Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 44 / Биз яшайдиган уй

Тартиб тартибсизлик билан алмашиб қолмаслиги учун ёки иссиқлик учун тўловга доир 14 савол

 

Иссиқлик учун ҳақ тўлашнинг янги тартиби жорий этилиши билан боғлиқ турли хил саволлар иситиш мавсуми бошлангандан буён давом этмоқда. Тўловнинг янги тизими Президентнинг ПҚ-4542-сон қарорида назарда тутилган. «Тошиссиққуввати» ДУК ўзининг расмий сайтида янгиликка доир жиҳатларни батафсил ва атрофлича тушунтиргани йўқ, аслида «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига кўра шундай қилиши керак эди. Ижтимоий тармоқларда муассаса вакилларининг айрим саволларга бераётган жавоби истеъмолчилар учун етарли эмас. Балки етказиб берувчиларнинг ўзлари ҳам бу борада аниқ маълумотларга эга эмасдирлар. Фуқароларда барча ҳаракатлар уларнинг манфаати йўлида қилинаётганига ишончсизлик бор. Айтишади-ку, биз яхши томонини ўйлагандик, лекин доимгидек бўлиб чиқди, деб. Аввалига қарорлар қабул қилишади-да, кейин улар қандай ишлаши ҳақида бош қотиришади. Пировардида фуқаролар ҳар қандай янгиликка норозилик ва хавотир кўзи билан қарайдилар. Иситиш учун ҳақ тўлашга доир янгиликлар борасида энг кўп бериладиган саволларга тўхталиб ўтамиз.


Фақат иситиш мавсумида тўлаймиз

1. Иситиш учун тўловнинг янги тартиби жорий этилиши билан нималар ўзгаради?

Эндиликда истеъмолчилар марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун авваллари бўлгани каби йил давомида (12 ой учун) тенг қисмларга бўлиб эмас, балки фақат иситиш мавсумида ҳақ тўлайдилар. Тўлов иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 кв.м иситиладиган майдон ҳисобидан амалга оширилади.

 

2. Иссиқлик таъминоти хизматлари учун қайси тарифда ҳақ тўлаймиз?

Тошкентда иситиш даврининг ҳар бир куни учун ҳар бир иситиладиган 1 кв.м майдон учун 142 сўм миқдоридаги тариф ўрнатилган.

 

3. Кўп квартирали уйларда иситиш даври қачон бошланади?

Иситиш даври Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларда бошланади ва тамомланади.

Иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8°Сдан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8°Сдан юқори бўлганда эса тамомланиши керак (Қоидаларнинг 13-б., 15.07.2014 йилдаги 194-сон ВМҚга 1-илова). Пойтахтда 2020–2021 йиллардаги иситиш даври кўп квартирали уйлар учун 2020 йил 17 октябрдан бошланган.

 

4. Қайси пайтдан эътиборан янги тартибда ҳақ тўлаш бошланади?

Кўп квартирали уйларда иситиш учун янги тартибда ҳақ ҳисоблаш иситиш даври бошидан бошланади. Тошкентда 2020–2021 йиллардаги иситиш даври 2020 йил 17 октябрдан бошланган.

Жисмоний шахслар иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўловларни иситиш давридаги тамом бўлган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечикмай амалга оширадилар (Қоидаларнинг 98-б.).

 

 

Тариф оширилмаяпти, балки оптималлашяпти

5. Иситиш учун янгича тўлов олдингидан қимматга тушмайдими?

Етказиб берувчиларнинг гапига қараганда, аслини олганда тариф эмас, тўлов тизими ўзгармоқда. Гап бу ерда тарифнинг оширилиши хусусида эмас, балки тўлов тизимини оптималлаштириш хусусида кетаётир. Шунга қарамай, иситиш учун тўлов олдингидан кўп ҳам, кам бўлиши мумкин. Илгари биз иситиш учун бутун йил давомида тенг қисмларда бўлиб, шу жумладан иситилмайдиган давр учун ҳам ҳақ тўлаганмиз. Эндиликда эса тахминан ўша суммани фақат иситиш дарида тўлаймиз. Тариф аввалларида бўлгани каби ойга эмас, балки иситиш мавсумининг бир кунига боғлаб қўйилган. Иситиш даври об-ҳаво шароитларига боғлиқ бўлади, шунинг учун сумма ҳам ёки кўп ёки кам бўлади. Тўлов ҳам шунга яраша – олдинги йилдагидан бироз юқори ёки бироз паст. Ёндашув оддий: бизга иссиқликни қанча кун узатишса, шунча кун учун ҳақ тўлаймиз-вассалом. 2018–2019 йилларда иситиш даври 135 кун, 2017–2018 йилларда – 148 кун давом этган бўлса, 2019–2020 йиллардаги иситиш даври пандемия вақтида у чўзиб юборилиши муносабати билан 165 кунни ташкил этди. Илгари КМК 2.01.01-94 «Лойиҳалаш учун иқлим ва физик-геологик маълумотлар»га мувофиқ тарифда йилда 148 сутка атрофида давом этадиган ўртача иситиш мавсуми ҳисобга олинар эди.

 

6. Иситиш даври учун тўлов ҳақи қандай ҳисобланади?*

Бу масалани эски ва янги тўлов схемалари мисолида кўриб чиқамиз.

Квартирадаги иситиладиган майдон 43,23 кв.м ни ташкил этади.

Иситиш таъминоти хизматлари учун олдинги тариф – 1 кв.м иситиладиган майдон учун иситиш даврида ойига 1 772 сўм.

Иситиш таъминоти хизматлари учун янги тариф 1 кв.м иситиладиган майдон учун иситиш даври кунига 142 сўм.

 Ҳозирча бизга 2020–2021 йиллар иситиш даврининг кунлари сони маълум бўлмагани сабабли ўртача кўрсаткични оламиз – 148 кун. Иситиш мавсумининг якуний куни белгилангандан кейин унинг кўпайиши ёки камайишига қараб тузатишлар киритилаверади.

Йил давомида иситиш тўловининг олдинги тартиби:

43,23 х 1 772 х 12 ой = 919 242,72 сўм йилда.

Иситиш мавсуми даври учун иситиш тўловининг янги тартиби:

43,23 х 142 х 148 иситиш даври кунлари = 908 521,68 сўм.

Тўлов ҳар икки ҳолда деярли бир хил.

 

Қайта режалаштириш иситиладиган майдонни кенгайтириши мумкин

7. Иситиладиган майдонга нималар киради?

Иситиладиган майдонтурар жой хоналарининг умумий майдони. Иситиш асбоблари (иситиладиган юзалар билан) ёки иссиқлик таъминотининг уй ички тизимларига уланган хоналарга бирлаштирилган ҳолда қайта режалаштирилган (иситиладиган юзалар билан) пешайвонлар, балконлар, айвонлар ва террасалар майдони иситиладиган майдон ҳажмига киради (Қоидалар 2-б. 14-хатбошиси). Яъни янги тизим бўйича биз олдинги иситиладиган майдон учун тўлаганимиз каби тўлаймиз.

 

8. Пешайвонга батарея ўрнатилган. Пешайвон иситиладиган майдон бўлиб ҳисобланадими?

Ҳа, Қоидаларнинг 2-бандига мувофиқ иситиш асбоблари уланган пешайвон майдони иситиладиган майдонга киради, бунинг учун истеъмолчи ҳақ тўлаши керак.

 

9. Квартирада қайта режалаштириш амалга оширилган. Пешайвон билан хона ўртасида пешайвонга батарея ўрнатилмаган ҳолда арка-камар ўрнатилган. Бу ҳолда пешайвон иситиладиган майдон бўлиб ҳисобланадими?

Ҳа, ҳисобланади. Қоидаларнинг 2-бандига кўра, иссиқлик таъминотининг уй ички тизимларига уланган хоналарга бирлаштирилган ҳолда қайта режалаштирилган пешайвонлар майдони иситиладиган майдон ҳажмига киради.

 

Аванс тўловлари қайта ҳисоб-китоб қилинади

10. Кам таъминланган оилалар ва пенсионерлар учун иситиш мавсумида ҳақ тўлаш оғир юк бўлади. Бу тўловни олдингидек бутун йилга тақсимлаб юбориб, 12 ой мобайнида тўлаб борса бўладими?

«Тошиссиққуввати» ДУК вакилининг сўзларига кўра мумкин. Бу ҳолда истеъмолчида иситиладиган давр учун қарзи ҳамда иситишлар оралиғи даври учун олдиндан тўлови ҳосил бўладики, бу суммани барқарорлаштириш лозим бўлади. Лекин бу истеъмолчи учун ҳисоб-китобларни мураккаблаштиради, улардаги хатолар эса етказиб берувчи билан низоларга олиб келиши мумкин.

 

11. «Тошиссиққуввати»нинг бўлинмалари иссиқлик таъминоти учун аванс тўловларини қабул қиладими? Аванс билан ҳақ тўлаганда мазкур хизматлар учун тариф ошган тақдирда истеъмолчи қўшимча тўловларни амалга ошириши лозим бўладими?

Абонентлар аванс тўловларини киритишлари мумкин. Истеъмолчи (жисмоний шахс) ушбу даврда тегишли тарифлар ошган тақдирда иссиқлик таъминоти хизматларига аванс билан тўланган тўловларга (тўлов кунидан бошлаб ўн икки ойдан ошмайдиган даврга) қўшимча тўловлар тўлашдан озод этилади.

Истеъмолчи томонидан иссиқлик таъминоти хизматларига аванс тўланганда етказиб берувчи иситиш ва иссиқ сув таъминотига тўлов пайтида амалда бўлган тарифлар бўйича тўлов ҳисобланади (аванс тўловлар муддатига, бироқ ўн икки ойдан ортиққа эмас) (Қоидаларнинг 95-б.). 

 

Уйда батареялар муздек бўлса-чи…

12. Истеъмолчи иситиш учун ҳақ тўлаётганда иссиқлик энергияси етарлича етказиб берилмаслиги, ўчириб қўйилиши, авария ҳолатини қайд этиш учун қайси қонун ҳужжатларига таяниши керак бўлади?

Уй-жой кодексининг 133-моддасида истеъмолчиларга кўрсатиладиган коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар тўланиши назарда тутилган. Қоидаларнинг XII бўлимида белгиланган давомийликдан ошувчи танаффуслар билан етказиб беришда иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўлов миқдорини ўзгартириш, иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ҳолатини аниқлаш тартиби баён этилган. Шуни қайд этиш лозимки, бу муҳим аҳамиятга эга вазият, шу сабабли ҳисоб-китоб қилиш тартиби унинг учун иссиқлик энергиясини етказиб беришга шартнома шартларида бу ўз аксини топган бўлиши лозим.

 

13. Истеъмолчига хизмат кўрсатилмаган ёки бу хизмат белгиланган нормативларга мувофиқ келмаган бўлса-ю, лекин етказиб берувчи бу унинг айби билан эмас, балки УМШнинг айби билан содир бўлганлигини рўкач қилса, мазкур ҳолда истеъмолчи ҳақ тўлаши керакми? Истеъмолчи қандай ҳаракатларни амалга ошириши лозим?

Иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ва зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги ҳолатини аниқлаш тартиби Қоидаларнинг XIII бўлими билан тартибга солинади. Истеъмолчи иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги тўғрисида етказиб берувчини ёзма шаклда ёки оғзаки тарзда хабардор қилиши зарур. Агар етказиб берувчи вазиятдан хабардор бўлмаса, у вазиятни жойига бориб текширади. Текшириш натижалари бўйича далолатнома тузилиб, уни истеъмолчи ва етказиб берувчи (ёки уларнинг вакиллари) имзолайди.

Агар томонлар масала юзасидан ягона қарорга келолмасалар, у ҳолда иссиқлик энергияси сифати қайта баҳоланади, унга маҳаллий давлат ҳокимияти органи, стандартлаштириш органлари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат ташкилотлари таклиф этилади. Иссиқлик таъминоти бўйича хизматлар учун тўлов миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш учун асос ҳисобланадиган далолатнома тузилади. Агар етказиб берувчининг белгиланган сифат нормативларига мувофиқ келувчи коммунал маҳсулотни иссиқлик таъминотининг умумий уй тизимига кирувчи қисмигача етказиб берганлиги тан олинса, бундан кейинги жавобгарлик умумий уй тармоқларининг ҳолати учун жавоб берувчи ХУМШ ёки БК зиммасига юклатилади. Бу ҳолда етказиб берувчи етказиб берилган коммунал маҳсулот учун тўловни ҳисоблайди, истеъмолчилар эса қолган масалаларни ХУМШ ёки БК билан ҳал қиладилар.

 

 

Аванс билан тўланди.

Қайта ҳисоб-китоб қандай қилинади?

14. Иситиш учун тўловнинг янги тизимида 2020 йил учун аванс тўловлари қай тарзда қайта ҳисоб-китоб қилинади?*

Юқоридаги 6-бандда келтирилган ҳисоб-китоблардан келиб чиққан ҳолда бутун 2020 йил учун иситишга аванс билан тўловлар 919 242,72 сўмни ташкил этди.

 

Бу тўловларнинг қайси қисми янги иситиш мавсуми тўловлари ҳисобига ўтади?

«Тошиссиққуввати» мутахассисларининг сўзларига кўра, олдинги иситиш мавсуми учун тўлов 2 августга қадар ҳисоблаб ёзилган, 3 августдан эса тўхтатилган.

3 августдан 31 августга қадар бўлган қолдиқ маблағларни аниқлаймиз. 

1 ой учун иситиш қиймати 76 603,56 сўмни (43,23 х 1 772) ташкил этади.

Августда 31 кун борлигини ҳисобга олган ҳолда 3 августдан иситиш қийматини ҳисоблаймиз:

76 603,56 / 31 х 29 = 71 661,39 сўм.

1 сентябрдан 31 декабрга қадар бўлган (4 ой) тўлов миқдорини ҳисоблаймиз:

43,23 х 1 772 х 4 = 306 414,24 сўм.

3–31 август ва сентябрь–декабрь учун тўловларни қўшамиз:

71 661,39 + 306 414,24 = 378 075,63 сўм.

Мазкур сумма янги иситиш мавсумида олдиндан тўлов ҳисобланади.

Бу сумма иситиш даврининг қанча кунига етади?

1 кун учун тўлов 6 138,66 сўмни (43,23 х 142) ташкил этади.

Юқорида ҳисобланган олдиндан тўлов суммасидан келиб чиқиб кунлар сонини аниқлаймиз:

378 075,63 / 6 138,66 = 61.

Тошкентда иситиш мавсуми 17 октябрдан бошланди. Демак, 2020 йилнинг охиригача иситиладиган кунлар сони 76 кундан (октябрнинг 15 куни + ноябрнинг 30 куни + декабрнинг 31 куни) иборат бўлади.

Йил охиригача 466 538,16 сўм (142 х 43,23 х 76) тўлаб қўйиш керак.

Агар олдиндан тўлов 378 075,63 сўмни ташкл этса, у ҳолда қўшимча тўлов 88 462,53 сўмни (466 538,16 – 378 075,63) ташкил этади.

 

 

*Фейсбукдаги «ХУМШ ва у билан қандай яшаймиз» гуруҳида келтирилган ҳисоб-китоблардан фойдаланилди

Прочитано: 389 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика