Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 45 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

IT-паркнинг фаолият юритиш тартиби такомиллаштирилди

Вазирлар Маҳкамасининг 30.10.2020 йилдаги 672-сон қарори билан «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга (ВМнинг 15.07.2019 йилдаги 589-сон) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, шунингдек Ҳукуматнинг айрим қарорлари ўз кучини йўқотди.

 

Ҳужжатда IT-парки Дирекциясига юкланган вазифаларни амалга ошириш доирасида малакали мутахассисларни, шу жумладан чет эллик мутахассисларни маслаҳатчи сифатида шартнома асосида тендер ўтказмасдан жалб қилишга, истисно тариқасида, рухсат берилади. Энди Дирекция штатлар жадвалини мустақил равишда ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш шартларини бажариладиган ишларнинг мураккаблик даражаси, сифати ва ҳажмига нисбатан табақалаштирилган тарзда белгилаши мумкин.

Қарор билан Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга (589-сон қарор билан тасдиқланган) ўзгартиришлар киритилди. Уларда Технопаркни ташкил этишни такомиллаштириш, юридик шахсларни резидент сифатида рўйхатдан ўтказиш, улар учун солиқларни ҳисоблаш, божхона таомиллари, солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тартиби, шунингдек истиқболли стартап-лойиҳаларни танлаб олиш ва молиялаштириш тартиби белгиланди.

Технопарк резиденти сифатида рўйхатдан ўтган шахслар билан ишлаш тартибини такомиллаштириш бўйича банд киритилди. ITни ривожлантириш соҳасида экстерриториаллик принципи асосида максимал даражада қулай шароитларни яратиш учун резидентлар республиканинг бутун ҳудудида жойлаштирилади.

Технопарк резидентларининг мақоми билан танишиш, Дирекция ва унинг резидентларининг ўзаро алоқада бўлиши учун юридик шахсларнинг ҳужжатлари, шу жумладан ҳисоботлар, хулосалар, бизнес-режалар ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланиш учун Дирекциянинг расмий сайти очилади.

Эксперт кенгашининг низоми аниқлаштирилади: у Дирекция ҳузурида ташкил этилган орган бўлиб, резидент мақомини олиш учун ариза берган юридик шахслар ва резидентларнинг бизнес-режаларини таҳлил қилиш мақсадида вазирликлар ва идоралар, илмий муассасалар, олий таълим муассасалари малакали мутахассислари ва бошқа мутахассислардан ташкил топади. Эксперт кенгашининг фаолият юритиш тартиби Дирекция томонидан белгиланади.

Қарорда молиялаштириш манбалари белгиланган. Молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:

Технопарк резидентларининг Дирекцияга ҳар ойлик жами даромадидан 1% миқдорида ўтказиладиган ажратмалари;

  • хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;
  • Дирекцияга бириктирилган кўчмас мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадлар;
  • халқаро молия ташкилотлари ва институтларининг грантлари ва кредитлари;
  • стартап-лойиҳаларни венчур молиялаштириш натижасида олинган даромадлар;
  • Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг таркибий бўлинмалари маблағлари;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Қабул қилинган ҳужжатда Технопарк Дирекциясининг резидентларни рўйхатга олиш ишини ташкил этишнинг такомиллаштирилган схемаси келтирилган. Аризаларни кўриб чиқиш ва турли таомиллар муддатлари қайта кўриб чиқилган ва анча қисқартирилган.

 

Маълумот учун: Технопаркни тизимли ташкил этиш ва ривожлантириш тарихи 2018 йилда, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Ҳиндистон Республикаси электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги ҳузуридаги Дастурий технологиялар парклари жамияти билан шартнома имзоланган пайтдан бошланган.

Сўнгра Вазирлар Маҳкамасининг 10.01.2019 йилдаги 17-сон қарори қабул қилинган, унда Технопаркни ташкил этиш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулотлар ва хизматларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ички ва ташқи бозорларда илгари суриш, ушбу йўналишдаги инновацион ишланмаларни рағбатлантириш назарда тутилган.

Кейинги босқичда, 2019 йил июлда Вазирлар Маҳкамасининг «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 589-сон қарори қабул қилинди. Унда юридик шахсларни резидент сифатида рўйхатдан ўтказиш, солиқлар ва божхона имтиёзларини қўллаш, стартап-лойиҳаларни ҳар томонлама, шу жумладан венчур молиялаштириш асосида қўллаб-қувватлаш тартиби белгиланган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 31.10.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Мирёқуб Ҳайдаров.

Прочитано: 485 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика