Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 1 / Биз яшайдиган уй

Уйда низоларсиз муҳитни яратишнинг 21 омили

Ўтган йилда кўп квартирали уйлардаги (ККУ) тижорий мақсадда фойдаланиш мумкин бўлган яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари бозорида жонланиш сезилиб қолди. Бу доимий прописка ва рўйхатдан ўтказиш тизимидаги ислоҳотлар билан боғлиқ – чет вилоятлардаги фуқароларга эркин, чекловларсиз кўчмас мулк сотиб олишга рухсат берилди. Ҳозир вилоятдан келганлар бу бозорни пухта эгаллаб олмоқдалар.

Бизнес-тузилмаларнинг эгалари турар жой мулкдорлари билан бир том остида «умргузаронлик» қила бошлашмоқда. Бу ҳар икки тарафнинг муносабатлари эса доим ҳам рисоладагидек бўлган эмас, ҳуқуқлар, манфаатлар ва мажбурият борасида низолар чиқиб туради. Хўп, низоларсиз муҳитни яратиш учун нималарга эътибор бериш керак? 

 

Тақиқланмаганми, демак рухсат берилган

1. Кўп квартирали уйлардаги (ККУ) қайси жойлар яшаш учун мўлжалланмаган жойларга киради?

– Яшаш учун мўлжалланмаган жойларга кўп квартирали уйлардаги фуқаролар яшаши учун мўлжалланмаган қуйидаги алоҳида жойлар тегишли бўлади:

а) уйни қуришда лойиҳаларда кўрсатилган уйнинг ёнига кейин қурилган жойлар;

б) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уйнинг қуйи қаватидаги турар жойдан яшаш учун мўлжалланмаган жойларга ўтказилган жойлар;

в) қайта жиҳозланган ертўла ва ярим ертўла жойлар, техник мақсадларга мўлжалланган жойлар бундан мустасно.

Яшаш учун мўлжалланмаган жойда бошқа уй-жойлардан алоҳида кириладиган эшик, табиий ёритиш ва вентиляция; ёнғинга қарши ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларининг функционал вазифаси ва талабларига мувофиқ жойнинг девори, шифти, поли қопланган, пардозланган бўлиши керак (Низомнинг 2-б., 24.01.2000 йилдаги 22-сон ВМҚга 2-илова). 

2. ККУда кимлар яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдори ҳисобланади?

– Кўп квартирали уйдаги жойга нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахслар яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдоридир (УЖК 16-1-м., «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 17-м.).

 

3. Мен ўз квартирамда касаначилик меҳнати билан шуғулланаман. Бу ҳолда турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш талаб қилинадими?

– Белгиланган тартибда касаначилик меҳнати амалга оширилаётган турар жойларни яшаш учун мўлжалланмаган жойлар тоифасига ўтказиш талаб этилмайди (УЖК 9-м. 4-қ.).

 

4. ККУдаги барча турар жойларни яшаш учун мўлжалланмаган жойларга ўтказса бўладими?

– Яшаш учун яроқли бўлган турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказишга йўл қўйилмайди. Алоҳида ҳолларда, турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш мулкдорнинг ёки у ваколат берган органнинг (шахснинг) аризасига кўра туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарорига биноан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади (УЖК 15-м.). Турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказишнинг алоҳида ҳоллари белгиланган эмас.

 

5. ККУдаги яшаш учун мўлжалланмаган жойларда қандай фаолият турлари билан шуғулланишга рухсат берилган?

– Рухсат этилган фаолият турлари орасида қуйидагилар бор:

1) озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан савдо қилиш (дўконлар, киоскалар, дўкончалар ва бошқалар);

2) умумий овқатланиш (ресторанлар, кафе, кафетерийлар, музқаймоқ ва чанқовбосди ичимликлар барлари, газакхоналар ва бошқалар);

3) маиший хизмат кўрсатиш (сартарошхоналар, пойабзал таъмирлаш, соат созлаш устахоналари, ателье ва бошқалар);

4) банк хизматлари кўрсатиш (банкларнинг бўлимлари ва валюта алмаштириш пунктлари);

5) алоқа хизматлари кўрсатиш (почта бўлими).

