Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 11 / Кадрлар бўлими

Йиллик меҳнат таътилини қандай расмийлаштириш керак

 

Ушбу тавсиялар тўпламида таътиллар: уларни тақдим этишда қандай қоидаларга риоя этилиши, таътиллар жадвали нима учун кераклиги ҳақида cўз юритамиз. Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига батафсил тўхталиб ўтамиз, шунингдек таътилларга доир бошқа жиҳатларни кўриб чиқамиз.

 

 

Йиллик таътил беришнинг умумий қоидалари

Йиллик таътиллар берилиши навбати ва вақтини таътиллар жадвалида белгиланг. Ходим ишга қабул қилинганидан кейин 6 ой ўтгач дастлабки меҳнат таътилини олишга ҳақли бўлади (МК 143-м.). Календарь бўйича 6 ойлик даврни эмас, балки иш йили давомида ходим ҳақиқатда ишлаган вақтни ҳисобга олинг. Ушбу 6 ойлик муддат мобайнида таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киритилмаган даврлар бўлса (МК 142-м.), ходимнинг дастлабки таътилдан фойдаланиш ҳуқуқи ушбу даврларга кўчирилади.

 

МИСОЛ. Иш ҳақи сақланмайдиган таътил

Ходим 1 февралдан иш бошлади. Оилавий шароитига кўра у 2 ой мобайнида (5 мартдан 5 майгача) иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлди. Бундай таътилда бўлган вақти, агар 2 ҳафтадан ортиқ бўлса меҳнат таътили олишга ҳуқуқ берувчи стажга қўшилмайди (МК 142-м.). Демак, мазкур ходимда биринчи ишланган йил учун меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи 1 августда (6 ой ўтгач) эмас, балки 1 октябрда (8 календарь ойдан кейин) пайдо бўлади.

 

ВАЗИЯТ. Ишлашни бошлаган биринчи йилда қачон таътилга чиқиш мумкин

Ходим 7 ой ишлагач, таътил олмоқчи бўлди. Кадрлар бўлимида унга яна бир йил ишлаши кераклигини айтишди. Шу тўғрими?

Йўқ, нотўғри. Меҳнат таътилига чиқишга бўлган ҳуқуқ биринчи иш йили учун иш берувчида 6 ой узлуксиз ишлангандан кейин юзага келади. Таътил график бўйича, график мавжуд бўлмаганда эса – томонларнинг ўзаро келишувига биноан берилади (МК 143-м.).

 

ВАЗИЯТ. Иш йили қандай ҳисобланади

3 ой ишлагач, ходим ишдан бўшади ва бошқа компанияга ишга жойлашди. У ерда 3 ой ишлагач таътилга ариза ёзди ва бунда йил бошидан буён 6 ой ишлаганини асос қилиб кўрсатди. Меҳнат кодексида 6 ой ишлагач таътил берилиши ҳақида айтилган. Бироқ бу муддат битта иш берувчида ишлаб берилиши ҳақида қайд этилмаган. Кадрлар бўлимининг таъкидлашича, ходимга ҳақ тўланадиган таътил берилиши мумкин эмас, унга фақат иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилади. Мазкур ҳолатда меҳнат таътилини расмийлаштириш мумкинми?

Йўқ, мумкин эмас. Иш йили муайян иш берувчида меҳнат шартномаси бўйича узлуксиз ишлаш бошланган кундан эътиборан ҳисобланади. Аввалги иш жойлари ҳисобга олинмайди.

 

Мазкур қоида корхона қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилганда), шунингдек мулкдор ўзгарганда амал қилмайди.

 

ВАЗИЯТ. Корхона қайта ташкил этилганда қандай тартибда таътил берилади

Давлат унитар корхонаси (ДУК) АЖга қайта ташкил этилди. Бундан кейин 7 ой ўтгач ходимлардан бири таътилга чиқиш ҳақида ариза берди. Директор АЖда ишланган давр учун таътил берилиши ҳақидаги буйруқни имзолади. ДУКдаги иш даври ҳисобга олинмади. Бу қонунийми?

Йўқ, қонуний эмас. Юридик шахс унитар корхонадан акциядорлик жамиятига қайта ташкил этилган. Меҳнат муносабатлари ходимларнинг розилиги билан давом эттирилган. Ташкилот қайта ташкил этилгунга қадар ишланган давр йиллик таътил олишга бўлган ҳуқуқнинг узилишига сабаб бўлмайди. У таътилга берилган аризани кўриб чиқишда ҳисобга олиниши лозим (МК 98, 142-м.).

 

Таътил қуйидаги ходимларга уларнинг аризаси бўйича 6 ой ўтмасдан олдин берилади:

I ва II гуруҳ ногиронларига;

18 ёшга тўлмаган шахсларга;

муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга;

ўриндошлик асосида ишлаётганларга – асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда;

ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда умумий таълим мактабларида, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларида ўқиётганларга, агар улар ўзларининг йиллик таътилларини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласалар;

аёлларга – ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин;

штат қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ходимларга (МК 143-м. 3-қ.).

 

ВАЗИЯТ. Янги иш жойидан қачон таътилга чиқиш мумкин

Ташкилотга аввалги иш жойида штат қисқарганлиги муносабати билан ишдан бўшатилган ходим ишга олинди. 4 ой ишлагач, ходим таътилга ариза ёзди. Иш берувчи унинг илтимосини қаноатлантириши лозимми?

Ҳа, қаноатлантириши лозим. Бу ходим 6 ой ишлаб бериладиган муддатдан олдин таътил олишга ҳақли бўлган шахслар тоифасига мансубдир. Буни тасдиқловчи ҳужжат сифатида аввалги иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси МКнинг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига кўра бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхасини тақдим этишни талаб қилиш керак.

 

Мактаблар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртлари, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларининг муаллимлар таркибига биринчи иш йилида йиллик таътил уларнинг мазкур ўқув юртига ишга кирган вақтидан қатъи назар ҳақиқий ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда ёзги таътил даврида тўлиқ берилади (МК 143-м. 4-қ.).

Биринчи йил ишлаётган ходим 6 ой ишлаб бергандан кейин таътилга чиқиш тўғрисидаги ариза тақдим этганда унга тўлиқ таътил беринг. Таътил кунларини ишланган кунларга мутаносиб равишда ҳисобламанг. Бу қоидабузарлик бўлади.

 

ВАЗИЯТ. Тўлиқ банд бўлмаганда меҳнат таътилини қандай расмийлаштириш мумкин

Ходим тўлиқ бўлмаган иш кунига – 5 кунлик иш ҳафтасида кунига 4 соатдан ишлаб бериш шарти билан ишга қабул қилинди. Иш бошлаган йили якунланмасидан олдин у таътилга ариза топширди, унга ишланган вақтга мутаносиб равишда таътил расмийлаштирилди. Шу тўғрими?

Йўқ, нотўғри. Тўлиқ бўлмаган иш вақти йиллик асосий таътил давомийлигини чекламайди. Ходимга эгаллаган лавозими бўйича назарда тутилган тўлиқ давомийликдаги таътил берилиши лозим.

 

Йиллик асосий таътил кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида, ҳатто ходим иш йилини тўлиқ ишлаб бермаган бўлса ҳам («аванс тариқасида» таътил) берилади (МК 143-м. 8-қ.).

 

ВАЗИЯТ. Таътилни «аванс тариқасида» қандай расмийлаштириш мумкин

Ходим ишланган биринчи йил учун тўлиқ ҳажмда таътил олди. Таътилдан ишга чиққанидан кейин 5 ой ишлади ва яна таътилга чиқишга ариза ёзди. Директор иккинчи иш йили ҳали тугамаганлигини асос қилиб келтириб, тўлиқ таътил бермади. Фақат ишланган даврга мутаносиб равишда таътил кунлари берилишига рухсат этди. Бу қонунийми?

Йўқ, қонуний эмас. Иккинчи ва кейинги ишланган йиллар учун ҳақ тўланадиган таътил ишланган даврга мутаносиб равишда эмас, балки тўлиқ ҳажмда берилиши лозим.

 

Қуйидаги ходимларга таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак:

14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига (МК 144-м. 3-қ., 231-м.);

I ва II гуруҳ ногиронларига (МК 144-м. 3-қ.);

1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга (МК 144-м. 3-қ., Тенглаштирилган шахслар рўйхати, ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Низомга 1-илова);

18 ёшга тўлмаган ходимларга (МК 144-м. 3-қ.);

таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга (МК 144-м. 3-қ., 250-м.);

жамоа шартномаси, келишувида, бошқа локал ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолатларда ходимларга (МК 144-м. 3-қ.).

Ишлаётган эркакларга йиллик таътил уларнинг хоҳишларига биноан хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади (МК 144-м. 4-қ.). Тасдиқловчи ҳужжатларни – вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ва турмуш ўртоғининг иш жойидан «декрет» таътили берилганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаларини тақдим этишни талаб қилинг.

Ҳомиладор аёлларга ва бола туққан аёлларга йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра:

ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин;

болани парваришлаш таътилидан кейин берилади (МК 231-м.).

Мазкур ҳолатда аёл таътилни қайси даврда олишини ўзи танлашга ҳақли. Ҳеч қандай сабабларга кўра буни рад қилиб бўлмайди.

 

МИСОЛ. Ходимага декретдан олдин меҳнат таътили бериш

Ходимага ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил октябрь ойининг охирида берилиши лозим. Шу муносабат билан у декретдан олдин 7 октябрдан 27 октябргача 18 кун давом этадиган меҳнат таътили олиш тўғрисидаги аризани ёзди. Жорий иш йили учун у ҳали таътил олмаган. Иш берувчи ходиманинг илтимосини қаноатлантириши шарт.

 

Агар аёл жорий йил учун навбатдаги меҳнат таътилидан фойдаланган бўлса, унинг илтимоси рад этилади.

 

МИСОЛ. Декретдан олдин меҳнат таътилини беришни рад этиш

Ходима 3 июлдан 23 июлгача бўлган даврда 2019 йил 1 декабрдан 2020 йил 1 декабргача бўлган иш йили учун меҳнат таътилидан фойдаланди. Ноябрда у ҳомиладорлиги тўғрисидаги тиббий хулосани тақдим этди ва ноябрь ойида меҳнат таътилига ариза ёзди. Мазкур ҳолатда унга таътил берилишини рад қилиш қонуний бўлади, сабаби у навбатдаги таътилни фақат 2020 йил 1 декабрдан олишга ҳақли бўлади.

 

Иш йили қандай ҳисобланади

 

Календарь йил учун эмас, балки иш йили учун таътил беринг. Ҳар бир ходим учун иш йили 1 январдан 31 декабргача эмас, балки ишга қабул қилинган санасидан бошлаб алоҳида ҳисобланади.

 

МИСОЛ. Ходимни меҳнат таътилига юбориш

Ходим 2018 йил 29 майда ишга жойлашди. Биринчи таътил 2018 йил 29 майдан 2019 йил 29 майгача бўлган давр учун ҳисобланган. Иккинчиси 2019 йил 29 майдан 2020 йил 28 майгача бўлган давр учун ҳисобланган ва ҳ.к. Иш йили тугагунига қадар йиллик таътилга чиқаринг, бунда таътилни кейинга қолдирманг. Ходимни таътилдан маҳрум қилманг. Таътилни тўлиқлигича кейинги иш йилига ўтказманг.

 

ВАЗИЯТ. Навбатдан ташқари таътил берилиши таътиллар жадвалини бузиш ҳисобланадими

Корхонада таътиллар жадвали тасдиқланган. Ходима ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин меҳнат таътилига чиқишга ариза берди. Директор таътиллар жадвалида режалаштирилган таътил навбати келган ходим қолиб ушбу ходимага навбатидан ташқари таътил беришга мажбур бўлди. Бу билан директор қонунни бузган ҳисобланадими? Агар шундай бўлса, қандай жавобгарликка тортилиши мумкин?

Ҳа, қонунни бузган. Ҳомиладор аёлнинг хоҳишига кўра ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин унга меҳнат таътили берилиши бошқа ходимларнинг таътил навбатига таъсир кўрсатади. Иш берувчи жадвал бўйича таътилни мустақил равишда бошқа вақтга кўчириши мумкин эмас. Буни ходим билан келишиб олиши лозим (МК 145-м.). Директорга МЖТКнинг 49-моддасига мувофиқ жарима солиниши мумкин.

 

ВАЗИЯТ. Таътиллар ўз вақтида берилмаган ҳолатларда нима қилиш керак

Таътиллар ўз вақтида берилмаганлиги сабабли тўпланиб қолган бўлса, қандай йўл тутиш лозим?

Ушбу саволга жавоб қонун ҳужжатларида мавжуд эмас. Шу боисдан таътилларни ўз вақтида беришни ва кейинги иш йилларига кўчирмасликни тавсия қиламиз. Акс ҳолда меҳнат инспекцияси буни ҳуқуқбузарлик деб эътироф этиши ва иш берувчини жавобгарликка тортиши мумкин.

 

Ходимнинг ёзма аризасига асосан асосий таътилнинг бир қисмини пуллик компенсация билан алмаштириш мумкин. Қоида қуйидагича: таътилнинг 15 кунини натура кўришида тақдим этинг, қолган қисмига эса пуллик компенсация тўлаш мумкин (МК 151-м.).

 

МИСОЛ. Таътилнинг бир қисмини пуллик компенсация билан алмаштириш

21 иш кунилик таътил берилиши лозим бўлган ходим таътилнинг бир қисмини пуллик компенсацияга алмаштириш тўғрисида ариза ёзган. Мазкур ҳолатда таътилнинг 15 кунидан амалда фойдаланилади, қолган 6 куни учун пуллик компенсация тўланади.

 

 

МКнинг 137, 138-моддалари бўйича қўшимча таътилларни пуллик компенсация билан алмаштирилманг, натура шаклида тўлиқ ҳажмда тақдим этинг.

 

Ходим ишдан бўшаётган бўлса (нима асос бўлишидан қатъи назар) ва унда фойдаланилмаган таътиллар йиғилиб қолган тақдирда, унга фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланг.

 

МИСОЛ. Ходимда фойдаланилмаган таътиллар мавжуд

Ходимга 2011 йил январдан бошлаб 2020 йил январгача бўлган давр учун таътил берилмаган. Ходимда 9 иш йили учун фойдаланилмаган асосий таътиллар тўпланиб қолган. Иш берувчи ушбу ходимни ишдан бўшатганида 9 йил учун фойдаланилмаган таътилларга пуллик компенсация тўлаши лозим. Ходим ўзбошимчалик билан таътилга кетса, бу интизомий қоидабузарлик ҳисобланади.

 

ВАЗИЯТ. Ходим ўзбошимчалик билан таътилга кетганда қандай йўл тутиш керак

Ходим таътилга ариза қолдириб, ишга чиқмади. Таътиллар жадвалида унинг таътилга чиқиш даври кўрсатилмаган, сабаби у мазкур ҳужжат қабул қилингандан кейин ишга қабул қилинган. Буйруқ чиқарилмаган. Ишга келмаганлигининг сабаби телефон орқали сўралганда, у таътилда эканлигини айтган. Нима қилиш керак?

Прогул расмийлаштириб, уни интизомий жавобгарликка тортиш лозим (МК 181, 182-м.).

 

ВАЗИЯТ. Умумий иш ҳажмини биргаликда бажарадиган ходимлар бир вақтда таътилга чиқиши мумкинми

Ходимлар (эр-хотинлар) бир вақтда таътилга ариза ёзишди. Улар битта бўлинмада ишлашади. Ташкилотда бошқа бундай мутахассис ходимлар йўқ. Таътиллар жадвали ва бошқа локал ҳужжатлар мавжуд эмас. Иш берувчи уларнинг илтимосини қаноатлантириши зарурми? Директор ушбу ходимлар таътилда бўлган даврда уларнинг ўрнига бошқа ходимни топиб беришларини талаб қилишга ҳақлими?

Иш берувчи бир вақтнинг ўзида иккала ходимга таътил беришга мажбур эмас. Бундай масалаларни ўз ихтиёрингизга қараб ҳал этишингиз мумкин.

Директор ходимлардан уларнинг ўрнини босадиган бошқа ходимни топиб беришларини талаб қилишга ҳақли эмас.

 

Асосий ходимларга таътил қандай тартибда ва давомийликда берилса, ўриндошликда ишлайдиганларга ҳам шундай тартибда ва давомийликда берилади. Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг йиллик асосий меҳнат таътилининг муддатини чеклашга асос бўлмайди (МК 119-м. 3-қ.).

 

Таътиллар жадвали

Ходимларнинг йиллик меҳнат таътилига чиқиш навбатини таътиллар жадвалида белгиланг. Уни ҳар йили календарь йил бошлагунига қадар тузинг, бунда ходимларнинг қайси даврда (ойда) таътил олиш борасидаги хоҳиш-истакларини ҳисобга олинг. Қонун ҳужжатларида ушбу локал ҳужжатининг мажбурий шакли назарда тутилмаган. Шу боисдан ташкилотингизда бажариладиган ишлар хусусиятидан ва шартларидан келиб чиққан ҳолда ўзингиз учун шакл ишлаб чиқинг.

Таътиллар жадвали лойиҳасида ҳар бир ходим таътилдан фойдаланиш вақтини: календарь ой ёки аниқ даврни кўрсатинг.

 

Изоҳ. Таътиллар жадвалида белгиланган таътилдан фойдаланиш даврини ходим ва иш берувчининг ўзаро келишувига биноан ўзгартириш мумкин. Бунинг учун ходим келишилган даврда таътил олиш учун ариза тақдим этиши лозим. Аризага асосан буйруқ чиқарилади.

 

Ходимларнинг таътилдан фойдаланиш вақтлари кўрсатилган ҳолда ишлаб чиқилган жадвал лойиҳасини келишиш учун ходимларнинг вакиллик органига тақдим этинг. Бунинг учун ушбу орган раҳбарининг (касаба уюшмаси қўмитаси раисининг) имзоси етарли бўлмаслигини эътиборга олинг. Жадвални кўриш чиқиш учун вакиллик органи йиғилиш ўтказиши ва лойиҳани маъқуллаш ёки маъқулламаслик учун овоз бериш натижалари қайд этилган баённомани расмийлаштириши лозим.

Таътиллар жадвали лойиҳаси келишилган бўлса, уни календарь йил бошлангунига қадар ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланг.

Агар жадвал ходимларнинг вакиллик органи билан (шу жумладан корхонада бундай орган мавжуд бўлмаганлиги сабабли) келишилмаган бўлса, у ҳақиқий ҳисобланмайди.

Таътиллар жадвали мажбурий локал ҳужжат ҳисобланади. У мавжуд бўлмаганлиги учун иш берувчи жавобгарликка тортилиши мумкин (МЖТК 49-м.).

Таътил бериш вақти ҳақида ҳар бир ходимни таътил бошланишидан камида 15 кун олдин хабардор қилинг (МК 144-м. 2-қ.).

 

ВАЗИЯТ. Таътилдан жадвалида белгиланган муддатдан ташқари таътил бериш мумкинми

Ходим таътиллар жадвалида белгиланган муддатдан ташқари муддатда таътилга ариза ёзиши мумкинми ва иш берувчи ушбу аризани қаноатлантиришга мажбурми?

Ҳа, ходим жадвалда белгиланган муддатга қадар таътилга чиқиш тўғрисида ариза беришга ҳақлидир. Бироқ иш берувчи ун қаноатлантиришга мажбур эмас. Жадвалда белгиланган муддатдан ташқари муддатда таътил берилиши иш берувчининг ҳуқуқи ҳисобланади.

Прочитано: 411 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика