлаш таътилида бўлган даврда унинг иш жойини (лавозимини) сақлаб туринг ва таътил тугагач иш ўрнини унга топширинг. Таътил тугаганидан кейин ходима ишга чиққанида иш билан таъминланмаса, бу иш берувчининг айби билан бекор туриб қолиш ҳисобланади ва бу давр учун ўртача ойлик миқдорида ҳақ тўланади (МК 159-м. 1-қ.).

 

ВАЗИЯТ. Болани парваришлаш таътилидан муддатидан олдин ишга чиқишни рад этиш мумкинми

Болани 3 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътилида бўлган ходима кадрлар бўлимига қўнғироқ қилиб муддатидан олдин ишга чиқмоқчи эканлигини маълум қилган. Унга рад жавобини беришди, сабаби унинг ўрнига бошқа ходимни ишга олишган ва у ходиманинг таътили тугагунига қадар ишлар экан. Шу тўғрими?

Йўқ, нотўғри. Болани 3 ёшгача парваришлаш таътили ходиманинг хоҳишига кўра тақдим этилади. Ходима бу таътилни тўлиқ ёки қисман рад этганда иш берувчи уни аввалги иш жойи бўйича иш билан таъминлаши лозим. Шу боисдан бошқа ходим билан тузилган муддатли меҳнат шартномасининг тугаш муддати аниқ сана билан белгиланмайди, балки унда «асосий ходима таътилдан қайтгунига қадар» деб кўрсатилади. Ходиманинг ўрнига ишга қабул қилинган ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асосий ходим муддатидан олдин ишга қайтган кундан бошлаб бекор қилинади (МК 105-м. 3-қ., 234-м.).

 

Ходима болани парваришлаш таътилида бўлганда унинг лавозимини қисқартириш мумкин эмас. Қонунда белгиланган қоидаларга кўра қисқартириш жараёнини фақат у ишга қайтганидан кейин амалга ошириш мумкин.

Болани парваришлаш таътиллари меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади (МК 234-м. 5-қ.).

 

МИСОЛ. Меҳнат стажига қўшиладиган болани парваришлаш таътили ҳисоб-китоби

Ходима биринчи фарзандини туғиб, болани 2 ёшгача парваришлаш таътилидан фойдаланди. Таътилдан кейин ишга чиқиб маълум муддат ишлагач иккинчи фарзандини туғди ва яна болани парваришлаш таътилини, шу жумладан иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътилни расмийлаштирди. Умуман олганда, иккала боласига 5 йил давомийликдаги болани парваришлаш таътилидан фойдаланди. Бундан фақат 3 йили ходиманинг меҳнат стажига қўшилади.

 

Болани парваришлаш таътилларининг вақти, башарти жамоа шартномасида, корхонанинг бошқа локал ҳужжатида ёхуд меҳнат шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, кейинги ҳақ тўланадиган йиллик таътил олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшилмайди (МК 234-м. 6-қ.).

Болани парваришлаш таътилида бўлган ходима билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинишига йўл қўйманг, бу қонунга зиддир (МК 237-м. 1-қ.). Меҳнат шартномасини қуйидаги ҳолатларда тартибда бекор қилишингиз мумкин:

томонларнинг келишувига биноан (МК 97-м. 1-қ. 1-б.);

ходимнинг ўз ташаббусига кўра (МК 99-м.);

муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаган тақдирда (МК 105-м.).

Корхона тугатилганлиги муносабати билан болани парваришлаш таътилида бўлган ходима билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қиладиган бўлсангиз, уни кейинчалик ишга жойлаштириш учун туман аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш марказига ушбу ходима ҳақидаги маълумотларни юборинг. Бундай тоифадаги ходимларни МКнинг 105-моддасига мувофиқ меҳнат шартномасининг муддати тугаганлиги сабабли ишдан бўшатишда иш берувчининг зиммасига уларни ишга жойлаштириш мажбурияти юкланади. Дарвоқе ушбу даврда уларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб 3 ойдан ошмаслиги керак (МК 237-м. 1, 2-қ.).

Ходима болани парваришлаш таътилида бўлган даврида иккинчи ва кейинги фарзандлари туғилганда унинг аризасига биноан тегишинча кичик фарзанди 2 ёки 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътилини беринг.

Ходима болани парваришлаш таътилида бўлган даврида тўлиқ бўлмаган иш соатларида ишлаши мумкин. У бундай ишлашга ариза берган бўлса, унга тўлиқ бўлмаган иш куни ёки ҳафтасини белгилаш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиринг. Бунда ходиманинг болани 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш бўйича таътил муддати тугагунига қадар нафақа олишни давом эттириш ҳуқуқи сақланиб қолади (МК 234-м. 4-қ.).

Сиз ходиманинг болани парваришлаш таътилида бўлган даврида тўлиқ бўлмаган иш соатларида ишлаш тўғрисидаги талабини қаноатлантиришингиз шарт. Унинг уйда ишлаш ҳақидаги илтимоси томонларнинг келишувига биноан ҳал этилади. Иш берувчи бунга рози бўлмаса, фақат уйда ишлаш бўйича илтимосни рад қилиши мумкин.

Болани парваришлаш таътилини пуллик компенсация билан алмаштирманг, бу қонунга зид бўлади (МК 151-м. 3-қ.).

Ходима болани парваришлаш таътилидан муддатидан олдин ёки муддатни ўтказиб юбориб ишга қайтган ва таътилни беришни сўраб мурожаат қилган тақдирда, бола 3 ёшга тўлгунига қадар унинг илтимосини қаноатлантиринг.

 

ВАЗИЯТ. Болани парваришлаш таътилини қачон олиш мумкин

Ходима болани парваришлаш таътилида бўлган ва боласи 2 ёшга тўлиши билан ишга чиққан. Бундан кейин ярим йил ўтгач, у боласи 3 ёшгача тўлгунига қадар таътил беришлари сўраб ариза ёзган. Иш берувчи уни расмийлаштириши шартми?

Ҳа, шарт. Болани 2 ёшгача парваришлаш таътилидан ишга чиқиши ходимани боласи 3 ёшга тўлгунига қадар исталган вақтда 3 ёшгача болани парваришлаш таътилини олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди (МК 234-м.).

 

Болани парваришлаш таътилидан чиқиш санасини белгилашда қуйидаги қоидаларга амал қилинг:

таътилнинг сўнгги куни (тугайдиган кун) боланинг туғилган куни, яъни тегишли равишда у 2 ёшга ёки 3 ёшга тўлган кун ҳисобланади;

ходим бундан кейин келадиган иш кунидан ишга чиқиши лозим;

боланинг туғилган куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни ишга чиқиладиган кун ҳисобланади;

боланинг туғилган куни ишлайдиган кунга тўғри келса, кейинги кун эса дам олиш кунига тўғри келиб қолса, ходим ундан кейин келадиган биринчи иш кунидан ишга чиқиши лозим.

 

МИСОЛ. Болани парваришлаш таътилидан ишга чиқиш кунлари ҳисоб-китоби

1. Боланинг туғилган куни – 3-сана (пайшанба). Ходим 4-санада (жумада) ишга чиқиши лозим.

2. Боланинг туғилган куни – 4-сана (жума). Ташкилотда 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Ходим 7-санада (душанбада) ишга чиқиши лозим.

3. Боланинг туғилган куни – 4-сана (жума). Ташкилотда 6 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Ходим 5-санада (шанбада) ишга чиқиши лозим.

4. Боланинг туғилган куни – 5-сана (шанба). 7-сана байрамга (ишланмайдиган кунга) тўғри келяпти. Ходим ­8-санада (сешанбада) ишга чиқиши лозим.

 

Александр Навотний,

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқармаси бошлиғи,

Ленара Хикматова,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 12293 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика