Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 39 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

ID-картани қандай ва қаердан олиш мумкин

 

Президентнинг 22.09.2020 йилдаги ПФ-6065-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари белгиланди (Фармон матни «СБХ»нинг мазкур сони ҳужжатлар пакетида берилмоқда).

 

 

Эслатиб ўтамиз, ID-карталари 2021 йилдан бошлаб 2011 йилги намунадаги биометрик паспортлар ўрнига жорий этилади. Бунда биометрик паспорт тизимининг амалдаги инфратузилмасидан фойдаланилади.

ID-картани олиш ва алмаштириш юзасидан қуйидагиларга мурожаат қилиш мумкин:

  • Ўзбекистон фуқаролари – ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган ИИОнинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига (олиш ва алмаштириш учун) ёки давлат хизматлари марказларига (алмаштириш учун);
  • мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар – доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзилдаги МваФР бўлинмасига – олиш учун ва ўз ихтиёрига кўра хоҳлаган бундай бўлинмаларга – алмаштириш учун.
  • 2020 йил якунига қадар ЯИДХПда ID-картасини олиш учун мурожаат қилиш, электрон навбатга туриш ва онлайн тўловни амалга ошириш имкониятини жорий этишлари керак.

Карта ҳужжатлар қабул қилиб олингандан сўнг 1 иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади. ID-картасини расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.

Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга – 15 кун муддатда уларнинг яшаш манзилига борган ҳолда карта расмийлаштирилади ва кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.

Шунингдек, таъкидлаб ўтамизки:

  • ID-картасининг бланкасида эгасининг миллати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилмасдан ID-картанинг чипига киритилади;
  • ўз ID-картасини олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаган, яроқсиз ҳолга келтирган ва йўқотиб қўйган тақдирда, жаримага тортилмайди.

Бундан ташқари, ID-карталари боланинг туғилиши ФҲДЁ органи томонидан қайд этилиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим қилинганидан сўнг ота-онаси, васийлари (ҳомийлари) ихтиёрига кўра расмийлаштирилиши мумкин. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома эса ID-картасини олиш учун мурожаат этилганда ФҲДЁнинг ягона электрон архиви орқали олиниши мумкин.

Такрорлаймиз, биометрик паспортлари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномаларини ID-карталарига алмаштириш икки босқичда амалга оширилади:

  • 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабрга қадар – ихтиёрийлик асосида 16 ёшга тўлганда ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган бошқа сабабларга кўра;
  • 2023 йил 1 январдан 2030 йил 31 декабрга қадар – мажбурий тартибда.

Яъни амалдаги биометрик паспорт ва Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низом 2030 йил 31 декабргача ҳақиқийдир. 2011 йилги намунадаги биометрик паспорт 2031 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 23.09.2020 йилдан кучга кирди. 

 

 

 

Ўлчовли ёмбилар ва қимматбаҳо тангаларни олиб чиқишга рухсат берилди

 

Бу Президентнинг «Қимматбаҳо металлар муомаласини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (22.09.2020 йилдаги ПФ-6066-сон) назарда тутилган. 

 

Жисмоний шахслар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбилар ва Марказий банкнинг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларини мамлакатимиз ҳудудидан ташқарига чекловларсиз олиб чиқиш ҳуқуқига эга бўлишди. Бунда 2 та шарт мавжуд:

  • тегишли сертификатлар мавжуд бўлиши;
  • олиб чиқишнинг меъёридан ошган тақдирда – мажбурий равишда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш.

Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси Молия вазирлиги тасарруфига ўтказилганлиги муносабати билан Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги тугатилади. Унинг ўрнига МБнинг марказий аппарати тузилмасида Қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш хизмати ташкил этилади. У Марказий банк томонидан халқаро резервларни бошқариш операциялари доирасида сотиб олинадиган ва сотиладиган қимматбаҳо металларни ҳамда сақланаётган бошқа қимматликларни қабул қилиш, сақлаш, жўнатиш ва ҳисобини юритиш билан шуғулланади. У томондан кўрсатилган мақсадларда фойдаланиладиган бино ва объектлар ўта муҳим объектлар тоифасига киради ва тегишлича муҳофаза қилинади. Марказий банк тугатилаётган Агентликнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Бир ой муддатда ҳудудларга биржа савдоларида сотиладиган қимматбаҳо металларни етказиб бериш механизмини жорий этишлари керак.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 23.09.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Бўстонлиқдаги бўш турган объектлар «e-ijro auksion» орқали сотилади

 

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Бўстонлиқ туманидаги бўш турган, фойдаланилмаётган ҳамда самарасиз фойдаланилаётган объектлар ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш, улар негизида туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор (17.09.2020 йилдаги 560-сон) қабул қилинди.

 

Ҳужжат Президентнинг 28.08.2020 йилдаги «Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-6053-сон Фармонини амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қарор билан:

  • замонавий туризм инфратузилмаси ­объектларини барпо этиш шарти билан «E-Ijro auksion» электрон савдо майдончаси орқали сотиладиган давлат мулки объектлари рўйхати (1);
  • замонавий туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш ва инвестиция киритиш шарти билан Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик), молиявий ташкилотлар ва инвесторлар ўртасида тузиладиган уч томонлама ҳамкорлик шартномаси асосида инвесторларга «ноль» харид қийматида сотиладиган давлат мулки объектлари рўйхати (2);
  • вазирликлар ва идоралар ҳамда давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик жамиятларига қарашли бўш турган ва хусусий секторга «E-Ijro auksion» электрон савдо майдончаси орқали сотиладиган давлат мулки объектлари рўйхати (3);
  • Бўстонлиқ тумани ҳудудида муҳандислик-коммуникация ва экологияни муҳофаза қилиш инфратузилмасини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Белгиланишича, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун сотиб олинган объектлар ва ер участкаларига бўлган эгалик ҳуқуқлари инвесторларга, истисно тариқасида, Тошкент вилояти ҳокимининг алоҳида қарори қабул қилинмасдан расмийлаштириб берилади.

1-3-рўйхатларга киритилган объектларни балансда сақловчи ташкилотлар раҳбарлари бино ва иншоотлар сотилгунга қадар уларнинг ўзгага берилмаслиги ва бутлигини таъминлаш учун шахсан масъул ҳисобланади. Мазкур объектларни сотишдан тушадиган маблағлар (баҳолаш ва хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш харажатларидан ташқари) Тоғли ва олис ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

Агентликка бир ой муддатда:

  • «Чорвоқ» эркин туристик зонаси Дирекцияси ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги билан биргаликда ­1-3-рўйхатлар бўйича объектларни савдога чиқариш;
  • Касаба уюшмалари федерацияси, Халқ таълими вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда болалар соғломлаштириш оромгоҳларини самарали бошқариш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

10 кун муддатда Бўстонлиқ туманида дам олиш учун енгил конструкцияли кўчма қурилмалар жойлаштириладиган ер участкалари «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекциясига олинади, 20 кун муддатда эса улар «E-Ijro аuksion» электрон савдо майдончасининг савдоларига қўйилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.09.2020 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.

 

 

Давлат қарзига кафолат жамғармаси хизмат кўрсатади

 

Вазирлар Маҳкамаси 21.09.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузурида Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича Кафолат жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 573-сон қарорни қабул қилди. 

 

Қарор билан Кафолат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низом билан қуйидагилар белгиланган:

  • Кафолат жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари ҳамда улардан фойдаланиш йўналишлари;
  • давлат қарзи ҳисобига молиялаштирилган лойиҳа ва дастурлар бўйича қарздор ташкилотлар ёки қайта молиялаштирувчи банклар ўз қарз тўловларини вақтида ва тўлиқ амалга оширмаган ҳолатларда мазкур қарздорликни қарздор ташкилотлардан ундириш шарти билан Кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш амалга оширилади. Бунда Кафолат жамғармаси маблағлари етарли бўлмаган тақдирда қарз Ўзбекистон Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланади;
  • Кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобига қарздорликни қоплаш ва Кафолат жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланган маблағларни қарздордан ундириш тартиби;
  • Кафолат жамғармасининг бўш турган маблағларини вақтинча депозитга жойлаштириш, чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш ҳамда юқори ликвидли қимматли қоғозларга инвестиция қилиш орқали самарали бошқариш тартиби;
  • Кафолат жамғармаси маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартиби.

Ҳужжат билан белгиланишича, Кафолат жамғармаси маблағлари ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланган қарздорлик, ҳисобланган пеня ва жарима тўловлари қарздор ташкилотлар ёки қайта молиялаштирувчи банклар томонидан мос равишда Кафолат жамғармаси ёки Давлат бюджетига қайтарилади.