6) қуйидагилар:

  • уй-жой ва таъмирлаш-фойдаланиш органларининг;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг;
  • маданият, халқ таълими, ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш муассасаларининг;
  • жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг;
  • ички ишлар органлари, прокуратура, суд органлари ва фуқаролик ҳолатини қайд қилиш бўлимининг, адвокатура, нотариатнинг таянч пунктларининг;
  • тадбиркорларнинг офислари ва идораларининг;
  • суғурта ташкилотларининг;
  • рассомлар ва ҳайкалтарошлар ижодий устахоналарининг;
  • маъмурий-бошқарув функциялари билан боғлиқ бўлган ҳокимият ва бошқарув органлари турли ташкилотларининг фаолияти (Рўйхат, Низом билан тасдиқланган).

 

6. ККУдаги яшаш учун мўлжалланмаган жойларда мулкдорларга қандай фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланган?

– Улардан фойдаланиш ҳудуднинг ва жонли муҳит ҳавосининг физик ва кимёвий ифлосланишига, уйда яшовчи шахсларнинг ҳаёт фаолияти нормал шароитлари бузилишига олиб келиши мумкин бўлган объектларни, шу жумладан, корхоналар ва ташкилотларнинг қуйидаги турларини жойлаштиришга йўл қўйилмайди:

а) уйни қуришда ўтириладиган жойлари сони лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилмаган, шунингдек, соат 23.00 дан кейин ҳам ишлайдиган умумий овқатланиш корхоналари (ресторанлар, кафе, тунги клублар ва барлар, дискотекалар);

б) кимёвий товарлар, сабзавот ва балиқ маҳсулотлари дўконлари, шунингдек, портлайдиган моддалар ва материаллар бор бўлган маҳсулотларни сотувчи дўконлар;

в) ўз ишлаб чиқаришида тез алангаланадиган моддаларни қўлловчи кимёвий тозалаш хоналари;

г) пойабзал тузатиш бўйича 10 тадан ортиқ иш ўрнига эга бўлган устахоналар;

д) ҳаммомлар, сауналар;

е) АТС, шаҳарлараро алоқанинг кеча-кундуз фойдаланиладиган сўзлашув пунктлари ва телеграф;

ж) жамоат ҳожатхоналари;

з) маросимлар билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш муассасалари;

и) саноат корхоналари (Рўйхатга изоҳ).

 

Яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари – улар ҳам УМШ аъзолари. Бундан нима келиб чиқади?

7. ККУдаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қайси ҳужатлар билан тартибга солинади?

– «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги янги Қонунда турар жой ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тенглаштириб юборилди. Эндиликда ҳар икки тараф УМШ аъзолари ҳисобланишади. ККУнинг умумий мол-мулкини бошқаришда жой мулкдорларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Қонуннинг 18, 19-моддалари билан белгиланган.

Низомнинг 2-бобида ҳам мулкдорлар, лекин яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган.

 

8. УМШ яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдори билан шартнома тузиши керакми?

– Йўқ, керак эмас. Қонунга биноан яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорлари ширкатнинг аъзолари ҳисобланишади. Эндиликда УМШ билан муносабатлар олдингидек мажбурий шартнома асосида эмас, балки Қонун ва ширкатнинг устави асосида юзага келади.

9. Мажбурий бадал ёки умумий мол-мулкни сақлашга тўловларнинг миқдори мулкдорлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари паритетида акс этдими?

– Умумий ёндашув қуйидагича: мажбурий бадал ёки умумий мол-мулкни сақлашга тўловларнинг миқдори барча мулкдорлар (турар жой ва яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдорлари) учун бир хил этиб белгиланди.

Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкка нисбатан улушли мулк иштирокчилари ҳисобланади ва улар умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни ўз зиммасига олиши шарт. Жой мулкдорининг умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларда иштирок этиш улуши ККУнинг умумий майдонидаги мулкдорга қарашли жой майдони улушига мутаносиб равишда белгиланади (Қонуннинг 16, 17-моддалари).

 

10. ККУдаги бизнес тузилмалар умумий уй тармоғига юк бўлиб тушиши мумкин, бу эса уларнинг янада эскиришига олиб келади. Шуни ҳисобга олган ҳолда ширкат ёки БК улар учун мажбурий бадаллар ёхуд умумий мол-мулкни сақлаб туришга тўловлар миқдорини ошириб қўйишга ҳақлими?

– Ширкат ёки БК бизнес тузилмалар учун мажбурий бадал ёхуд тўловнинг оширилган миқдорини белгилашлари мумкин. Лекин олдиндан ширкатнинг устави ёки БК билан тузиладиган шартномага умумий мол-мулкнинг эскиришига асослар мавжуд бўлганда айнан қайси ҳолларда, қайси давр учун яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдорига бадалнинг оширилиши тўғрисидаги бандни киритиш керак бўлади. Эскириш ҳажми ҳисоблаб чиқилган ва пул шаклида асосланган бўлиши лозим.

 

11. УМШ (мулкдорлар) умумий йиғилишида қарор қабул қилаётганда яшаш учун мўлжалланмаган жойлар эгаларининг овозлари ҳисобга олинмаган эди. Йиғилиш раиси улар овозга эга эмасликлари ва умумий йиғилишда қатнаша олмасликларини важ қилиб кўрсатганди. Бундай ёндашув қанчалик тўғри?

– Ширкатнинг аъзолари кўп квартирали уйдаги жойларнинг, шу жумладан яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари бўлган юридик ва жисмоний шахслардан иборатдир (Қонун 30-м. 5-қ.). Улар УМШ аъзоларининг умумий йиғилишида иштирок этиш ва қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

 

12. Одатда, яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдори ККУда яшамайди. Уни УМШ бошқарувига раис этиб сайлаш мумкинми?

– Яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг мулкдорига худди УМШ аъзосига бўлгани каби УМШ аъзоларининг барча ҳуқуқ ва мужбуриятлари, хусусан, ширкат бошқарувининг раиси этиб сайланиш имконияти татбиқ этилади (Қонуннинг 46-м.).

 

Кимлар мажбурий бадалларни киритади?

13. ККУда яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан эгалик ёки ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш мумкин. Яшаш учун мўлжалланмаган жой ижарага берилган тақдирда мажбурий бадалларни ким киритиши керак – мулкдорми ёки ижарага олувчими?

– ККУда умумий мол-мулкни сақлаш бўйича жавобгарлик, шу жумладан уни сақлашга доир бадаллар ёки тўловларни тўлаш жавобгарлиги жойнинг мулкдори зиммасида бўлади.

Яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдори умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш учун умумий харажатларда иштирок этиш бўйича ўзининг мажбуриятини шартнома асосида бошқа шахсга ўтказиши мумкин. Шундай бўлган тақдирда у УМШ ёки БКни бу ҳақда хабардор қилади (Қонуннинг 16-м.).

 

14. Яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдори билан ижарага олувчи ўртасида шартнома мавжуд бўлмаганлиги учун қандай жавобгарлик белгиланган?

– Ижарага бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд давлат солиқ органларида ижарага бериш шартномасининг мажбурий ҳисобга қўйилишига риоя этмаслик – БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 159-1-м.).

 

15. Яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг янги мулкдорга ўтказилиши тўғрисида УМШни хабардор қилиш талаб этиладими?

– Жой сотилган тақдирда ширкат аъзоси бўлган унинг мулкдори янги мулкдорни ўзининг ширкат аъзоси эканлиги ҳамда ширкат уставида белгиланган, янги мулкдорга ўтадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эканлиги тўғрисида хабардор қилиши шарт (Қонун 30-м. 6-қ.). Лекин ККУда квартиранинг олди-сотдиси тўғрисида ширкатни хабардор қилиш ҳақида Қонунда ҳеч нарса дейилмаган. Бу УМШ фаолиятида салбий акс этмоқда. Яшаш учун мўлжалланмаган жойлар (турар жойлар сингари) кўпинча мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги билан сотилади, сабаби битимни нотариал тасдиқлаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатидан УМШдан олинадиган қарздорлик мавжуд эмаслиги хусусидаги маълумотнома чиқариб ташланган.

 

Рухсатномани кўрсатинг!

16. ККУдаги яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг янги мулкдорлари одатда ишни қайта қуришдан бошлашади: деворларни бузишади, сантехника асбоб-ускуналарининг жойини ўзгартиришади ва ҳ.к. Уларнинг кўпчилигида бу ишлар учун рухсатнома бўлмайди. Қўшнилар уйнинг ички тизимлари фаолиятига, бинонинг мустаҳкамлигига бу нарсаларнинг салбий таъсири бўлмасмикин, деган хавотирга тушадилар. Бундай ишларни бажариш учун ваколатли органларнинг рухсатномасини олиш керак бўладими?

 

* * *

Кўп квартирали уйнинг «биқини»га яшаш учун мўлжалланмаган жой қурилган бўлиб, у ерда дўконча бор. Мулкдорлар уйнинг иккинчи қаватидаги хонадон деразасига тақаган ҳолда том қуриб қўйишган. Ёзда у иссиқдан қизиб кетиб, квартираларни иситиб юборади. Дўкон эгаларининг қайта қуриш учун рухсатномаси мавжуд эмас. Қонун ҳужжатлари бундай вазиятга қандай таъсир кўрсата олади?

– ККУдаги яшаш учун мўлжалланмаган жой мулкдори маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан тегишли рухсатнома олмасдан ўзига қарашли жойни ўзбошимчалик билан қайта қурган ёки ўзгартирган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади ҳамда бу жойни ўз ҳисобидан аввалги ҳолатига келтириши шарт (УЖК 16-1-м. 5-қ.; Қонуннинг 19-м.; Низомнинг 11-б.).

Мулкдорларга яшаш учун мўлжалланмаган жойда уйда яшовчи бошқаларнинг рисоладагидек турмуш шароитини бузадиган ишларни амалга ошириши тақиқланади. ККУда жойларни қайта қуриш ва қайта режалаштиришни фақат жойнинг қулайлигини ошириш мақсадида амалга ошириш мумкин. Қайта қуриш ва қайта режалаштириш давлат ҳокимияти органларининг рухсатномаси бўлган тақдирдагина амалга оширилади. Уларнинг лойиҳаси ёнғинга қарши муҳофаза органлари, лойиҳа ташкилоти, меъморчилик ва шаҳарсозлик органлари ҳамда меъморчилик-шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиш устидан давлат назорати органлари билан келишилиши зарур. Белгиланган талаблар бузилган тақдирда ширкат ККУдан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи Уй-жой фонди инспекциясига мурожаат қилишга ҳақли бўлади (Қонуннинг 12, 19-моддалари; Низомнинг 10-б.).

 

Техник жойни ижарага берса бўладими?

17. Яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг эгаси ККУда ертўлани ижарага олмоқчи. УМШ раиси бунга қатъий қарши, сабаби ертўла жойлари мулкдорларнинг умумий мол-мулки ҳисобланади, дейди у. Бу техник жойлар бўлиб, уларга уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, электр, санитария-техника ускуналари киради. У ердан 6 та кўп қаватли уйни иссиқ сув ва иситиш тизими билан таъминлайдиган иситиш трассаси ўтган, маҳкамловчи арматурага эга бўлган иссиқлик қуввати ҳисобини юритувчи 2 та шохобча мавжуд. Буларнинг барчаси мулкдорларнинг умумий мол-мулки ҳисобланади. Шундай жойни ижарага бериш – ижарага олувчининг ҳам, бошқа мулкдорларнинг ҳам хавфсизлигига таҳдид солади. Шунга қарамасдан яшаш учун мўлжалланмаган жойнинг эгаси ертўлани ижарага беришларини қаттиқ илтимос қилмоқда. Мазкур масала қонун ҳужжатларига мувофиқ қандай тартибга солинади?

– Умумий мол-мулкни ижарага бериш тўғрисидаги қарорни мулкдорлар УМШ аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қиладилар. Ертўла, ундаги коммуникациялар сингари жой мулкдорларининг умумий мол-мулки ҳисобланади. Бу мол-мулк бўлинмасдир ва у умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида уларга тегишли ҳисобланади. Умумий мол-мулкнинг айрим қисмлари жойларнинг мулкдорларига ёки бошқа шахсларга жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши қарорида белгиланган тартибда фойдаланишга берилиши мумкин. Агар бу бошқа мулкдорларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган бўлса, умумий мол-мулк айрим қисмларининг бошқа шахсга берилишига йўл қўйилмайди (Қонуннинг 6, 13, 38-моддалари).

Мазкур техник жой 6 та кўп квартирали уйга хизмат кўрсатувчи муҳандислик асбоб-ускуналари ва коммуникацияларини жойлаштириш учун мўлжалланган. Махсус мақсадларга мўлжалланган жойларни бошқа шахсларга фойдаланиш учун бериш техник хавфсизлик ва уй ичидаги коммуникациялардан фойдаланиш меъёрлари билан тақиқланади. Агар ертўла жойлари уйдаги бошқа жойларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаса, бу бошқа масала.

 

18. Умумий мол-мулкдан фақатгина ККУдаги ертўла орқали фойдаланиш мумкин, сабаби у ўша ерда жойлашган. Уй ичидаги тармоқларда авария ҳолати юз берганда ширкат, БК ёки авария хизматининг тунги вақтда, дам олиш ёки байрам кунларида у ерга кириши роса қийинлашади. Бу масалани қандай ҳал қилса бўлади?

– ККУдаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш хизматлари ходимларининг таъмирлаш ва аварияни бартараф этиш учун муҳандислик-техник коммуникацияларига киришларига кафолат берилганда фойдаланишга йўл қўйилади (Низомнинг 4-б.).

Агар умумий мол-мулкнинг фақат мазкур ертўладан кирилиши мумкин бўлган конструктив қисмларини текшириш, таъмирлаш ёки алмаштириш зарур бўлса, башарти мулкдор бу ҳақда олдиндан хабардор қилинса, мулкдор ККУни бошқариш органи вакилларининг бу жойга киришига рухсат бериши шарт. Авариянинг олдини олиш ёки унинг оқибатларини тезкор бартараф этиш зарур бўлган шошилинч ҳолларда олдиндан хабардор қилиш талаб этилмайди (Қонуннинг 19-м.).

 

Тунда шовқин кўтарувчиларга – жарима

19. ККУдаги яшаш учун мўлжалланмаган жойда кафе жойлашган. Ёзги вақтда кафе эгаси кўчада майдонча қуради. Кафега келувчилар у ерда кечгача ўтиради, машиналарида шовқин кўтариб ҳаракатланишади. Уйда яшовчилар баланд овозли мусиқадан, деразалар тагида тўхтатилган машиналар ва бошқа ноқулайликлардан шикоят қилишади. Кафенинг эгаси бундай эътирозларга нисбатан пинагини ҳам бузмайди. Уни уйда яшовчиларни ҳурмат қилишга қандай ўргатса бўлади?

– ККУдаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш одамларнинг уй-жойда кеча-кундуз бўлиши имкониятини бузмаслиги ва хавфсиз ҳамда соғлом ҳаёт муҳитини таъминлаши керак. Бундан ташқари, кўп қаватли уйлардаги умумий овқатланиш корхоналарининг соат 23.00 дан кейин ишлаши тақиқланади (Низомнинг 4-б.; Рўйхатга изоҳнинг «а» кичик б.).

МЖТКнинг 192-моддасида тунги вақтда шовқин-сурон кўтаришга шинавандалар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. 

Тунги вақтда – соат 23.00 дан 06.00 гача – фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш, яъни баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, товуш сигналлари бериш, хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитофонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш, турар жой биноларида ва улардан ташқарида жуда зарур бўлмагани ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, шунингдек маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузувчи бошқа ҳаракатларни содир этиш фуқароларга БҲМнинг 1/3 қисми, мансабдор шахсларга эса – БҲМнинг 1/3 қисмидан 1/2 қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга БҲМнинг 1/2 қисми миқдорида, мансабдор шахсларга эса – 1/2 қисмидан 1 қисмигача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

20. Ширкат йўлакда эшикларни алмаштирди, бинонинг олд кўринишини таъмирдан чиқарди, яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ижарага берувчилари эса бу жойларга эълонларни ёпиштириб ташлашди. Бу масала қонун ҳужжатларига мувофиқ қандай ҳал этилади?

– Уйнинг олд кўриниши ва эшиклари ККУда жой мулкдорларининг умумий мол-мулки ҳисобланади ва уларни лозим даражада сақлашлари керакдир.

Мулкдорлар (арендага ва ижарага олувчилар)га ушбу мақсадлар учун мўлжалланмаган уй-жойларнинг олд томонига афишалар, плакатлар, ҳар хил эълонларни ёпиштириш тақиқланади (Низомнинг 12-б.).

Эълонларни ноқонуний ёпиштириш Замонавий архитектура-шаҳарсозлик талабларини ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этиш қоидаларининг (9.03.2009 йилдаги 59-сон ВМҚ билан тасдиқланган) 47-бандини бузиш ҳисобланади. Агар мулкдор ёки у билан бирга яшовчи шахслар ККУдаги бошқа мулкдорларнинг умумий мол-мулкига зарар етказган бўлса, улар етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт (Қонуннинг 19-м.).

 

21. ККУдаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш тартибига риоя этилишини ким назорат қилади?

– ККУдаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш тартибига риоя қилиниши устидан назорат қилиш тегишли ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади. Иморат қуриш ва уй ён-атрофини, ҳовлиси ҳудудини сақлаш қоидаларига риоя қилиш устидан жамоатчилик назорати фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга оширилади (Низомнинг 15-б.).

Уй-жой фонди инспекцияси ККУдан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига риоя этилиши ҳамда мулкдорлар томонидан жойларнинг ўзбошимчалик билан қайта қурилишига ва қайта режалаштирилишига йўл қўйилмаслиги устидан давлат назоратини амалга оширади. Инспекцияга бажарилиши шарт бўлган, шу жумладан бундай қоидабузарликларга йўл қўядиган жой мулкдорларига кўрсатмалар бериш ваколатлари берилган (Қонуннинг 12-м.).

Прочитано: 498 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика