Norma.uz

Декрет даврининг ўзига хос жиҳатлари

 

Декрет таътилида бўлиш даврлари ва иш стажига тааллуқли саволлар жуда кўп учрайди. «Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев ушбу мавзуга оид тушунтиришлар берди. 

 

Болани парваришлаш таътилида бўлганликни тасдиқловчи буйруқлар сақланмаган бўлса, қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

– Боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидан фойдаланишингиз мумкин. Маълумки, болани парваришлаш таътилида бўлиш вақти болани парваришлаш таътили берилиши ва ундан қайтиш тўғрисидаги маълумотномалар ёки буйруқлар мавжуд бўлмаганда, шунингдек буйруқларда зарур ёзувлар бўлмаганда ёки болани парваришлаш таътилида бўлганлик даврлари тўғрисида нотўғри ва ноаниқ ёзувлар бўлганда, ушбу давр учун ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома болани парваришлаш таътилида бўлганлик даврининг тасдиғи сифатида қабул қилинади. Архив томонидан тасдиқланган юқорида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, болани парваришлаш таътилида бўлиш даври қуйидаги даврларни ташкил этади:

  • 1 йил – 1971 йил 1 январдан 1983 йил 1 ноябргача туғилган бола учун;
  • 1,5 йил – 1983 йил 1 ноябрдан 1990 йил 1 июлгача туғилган бола учун;
  • 3 йил – 1990 йил 1 июлдан кейин туғилган бола учун.

Кўрсатиб ўтилган ҳолларда болани парваришлаш таътили бошланган сана сифатида ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган сана қабул қилинади (Низомнинг 66-б., ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига ­1-илова).

Шуни унутмаслик керакки, бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил иш стажига қўшиб ҳисобланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-м. 1-қ. «ж» б.).

 

Қандай ҳолатларда декрет таътилида бўлган давр иш стажига қўшиб ҳисобланмаслиги мумкин?

– Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида «декрет таътили» тушунчаси мавжуд эмас. Аёлларга ҳомиладорлиги муносабати билан 2 турдаги таътил берилади: ҳомиладорлик ва туғиш таътили, шунингдек болани 2 ёшгача ва 3 ёшгача парваришлаш таътили. Бунда бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин болалар сонидан қатъи назар ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил иш стажига қўшиб ҳисобланади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили иш стажига қўшилмайди (МК 233, 234-м.; Қонуннинг 37-м. 1-қ. «ж» б.).

Болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтини иш стажига қўшиб ҳисоблашнинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд.

Биринчидан, бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил иш стажига қўшиб ҳисобланади.

 

1-МИСОЛ. 30 йиллик меҳнат стажига эга ишлайдиган ходима жами 8 йил учта болани парваришлаш таътилида бўлган. Пенсия тайинлаш учун иш стажини ҳисоблашда унга жами 25 йил (30 – 8 + 3) ҳисобланади.

 

Иккинчидан, болани парваришлаш таътилида бўлган давр (бироқ жами 3 йилдан ортиқ эмас) Қонуннинг ­37-моддаси 1-қисмининг «а»–«г» бандларида кўрсатилган умумий стаж, камида 7 йиллик иш стажи мавжуд бўлганда иш стажига қўшиб ҳисобланади.

 

2-МИСОЛ. Аёлнинг иш стажи 6 йилу 11 ойни ташкил этади. Тегишли равишда, болани парваришлаш таътилида бўлган давр иш стажига қўшилмайди. Аёлнинг иш стажи 7 йилни ташкил этса, болани парваришлаш таътилини бўлиш даври, масалан, 2 йил иш стажига қўшиб ҳисобланади ва умумий иш стажи 9 йилни ташкил этади.

 

54 ёшда пенсияга чиқишда декрет таътили стажга қўшиб ҳисобланадими?

– Қонуннинг 37-моддаси 1-қисми «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида 20 йиллик иш стажи бўлган аёллар 54 ёшга тўлганда пенсияга чиққанида болани парваришлаш таътилида бўлган давр иш стажига киритилади (Қонуннинг 12-1-м.). Таъкидлаш жоизки, 54 ёшга тўлганда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берадиган зарур стажни (20 йил) ҳисоблашда болани парваришлаш таътилида бўлган давр қўшилмайди.

 

МИСОЛ. Аёлнинг Қонун 37-моддаси «а»–«г» бандларида назарда тутилган иш стажи 19 йилу 11 ойни ташкил этади. У 54 ёшда пенсияга чиқиши учун зарур 20 йиллик иш стажига эга эмас. Бунда болани парваришлаш таътилида бўлган давр иш стажига қўйилмайди, сабаби у 54 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлмайди. Ушбу давр аёл умумбелгиланган ёшда – 55 ёшда пенсия чиқаётганда стажга қўшиб ҳисобланади, чунки унда 55 ёшда пенсияга чиқиш учун зарурий энг кам иш стажи 7 йилни ташкил этади (Қонуннинг 8-м.). Бунда иш стажи болани парваришлаш таътили билан бирга, масалан 2 йил қўшилганда, 21 йилу 11 ойни ташкил этади.

 

Аёл 54 ёшга тўлганда Қонунинг 37-моддаси 1-қисмининг «а»–«г» бандларида назарда тутилган иш стажига эга бўлса, болани парваришлаш таътилида бўлган давр, масалан 2 йил иш стажига қўшиб ҳисобланади ва умумий иш стажи 22 йилни ташкил этади.

Прочитано: 252 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика