Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 1 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Давлат экспорт қилувчиларга ёрдам кўрсатишни давом эттиради

 

Вазирлар Маҳкамасининг 31.12.2020 йилдаги 826-сон қарорида назарда тутилишича, экспорт қилувчиларга молиявий кўмак, аввалгидек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан кўрсатилади.

Ҳужжат Ҳуқуматнинг ўз кучини йўқотган 11.09.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 756-сон қарори ўрнига қабул қилинди.

 

Молиявий ёрдам кўрсатиладиган йўналишлар рўйхатига қўшимчалар киритилди. Янгиликлардан бири маҳсулот намуналарини Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари орқали хорижий савдо уйлари ва шоу-румларга юбориш харажатлари қоплаб берилиши бўлди. Шунингдек хорижда товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш харажатлари учун компенсация тўланади. Молиявий ёрдам кўрсатиш белгиланадиган харажатлар рўйхати ҳам кенгайтирилди. Бизнес-форумлар, семинарлар, тренинглар, кўргазма-ярмарка тадбирларида иштирок этишда томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги онлайн шакли ҳам жорий қилинди. Экспорт қилувчиларга экспорт қилиш билан шуғулланишни режалаштирган тадбиркорлик субъектлари ҳам киритилди.

Молиявий ёрдам олиш учун экспорт қилувчи ташкилотлар томонидан ариза ва буюртманома-анкетанинг тасдиқланган шакллари тўлдирилади ва уларга йўналишга қараб зарур ҳужжатлар илова қилинади. Илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхатига ўзгартиришлар киритилди. Энди экспорт қилувчи ташкилотларда солиқлар бўйича қарздорлик ҳамда муддати ўтган кредиторлик ва дебиторлик қарздорликлари мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнинг тақдим этилиши талаб қилинмайди. Бироқ экспорт операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжудлиги молиявий ёрдам кўрсатишни рад этиш учун асослардан бири ҳисобланади.Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар, аввалгидек, 7 иш куни давомида кўриб чиқилади. Қабул қилинган қарор ҳақида билдиришнома 1 иш куни давомида почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда юборилади. Экспорт қилувчилар томонидан маблағлар сарфланган тақдирда, уларнинг банк ҳисобварағига тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб 5 иш куни (илгари – 7 иш куни) ичида маблағлар ўтказилади.

Товарларни (ишлар, хизматларни) етказиб берувчининг харажатларини компенсациялаш тартибида молиявий ёрдам қуйидаги миқдорларда тақдим этилади:

  • стандартларни жорий қилиш ва мувофиқлик сертификатларини олиш йўналишида – 100%, лекин битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиш учун 20 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда;
  • маҳаллий маҳсулотлар ва брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш мақсадида тақдимотлар ва реклама кампаниялари ўтказиш йўналишида – 100%, лекин бир экспорт қилувчи ташкилот учун бир календарь йилида 20 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда;
  • халқаро тендер ва танловларда иштирок этиш йўналишида – 100%;
  • хорижий ваколатли органларда маҳаллий маҳсулотлар ва товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш йўналишида – 100%, лекин бир экспорт қилувчи ташкилот учун 10 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда;
  • Ўзбекистон ҳудудида маҳаллий ва хорижий компаниялар мутахассисларини жалб этган ҳолда бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумлар ташкил этиш йўналишида – 100% миқдорда ҳақиқий харажатлар бўйича;
  • хорижий мамлакатлардаги бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумларда иштирок этиш йўналишида – 100% миқдорда ҳақиқий харажатлар бўйича чекланмаган миқдорда;
  • кўргазма-ярмарка тадбирларида иштирок этиш йўналишида – 100% миқдорда ҳақиқий харажатлар бўйича чекланмаган миқдорда;
  • маҳсулотлар намуналарини таништириш мақсадида хорижий савдо уйлари ва шоу-румларга, шу жумладан истиқболли харидор топишда кўмак олиш учун Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига юбориш йўналишида – 100%, лекин бир экспорт қилувчи ташкилот учун бир календарь йилида жами 2 000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда.

Тўловлар Агентлик томонидан тузиладиган шартномаларга асосан товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларга тўғридан-тўғри амалга оширилади.

Шунингдек молиявий ёрдам кўрсатишни рад этиш учун асосларга қуйидагилар ҳам киритилди:

  • тегишли ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги;
  • сўралаётган молиявий ёрдамнинг тасдиқланган тартиб ва талабларга номувофиқлиги;
  • экспорт операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжудлиги (экспорт қилувчи ташкилотларнинг экспорт операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги миқдори сўнгги 12 ойдаги экспорт ҳажмининг 30%идан ортиқ бўлмаган ва дебитор қарздорликни ундириш бўйича суд қарори мавжуд бўлган ҳолатлар бундан мустасно);
  • тақдим этилган ҳужжатларда ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги.

Хориждаги шартномалар бўйича харажатлар ВМнинг 23.05.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг чет эл валютасидаги маблағларини самарали бошқариш тўғрисида»ги 329-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш схемаси, молиявий ёрдам олиш тўғрисида ариза ва буюртманома-анкета ҳужжатга иловаларда келтирилган.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 31.12.2020 йилдан кучга кирди.

 

Наргиза Воҳидова.

Прочитано: 319 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика