Истеъфодаги ҳарбий полковник вафот этди. Пенсия ЎзР Мудофаа вазирлиги томонидан тўланган.
Унинг турмуш ўртоғи ўзининг пенсия таъминотидан воз кечиб кейинчалик унинг ўрнига марҳумнинг пенсиясини (ёки унинг бир қисмини) олиши мумкинми?
– Вафот этган ҳарбий хизматчининг (мазкур ҳолатда полковникнинг) турмуш ўртоғи унинг пенсиясини олишга ҳақли бўлмайди. Таъкидлаш жоизки, ҳарбий хизматчиларни, ИИОнинг бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахсларини, судьяларни ва прокуратура органларининг даражали унвонларга (ҳарбий унвонларга) эга бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлаш шартлари, нормалари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Уларга «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган асосларда пенсия олиш ҳуқуқи ҳам берилади. (Қонуннинг 5-м.).
«Ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминоти тўғрисида» алоҳида Қонун қабул қилинмаганлигини ҳисобга олган ҳолда, собиқ СССРнинг «Ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (28.04.1990 йилдаги 1467-1-сон) нормативларидан фойдаланилади. Унинг 6-моддасига мувофиқ ҳарбий хизматчилар, ИИОнинг бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахслари жумласидан бўлган вафот этган пенсионерларнинг оила аъзолари умумий асосларда ИИОнинг ҳарбий хизматчилари, бошлиқлар ва оддий ходимлар таркибидан бўлган шахсларнинг оилалари сингари боқувчисини йўқотганлик нафақасини олишга ҳақли бўладилар.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиққан ҳолда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини расмийлаштириш учун мудофаа органларига ёзма равишда мурожаат қилишингиз лозим.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, боқувчисини йўқотганлик пенсияси – бу вафот этган пенсионернинг пенсияси эмас, балки янгидан тайинланадиган пенсия ҳисобланади. У пенсионер ҳаётлигида олган пенсия миқдоридан камроқ бўлади.
Сиз боқувчисининг йўқотганлик пенсиясини олишга қарор қилсангиз, Пенсия жамғармаси томонидан пенсия тўланиши тўхтатилади.
Агар сиз боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олишга ҳақли бўлган фуқаролар тоифасига кирмайдиган бўлсангиз, пенсия 18 ёшга тўлмаган болаларга, агар улар ўқийдиган бўлса 23 ёшга тўлгунга қадар тайинланади (собиқ СССРнинг «Ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 33-м. 3-қ. «а» б.).