Ҳозирда бутун дунёда пандемия сабабли ижтимоий-иқтисодий ҳаёт тарзида бир қанча ўзгаришлар рўй бермоқда. Айниқса, жаҳон иқтисодиётида салбий кўрсаткичлар кузатилмоқда. Бу эса республикамизнинг иқтисодий барқарорлигига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
Шунга қарамай, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига амалий кўмак бериш, шунингдек пандемия сабабли юзага келаётган ҳар қандай салбий таъсирлар олдини олиш ва юмшатиш мақсадида ҳозирда мамлакатимизда бир қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу ўринда айтиш лозимки, ҳудудлардаги табиий хом ашё, ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, саноат соҳаларини жадал ривожлантириш орқали аҳолининг бандлиги, даромадлари ва турмуш даражасини янада ошириш муҳим ҳисобланиши ҳеч биримизга сир эмас.
Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида жойлашган тўқимачилик товарларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Нил Гранит» масъулияти чекланган жамияти ҳам ўз фаолиятини бугунги кун талабларига мослаштира олди. 2019–2020 йилларда корхона томонидан ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш мақсадида қарийб 7 млн АҚШ долларилик технологик асбоб-ускуналар Германия ва АҚШ давлатларидан келтирилди. Ҳозирда бу технологияларнинг тўлиқ қувват билан ишлаши натижасида қўшимча ишчи ўринлари яратилди, шунингдек, мазкур корхонанинг экспорт салоҳияти ошди. Ишлаб чиқарилган трикотаж маҳсулотари 10 дан ортиқ давлатларга, жумладан Европа давлатлари, Россия, АҚШ, Озарбайжон, Туркия ҳамда МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда.
Андижон вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.