Давлат қарзи ҳисобига молиялаштирилган лойиҳа ва дастурлар бўйича қарздор ташкилотлар ёки қайта молиялаштирувчи банклар:

  • ҳар йили кейинги молия йили учун шакллантириладиган бизнес режа ёки харажатлар сметаларида қарз тўловлари билан боғлиқ харажатларни мажбурий равишда назарда тутади;
  • қарзларни ўз вақтида тўлаш мақсадида қўшимча даромад манбаларини аниқлаштириб боради.

Молия вазирлигига манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 15 ноябрга қадар ушбу қарор мазмунидан келиб чиқиб Бюджет кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш топширилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 22.09.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Баҳодир Бухорий. 

 

 

 

Ипотека кредитларини соддалаштирилган тарзда бериш бўйича тажриба бошланди

 

Вазирлар Маҳкамасининг «Якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва қайта қуриш учун ипотека кредити ажратишнинг соддалаштирилган тизимини жорий қилиш тўғрисида» қарори (21.09.2020 йилдаги 576-сон) қабул қилинди.

 

Ҳужжатни қабул қилишдан мақсад Президентнинг «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонини (28.11.2019 йилдаги ПФ-5886-сон) амалга ошириш, шунингдек ипотека кредити ажратишни соддалаштириш ҳисобланади.

Ҳужжатга асосан, Андижон вилоятининг Андижон шаҳри, Қўрғонтепа ва Шаҳрихон туманларида «Ипотека-банк» АТИБ ва «Қишлоқ қурилиш банк» АТБлар томонидан аҳолига ипотека кредитлари ажратишда тажриба тариқасида:

  • мижознинг танловига кўра, хўжалик усулида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш учун ипотека кредити қарз олувчининг банк пластик карточкасига босқичма-босқич ўтказиш йўли билан ажратилишига;
  • қурилиш даври учун 6 ой имтиёзли давр белгиланишига;
  • кредитнинг мақсадли ишлатилишини банк ва қарз олувчи ўртасида дастлаб имзоланган уй-жой қурилишини бажариш режа-жадвали асосида бажарилган ишлар сифатида қабул қилишга;
  • кредит ажратиш учун якка тартибдаги уй-жойларнинг тегишли лойиҳа ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда асосий турдаги қурилиш материаллари қиймати асос сифатида қабул қилинишига;
  • якка тартибдаги уй-жойларнинг молиявий смета ҳисоб-китобининг 10%и миқдорида бошланғич бадал сифатида қарз олувчининг маблағлари, мавжуд қурилиш материаллари, ишчи кучи ва бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қабул қилинишига рухсат берилди.
  • қарз олувчининг кредитга лаёқатлилигини ҳисоблашда қуйидагиларни инобатга олишга:
  • даромадлари тўғрисида камида охирги 3 ой учун иш жойидан берилган маълумотномалар;
  • иш берувчи томонидан берилган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар;
  • пенсия тўловлари;
  • фоизлар;
  • дивидендлар;
  • мол-мулкни ижарага беришдан олинган доимий тарздаги даромадлар;
  • халқаро пул ўтказмалари тизими орқали келиб тушган маблағлар;
  • қонунчиликда тақиқланмаган бошқа даромадлар;
  • кредитнинг мақсадли ишлатилишини банк ва қарз олувчи ўртасида дастлаб имзоланган уй-жой қурилишини бажариш режа-жадвали асосида бажарилган ишлар сифатида қабул қилишга;
  • кредит ажратиш учун якка тартибдаги уй-жойларнинг тегишли лойиҳа ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда асосий турдаги қурилиш материаллари қиймати асос сифатида қабул қилинишига;
  • якка тартибдаги уй-жойларнинг молиявий смета ҳисоб-китобининг 10%и миқдорида бошланғич бадал сифатида қарз олувчининг маблағлари, мавжуд қурилиш материаллари, ишчи кучи ва бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қабул қилинишига рухсат берилди.

«Ипотека-банк» АТИБ ва «Қишлоқ қурилиш банк» АТБга мазкур механизмдан келиб чиққан ҳолда, ўзининг ички низомларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тавсия этилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.09.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Лола Абдуазимова.

Прочитано: 569 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика